Солиқлар ва мажбурий тўловларни ўз вақтида тўлаб келаётганлиги ҳамда ишлаб чиқаришнинг барқарор ўсиш суръатларини таъминлагани учун 2015 йил текширишлар режа-жадвалидан чиқарилган кичик тадбиркорлик субъектларининг рўйхати Давлат солиқ қўмитаси сайтида эълон қилинди.
Нашримизда чоп этилган материалда айтилганидек, текширувлар режа-жадвали Назорат қилувчи органлар фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Республика кенгаши томонидан бутун йил учун тасдиқланади. Йил мобайнида режа-жадвалга Кенгашнинг қарорларига мувофиқ ўзгартиришлар киритилиши мумкин. Бунга асосан назорат қилувчи органлар ва хўжалик юритувчи субъектларнинг мурожаатлари асос бўлиб хизмат қилади.
Кенгашга субъектнинг ҳолати (тугатилиши) ёки унинг ҳуқуқий мақоми (мазкур субъектнинг бошқа субъектга бирлашиши) ўзгарганлиги тўғрисидаги ахборотга асосланган мурожаат келиб тушганда, субъект текширувлар режа-жадвалидан чиқарилиши мумкин.
Шунингдек текширувлар режа-жадвалидан субъект ёки айрим назорат қилувчи органларнинг иштироки, башарти мазкур субъектни текшириш қўзғатилган жиноий иш доирасида ўтказилганлиги тўғрисида ахборот келиб тушса, режали тартибда текширув ўтказишга зарурат қолмаслиги туфайли бутунлай чиқариб ташланиши мумкин.
Айрим назорат қилувчи органнинг иштирокини чиқариб ташлаш субъект фаолиятини ёки текширилиши лозим бўлган фаолият соҳаларидан бирини тўхтатганда ва назорат қилувчи орган бу ҳақда мурожаат қилган тақдирда амалга оширилади.
Мавзу бўйича материаллар:
Текширишларни рўйхатга олиш китоби онлайн-режимда ишлайди
Бизнес йўлига ғов бўлиш қимматга тушиши мумкин
Йиллик текширувлар режа-жадвали тасдиқланди