«Бухгалтер бўлиб ишлайман. Директор мени бош бухгалтер лавозимига ўтказишини айтди. Бошқа ишга ўтишни истамайман. Директор менинг розилигимсиз бошқа ишга ўтказиши мумкинми?». Ўқувчининг саволига меҳнат ҳуқуқи бўйича «Норма» эксперти Ленара ХИКМАТОВА жавоб беради:
– Дастлаб директор доимий ёки вақтинча бошқа ишга ўтказмоқчилигини аниқлаш лозим.
Бошқа доимий ишга ўтказишга (ходимнинг меҳнат вазифаларини ўзгартиришга) – унга бошқа мутахассислик, малака, лавозимга оид ишни топширишга фақат унинг розилиги билан йўл қўйилиши мумкин.
Бу ҳолда иш берувчи ходим билан тузилган меҳнат шартномасига тегишли ўзгартиришлар киритиш тўғрисида қўшимча келишув тузиши керак. Ушбу ўзгартиришлар бошқа доимий ишга ўтказиш тўғрисида буйруқ чиқариш учун асос ҳисобланади.
Диққат! Ходим қўшимча келишув ва буйруқни имзоламаса, ҳатто кўпроқ иш ҳақи тўланадиган юқорироқ лавозим ҳақида сўз бораётган бўлса ҳам, иш берувчи уни бошқа доимий ишга ўтказишга ҳақли эмас.
Бошқа ишга ўтказиш иш берувчининг мажбурияти бўлса
Муайян ҳолатларда иш берувчи ўз хоҳишидан қатъи назар ходимга мутахассислиги ва малакасига мувофиқ келадиган ишни (ходим бажараётган ишига ёки эгаллаб турган лавозимига номувофиқ бўлса, мутахассислиги бўйича бирмунча кам малака талаб этиладиган бошқа ишни), бундай иш бўлмаган тақдирда эса, – корхонада мавжуд бўлган бошқа ишни таклиф этиши шарт.
Унга қуйидаги ҳолатлар киради:
1) технологиядаги, ишлаб чиқариш ва меҳнатни ташкил этишдаги ўзгаришлар, ходимлар сони (штати) ёки иш хусусиятининг ўзгаришига олиб келган ишлар ҳажмининг қисқарганлиги ёхуд корхонанинг тугатилганлиги;
2) ходимнинг малакаси етарли бўлмаганлиги ёки соғлиғи ҳолатига кўра бажараётган ишига нолойиқ бўлиб қолиши;
3) корхона раҳбари, унинг ўринбосарлари, бош бухгалтер билан, корхонада бош бухгалтер лавозими бўлмаган тақдирда эса, бош бухгалтер вазифасини амалга оширувчи ходим билан тузилган меҳнат шартномаси мулкдорнинг алмашиши сабабли бекор қилинганлиги;
4) шу ишни илгари бажариб келган ходим ишга тикланганлиги, шунингдек Олий Мажлиснинг Қонунчилик палатаси депутати ва Сенатида доимий асосда ишлаган Сенат аъзоси ваколатлари муддати тугаганлиги ёки Олий Мажлиснинг Қонунчилик палатаси ҳамда Сенати тарқатиб юборилганлиги муносабати билан аввалги лавозимига (ишига) қайтганлиги.
Ходим таклиф этилаётган ишга ўтишдан бош тортган ёки корхонада мувофиқ келадиган иш бўлмаган тақдирда, меҳнат шартномаси умумий асосларда бекор қилиниши мумкин.
Buxgalter.uz да батафсил ўқинг.