Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
29 ва 137-кодлар бўйича ҳисоботни жорий этишдаги қийинчиликларни қандай бартараф этиш мумкин Фойда солиғини ҳисоблашда хизмат автомобили харажатларини қандай ҳисобга олиш керак Умумий овқатланиш корхонасида маҳсулотлар (хом ашё) ва товарлар қандай ҳисобга олинади Умумий овқатланиш корхонаси, туроператорлар ва меҳмонхоналар бюджетга тўланган ҚҚСнинг бир қисмини қандай қайтариб олиши мумкин

Бош бухгалтернинг меҳнати қанчага баҳоланади?

12.07.2018

Рус тилида ўқиш

Бугунги кунда 10–15 миллион сўм иш ҳақи оладиган бош бухгалтерлар кам эмас. Шу билан бирга, бир миллион сўм атрофида маош оладиганлари ҳам бор. «Баланс плюс» консалтинг компанияси бош директори Ольга Игамратова бош бухгалтерларнинг меҳнат ҳақи миқдори ҳақидаги фикрлари билан ўртоқлашди.  

 

Қайси маош қониқарли ҳисобланади?


Бош бухгалтер – нафақат ташкилотнинг энг муҳим бўлинмаларидан бирига раҳбарлик қилувчи, балки қўл остидагилар орасида тақсимлаб берилмаган бутун иш ҳажмини бажарувчи мутахассис. 


Бош бухгалтер қанча маош олиши керак? Бу саволга аниқ жавоб бериб бўлмайди, ҳаммаси унинг иш ҳажмига қараб белгиланади. Қуйидаги омиллар нуқтаи назаридан қараб, муайян мутахассис меҳнатига муносиб ҳақ тўланаётгани ҳақида хулосага келиш мумкин:

  • корхона обороти;
  • бош бухгалтер бажарадиган иш ҳажми;
  • иш берувчининг талаблари ва мутахассиснинг малакаси.

 

Иш берувчи иккита қурилиш фирмасига хизмат кўрсатиш учун ойига 800 минг сўмдан ортиқ маош таклиф этса – бу камлик қилиши аниқ. Кадрлар агентликлари тадбиркор билан ҳамкорлик қилмай қўядилар.

 

Шу билан бирга, айтайлик, янги иш бошлаган, ҳозирча кундалик сотиш ҳажми ўрта ҳисобда 20 чашка қаҳвадан ошмаётган қаҳвахонага хизмат кўрсатадиган мутахассисга 400 минг сўм маош таклиф этсалар, уни муносиб деб ҳисоблаш мумкин. Бунда бош бухгалтер ҳамма ишни уйда бажаради, иш берувчи билан учрашиш ва тегишли органларга ҳисоботларни топшириш учун ойига икки-уч соат сарфлайди. 

 

Бош бухгалтер керак


Бўш иш ўринлари таклиф этиладиган аксарият сайтлардаги ахборотга кўра, бугунги кунда иш берувчи бош бухгалтерга 2 млн сўмдан 8 млн сўмгача тўлашга тайёр. 5 млн сўмгача бўлган иш ҳақи тўлаш таклифи жуда кўп учрайди. Аксарият ҳолларда талабгорни беш-олти тўлиқ иш куни, ойлик обороти бир неча миллиард сўмни ташкил этадиган, солиқ солишнинг соддалаштирилган чизмасини қўлловчи корхона кутади. Иш ҳажмига қараб, бош бухгалтерга ёрдамчилар тайинланиши мумкин. Масалан, истеъмолчилар ва етказиб берувчилар билан кўп шартнома тузиладиган корхонада етказиб берувчилар билан ишловчи бухгалтер бўлади ва ҳоказо.

 

Иш юкламасини аниқлашда иш хронометражи, яъни топширилган иш ҳажмини бажариш учун мутахассисга зарур бўладиган вақт муҳим ўрин тутади. Бош бухгалтер бутун ҳажмни уддалай олмаган ҳолда ёрдамчилар кўзда тутилади.Шунингдек иш ҳажми кам бўлганда номзодга ушбу касб вакилларига хос бўлмаган бошқа ишни юритишни таклиф этишлари мумкин. Кўпинча кадрлар ишини юритиш, ҳамкорлар билан шартномалар тузиш ва бошқа ишлар юклатилади. Келгусида тушунмовчилик юзага келмаслиги учун суҳбат чоғида бўлажак ишнинг барча жиҳатларини келишиб олиш тавсия этилади.

 

Меҳнат тақсимоти нуқтаи назаридан Халқаро сифат менежменти стандартларига қатъий мувофиқликда ишловчи корхоналар жуда жозибали кўринади.

 

Иш ҳақи 10 млн сўм ва ундан юқори бўлган бош бухгалтерларни асосан кадрлар агентликлари ёрдамида топадилар. Ушбу мутахассисларга катта талаб қўйилади. Даъвогар фақатгина зиммасига юклатилган барча техник ишларни бажара оладиган бухгалтер бўлиши керак эмас. Ушбу мутахассислар кўпинча бухгалтерия ҳисоби ва солиқ солишни мақбуллаштириш масалалари бўйича раҳбарнинг ишончли маслаҳатчиси ролини бажарадилар.

 

Номзодга қўйиладиган талаблар


Барча бош бухгалтерлар мувофиқ келиши шарт бўлган муайян минимум мавжуд, уни замон талаби тақозо этади. Мутахассис бухгалтерия ҳисобини, шу жумладан ўзига хос, корхонанинг фаолият соҳаси (умумий овқатланиш, улгуржи савдо, чакана савдо, қурилиш ва ҳ.к.) билан боғлиқ бўлган Ўзбекистон қонунчилигини билиши шарт. Бош бухгалтер солиқ ва статистика ҳисоботларини тузиш ва топширишни, компания ҳисоб сиёсатини шакллантиришни билиши зарур. Ташқи иқтисодий фаолият жадаллашгани боис ҳатто ушбу ишга қўл урмоқчи бўлган корхоналар ҳам ТИФ соҳасида ишлай оладиган мутахассисларни ишга қабул қилишни афзал кўрмоқдалар. 1С: бухгалтерия, офис дастурларини билиш, «Банк-мижоз» дастури билан ишлай олиш принципиал талаб саналади. Айрим вакансияларда ўзбек ва рус тилини билиш талаб этилади. Хорижий инвестициялар иштирокидаги ёки фаол ташқи иқтисодий фаолият юритиладиган корхоналарда хорижий тилларни билиш талаб қилиниши мумкин.          

 

Даъвогарларда иш стажининг мавжудлиги асосий талаблардан бири ҳисобланади. Бухгалтерия соҳасидаги уч ва ундан ортиқ йиллик иш тажрибаси оптимал вариант саналади.

Иш берувчи номзодни танлаши учун чиройли резюменинг ўзи етарли эмас. Одатда, иш берувчи махсус сервислар ёрдамида номзодни синовдан ўтказишга ҳаракат қилади. bir.uz бухгалтерлар малакасини баҳолаш тизими ана шундай дастурлардан бири ҳисобланади.


Кўп иш берувчилар номзоднинг ташқи кўринишига эътибор берадилар. Иш берувчи учун номзоднинг руҳан етуклиги муҳим аҳамиятга эга, бу жамоада ишлай олиши, қўйилган вазифаларга ишонч билан эришишида қўл келади.

Олег Гаевой суҳбатлашди.


 

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info! Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_

Валюталар курси

2024-12-20
  • USD:12875.06 (+0.00) сум
  • EUR:13406.80 (+0.00) сум
  • RUB:124.75 (+0.00) сум