1 апрель жисмоний шахслар йил якунларига кўра олган даромадлари тўғрисида ҳисобот беришлари керак бўлган сўнгги кун. Кимларгадир солиқ декларациясини тақдим этиш – одатий таомил. Бироқ амалиётда кўпчилик масалани ечишда мураккабликларга тўқнаш келади – декларация топшириши керакми-йўқлигини била олмайди. Шу сабабли декларациянинг ўзи нималигини, ушбу таомил кимлар учун мажбурийлигини, у қандай ва қайси муддатларда топширилишини, унда қандай маълумотларни акс эттириш кераклигини аниқлашга уриниб кўрамиз.
- www.norma.uz
- Бизнинг шарҳлар
- Даромадларни декларациялаймиз
Даромадларни декларациялаймиз
09.03.2017
Солиқ декларацияси – расмий ҳужжат бўлиб, унинг воситасида жисмоний шахслар олган даромадлари суммалари ҳақида ҳисобот топширадилар. Ушбу ҳужжат асосида бюджетга тўланиши лозим бўлган солиқ миқдори устидан давлат назорати амалга оширилади.
ДЕКЛАРАЦИЯНИ КИМ ТОПШИРАДИ?
Декларацияда акс эттирилган даромадларга жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи (ЖШДС) солинади. Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, хорижий давлатлар фуқаролари, шунингдек фуқаролиги бўлмаган шахслар солиқнинг ушбу турини тўловчилар ҳисобланади. Декларация асосида Ўзбекистон Республикаси резидентлари бўлган жисмоний шахсларнинг даромадларига ЖШДС солинади. Шу сабабли фақат резидент жисмоний шахслар декларацияни тақдим этишга ҳақли, айрим ҳолларда эса мажбур бўладилар.
КИМ РЕЗИДЕНТ ҲИСОБЛАНАДИ?
Ўзбекистон Республикасида жисмоний шахснинг резидентлиги унинг фуқаролигига боғлиқ эмас. Шахснинг Ўзбекистон ҳудудида доимий ёхуд вақтинча бўлиши далили уни резидентликка киритишга асос ҳисобланади, бу ички ишлар органларининг рўйхатидан ўтганлиги билан тасдиқланади.
Агар жисмоний шахс рўйхатга олинганига кўра жорий солиқ даврида якунланаётган ҳар қандай кетма-кетликдаги 12 ойлик давр ичида жами 183 кун ва ундан ортиқ муддат Ўзбекистон Республикасида турган бўлса, резидент деб ҳисобланади.
Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг резидентлиги унинг Ўзбекистон Республикасида доимий рўйхатдан ўтганлиги (пропискаси) билан боғлиқ.
МИСОЛ. Чет эллик фуқаро контракт асосида ишлаш учун 2016 йил 1 сентябрда Ўзбекистонга келди. 2017 йил январда Ўзбекистон ташқарисига 20 кунга чиқиб кетиб, қайтиб келди.
Чет эллик фуқаро Ўзбекистон ҳудудида жами 194 кун турди (2017 йил январда 20 кунни чегириб, 1.09.2016 йилдан 1.04.2017 йилгача ҳисоблаганда). Бинобарин, у солиқ солиш мақсадида Ўзбекистон резиденти ҳисобланади. Шу сабабли 2016 йилда олинган даромадлар бўйича 2017 йил 1 апрелдан кечиктирмасдан декларация тақдим этиши керак.
Чет эллик жисмоний шахс қуйидаги ҳолларда Ўзбекистон резиденти деб эътироф этилмайди:
а) жорий солиқ даврида якунланаётган ҳар қандай кетма-кетликдаги 12 ойлик давр ичида жами 183 кундан кам муддат республикада турган бўлса;
б) Ўзбекистон Республикасида қуйидагилар сифатида турган вақтига қарамай:
дипломатик ёки консуллик мақомига эга бўлган шахс ёхуд бундай шахснинг оила аъзоси сифатида, бунда тадбиркорлик фаолиятини амалга оширмаган тақдирда;
Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасига кўра тузилган халқаро ташкилотнинг ходими сифатида;
фақат бир чет давлатдан бошқасига Ўзбекистон Республикаси ҳудуди орқали ўтаётган (транзит ўтиш) шахс сифатида;
агар бу жисмоний шахс Ўзбекистонда фақат турист сифатида, даволаниш ёки дам олиш мақсадлари билан турган бўлса.
КИМ ЎЗ ДАРОМАДЛАРИНИ ДЕКЛАРАЦИЯЛАШИ КЕРАК?
Қуйидаги жисмоний шахслар ўз даромадларини декларациялаши керак:
● мулкий даромадлар олган, агар уларга тўлов манбаида солиқ солинмаган бўлса;
● фан, адабиёт ва санъат асарларини яратганлик ҳамда улардан фойдаланганлик учун муаллифлик ҳақи тариқасида даромадлар олган;
● асосий бўлмаган иш жойидан моддий наф тарзидаги даромадлар олган;
● икки ёки ундан кўп манбадан даромадлар олган;
● Ўзбекистон Республикасидан ташқаридаги манбалардан даромадлар олган;
● солиқ агентлари бўлмаган манбалардан даромадлар олган;
● Ўзбекистон резидентига айланган чет эллик жисмоний шахслар.
Маълумот учун. Солиқ тўловчига тўловларни амалга оширувчи юридик шахс тўлов манбаи ҳисобланади (Солиқ кодексининг 22-моддаси).
ДЕКЛАРАЦИЯ ҚАЙСИ МУДДАТЛАРДА ТАҚДИМ ЭТИЛАДИ?
Жисмоний шахснинг жами йиллик даромади тўғрисидаги декларация тегишли даромад олинган йилдан кейинги йилнинг 1 апрелидан кечиктирмай тақдим этилади. Агар 1 апрель дам олиш ёки ишланмайдиган байрам кунига тўғри келса, декларация ундан кейинги иш кунидан кечиктирмай тақдим этилиши шарт.
Декларация топширишнинг ушбу муддати барча жисмоний шахсларга, шу жумладан ўз даромадларини ихтиёрий равишда декларацияламоқчи бўлганларга тааллуқли.
Чет эллик жисмоний шахс – резидент Ўзбекистон Республикасидаги фаолиятини календарь йил ичида тугатган ва унинг ҳудудидан ташқарига доимий яшаш учун чиқиб кетаётган бўлса, турган вақтдаги даврида олган даромадларини декларациялаши лозим. У декларацияни хорижга чиқиб кетишидан 1 ой аввал тақдим этиши шарт.
Жорий йилнинг 1 февралига қадар доимий яшаш учун хорижга чиқиб кетаётган чет эллик шахслар жорий йил учун даромадлар бўйича декларация тақдим этмайдилар.
Жами даромад тўғрисида декларация тақдим этиш муддатлари
|
|
Жисмоний шахслар – Ўзбекистон резидентлари
|
ҳисобот йилидан кейинги йилнинг 1 апрелидан кечиктирмай
|
Жорий йилнинг 1 апрелигача Ўзбекистон резидентлари бўлган чет эллик жисмоний шахслар
|
|
Фаолиятини тугатган ва Ўзбекистондан ташқарига чиқиб кетаётган чет эллик жисмоний шахслар – Ўзбекистон резидентлари
|
чиқиб кетишидан 1 ой аввал
|
ДЕКЛАРАЦИЯГА ҚАНДАЙ ҲУЖЖАТЛАР ИЛОВА ҚИЛИНАДИ?
Жисмоний шахснинг жами йиллик даромади тўғрисидаги декларацияга белгиланган шаклдаги тўланган даромадлар ва ушлаб қолинган ЖШДС суммалари ҳақидаги маълумотнома (АВ томонидан 22.03.2013 йилда 2439-сон билан рўйхатдан ўтказилган) илова қилинади.
Икки ва ундан ортиқ даромад манбаига эга бўлса, барча манбалардан маълумотнома тақдим этиш зарур.
Грант олган жисмоний шахслар декларацияни топшираётганда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Фан ва технологияларни ривожлантиришни мувофиқлаштириш қўмитасининг тегишли хулосасини ҳам тақдим этишлари керак.
ЭКИҲнинг 4 бараварини чегириш тарзидаги имтиёзга ҳақли бўлган шахслар (Солиқ кодексининг 180-моддаси 2-қисми) имтиёзга бўлган ҳуқуқни тасдиқловчи ҳужжатни тақдим этишлари ва декларацияда кўрсатишлари лозим.
Мол-мулкни (автотранспорт, бино ва иншоотлар, турар ва нотурар жойлар) ижарага берувчи жисмоний шахслар ижара шартномалари нусхаларини декларацияга илова қилишлари шарт.
Мамлакатдан ташқаридаги манбалардан олинган даромадлардан солиқни ҳисобга олиш ҳуқуқига эга бўлган шахслар ушбу даромадлардан тўланган солиқ суммалари ҳақида чет давлат ваколатли органи тасдиқлаган маълумотномани тақдим этадилар.
Фан, адабиёт ва санъат асарларини яратганлик ҳамда улардан фойдаланганлик учун муаллифлик ҳақи тариқасида даромадлар олган шахслар уларни яратиш ва улардан фойдаланиш учун зарур материаллар олиш, бино ва мол-мулк ижарасига доир харажатларни (олинган жами даромад суммасининг 30%идан кўп эмас) чегиришга ҳақлилар. Ушбу харажатлар ҳужжатлар: НКМ ёки терминал чеклари, квитанциялар, шартномалар, ҳисобварақ-фактуралар ва ҳ.к. билан тасдиқланган бўлиши керак.
Фавқулодда вазиятлар, воқеалар (ҳолатлар) муносабати билан моддий ёрдам олган жисмоний шахслар ваколатли органлар берган тегишли ҳужжатларни, масалан, табиий офат далили тасдиқланган ФВВ ёки бошқа ихтисослаштирилган хизматларнинг маълумотномаларини, ўлим тўғрисидаги гувоҳнома нусхасини ва бошқаларни илова қилишлари шарт.
ДЕКЛАРАЦИЯНИ ҚАНДАЙ УСУЛЛАРДА ТАҚДИМ ЭТИШ МУМКИН?
Декларация бевосита жисмоний шахс рўйхатдан ўтган жойдаги солиқ органига, почта орқали буюртма хат шаклида, шунингдек электрон шаклдаги ахборот тарзида ва Интернет тармоғи орқали тақдим этилиши мумкин.
Декларация солиқ органига шахсан тақдим этилганда ДСИнинг тегишли бўлинмасига топширилади.
Почта орқали юборилаётган декларация конвертга солинади ва солиқ тўловчи рўйхатдан ўтказилган жойдаги ДСИ манзилига жўнатилади.
Электрон ҳужжат тарзида тайёрланган декларацияни солиқ тўловчи бевосита ёки ахборот воситачиси (электрон ҳужжатлар айланмаси билан боғлиқ хизматларни кўрсатувчи юридик шахс) орқали жўнатиши мумкин. У электрон рақамли имзо билан тасдиқланади, бунда белгиланган шакл тўлиқ тўлдирилган бўлиши керак.
Декларацияни ЎзР ДСҚнинг soliq.uz расмий сайтида жойлаштирилган «Электрон солиқ декларациялари» интерактив хизмати ёрдамида телекоммуникацион алоқа каналлари орқали ҳам жўнатиш мумкин.
Декларацияни электрон кўринишда тақдим этган солиқ тўловчи унинг қоғоз кўринишидаги нусхасини топширишга мажбур эмас.
СОЛИҚ ТЎЛАШ МУДДАТЛАРИ
Жисмоний шахслар
|
Солиқ тўлаш муддатлари
|
Ўзбекистон резидентлари, шу жумладан чет эллик жисмоний шахслар, шунингдек мол-мулкни ижарага беришдан даромадлар олувчилар
|
ўтган йилдан кейинги йилнинг 1 июнидан кечиктирмай
|
Дастлабки декларация асосида (ойлик тўловлар) мол-мулкни ижарага беришдан даромад олувчилар
|
даромад олинган ойдан кейинги ойнинг 5-кунигача
|
Чет эллик жисмоний шахслар – ЎзР резидентлари фаолиятини тугатган ва Ўзбекистондан ташқарига чиқиб кетаётганда (жорий йил учун даромадлари тўғрисида)
|
декларация топширилган пайтдан эътиборан 15 кун ичида
|
Солиқ тўланган сана қуйидагилардир:
банкдаги ҳисобварақдан тўланган тақдирда – банкдаги ҳисобварақлардан маблағлар ҳисобдан чиқарилган кун;
нақд пул маблағлари киритилган тақдирда – банк кассасига маблағлар тўланган сана.
Ўзбекистон резидентлари солиқни хорижий давлатда жойлашган банк ҳисобварағидан чет эл валютасида тўлашга ҳақлилар. Бунда сўмдаги ЖШДС суммаси тўлов санасидаги Марказий банки курси бўйича чет эл валютасида қайта ҳисоблаб чиқилади.
ЖШДС солиқ органи тўлов хабарномасида кўрсатган муддатда тўланган бўлиши керак. Солиқни тўлаш муддатларини бузиш тўловнинг белгиланган муддатидан кейинги кундан эътиборан муддати ўтказиб юборилган ҳар бир кун учун, тўлов куни ҳам шунга киради, 0,033% миқдорида пеня ҳисоблашга сабаб бўлади. Пеня миқдори солиқ бўйича қарз суммасидан ошиб кетиши мумкин эмас (Солиқ кодексининг 120-моддаси).
СОЛИҚ ҚАНДАЙ СТАВКАЛАРДА ҲИСОБЛАБ ЧИҚАРИЛАДИ?
2016 йилги жами даромаддан ЖШДСни ҳисоблаб чиқариш учун қуйидаги шкала қўлланади (27.12.2016 йилдаги ПҚ-2699-сон қарорга 9-илова):
2016 йил декабрь учун жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғини ҳисоблаш шкаласи
|
|
Солиқ солинадиган даромад миқдори
|
Солиқ ставкаси
|
1 562 880 сўмгача
|
даромад суммасидан 0%
|
1 562 881 сўмдан 7 814 400 сўмгача
|
1 562 880 сўмдан ортиқ сумманинг 7,5%и
|
7 814 401 сўмдан 15 628 800 сўмгача
|
468 864 сўм + 7 814 400 сўмдан ортиқ сумманинг 17%и
|
15 628 801 сўм ва ундан юқори
|
1 797 312 сўм + 15 628 800 сўмдан ортиқ сумманинг 23%и
|
Шкала 2016 йил 1 январдаги ҳолатга кўра амал қилган ЭКИҲдан (130 240 сўм) келиб чиқиб белгиланади.
Бунда жисмоний шахсларнинг қуйидаги даромадларига 7,5% этиб белгиланган энг кам ставкада ЖШДС солинади:
мол-мулкни ижарага беришдан;
жисмоний шахслардан текин олинган улушлар, пайлар ва акциялар тарзидаги, яқин қариндошлардан олинганлари бундан мустасно;
жисмоний шахсларга хусусий мулк ҳуқуқи асосида тегишли бўлган кўчмас мулкни сотишдан. Жисмоний шахсларнинг солиқ солинадиган даромади таркибига яшаш учун мўлжалланмаган жойларни, шунингдек 12 ойлик давр ичида 1 мартадан ортиқ битим тузилган тақдирда, турар жойларни сотишдан олинадиган даромадлар киради;
корхоналар, муассасалар, ташкилотлар томонидан вақтинчалик қишлоқ хўжалиги ишларига юборилган жисмоний шахсларнинг шу ишларни бажаришдан олинган даромадлари, пахта йиғим-терими бўйича ишларни бажарганлик учун олган даромадлари бундан мустасно;
баланд тоғли, чўл ва сувсиз ҳудудларда ишлаганлик учун Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган коэффициентлар бўйича қўшимча тўловлар тариқасида олинган. Бунда чўл ва сувсиз жойларда, баланд тоғли ва табиий-иқлим шароити ноқулай ҳудудларда ишлаганлик учун иш ҳақига коэффициентлар ҳисоблашнинг энг юқори суммаси ҳисоблаш пайтидаги ҳолатга кўра белгиланган ЭКИҲнинг 4 баравари миқдорида белгиланади.
СОЛИҚНИ ҲИСОБГА ОЛИШ
Резидент томонидан республика ҳудудидан ташқаридаги манбалардан олинган даромадлар унинг жами даромадига киритилади. Ўзбекистон иккиёқлама солиқ солишнинг олдини олиш тўғрисида халқаро шартномага (битимга) эга бўлган хорижий давлатда тўланган солиқ суммаси Ўзбекистонда солиқни ҳисоб-китоб қилишда ҳисобга олиниши лозим. Бунда солиқ декларацияси асосида Ўзбекистонда ҳисобланган доирадаги солиқ суммаси ҳисобга олинади. Ўзбекистон ҳудудидан ташқарида солиқ тўланганлигини тасдиқлаш учун халқаро битимда белгиланган ваколатли орган тасдиқлаган ҳужжат тақдим этилади.
Ўзбекистон ҳудудидан ташқарида тўланган солиқ суммаси қуйидаги ҳолларда ҳисобга олинмайди:
- халқаро шартномада даромадларга фақат Ўзбекистонда солиқ солиниши белгиланган бўлса;
- Ўзбекистон резидент даромад олган ва ундан солиқ тўлаган давлат билан иккиёқлама солиқ солишнинг олдини олиш тўғрисида шартномага эга бўлмаса.
Солиқ декларациясини тўлдиришнинг батафсил тартиби билан қуйидаги ҳавола бўйича танишиш мумкин.
Музаффар Мирзағаниев,
экспертимиз.
Янги сонларда ўқинг
- Барқарорлик рейтинги юқори бўлган тадбиркорлар рағбатлантирилади
- Дастлабки декларациялаш–ихтиёрий иш
- Солиқ тўловчининг тақвими
- 2024 йилнинг ноябрь ойи учун жисмоний шахслар даромадидан олинадиган солиқ ва бошқа мажбурий бадаллар ҳисоб-китоби услубияти
- Ўзбекистон Республикаси иқтисодиёт ва молия вазирининг «Ўзбекистон Республикаси бухгалтерия ҳисобининг миллий стандарти (1-сонли БҲМС) «Молиявий ҳисоботни тақдим этиш ва ҳисоб сиёсати»ни тасдиқлаш ҳақида»ги буйруғи
- Болаларни барча турдаги зўравонликдан ҳимоя қилиш чоралари кучайтирилмоқда
- Т-2 шахсий карточкаси қандай юритилади
- «Рақамлаштириш соҳасида экспорт фаолияти билан шуғулланувчи корхоналарни қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»
- Байрам кунида ишга!
- «Стартап лойиҳалар ва венчур молиялаштириш экотизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»