ССП ҳузуридаги Халқаро тижорат арбитраж суди раиси, М.В.Ломоносов номидаги Москва давлат университетининг Тошкент шаҳридаги филиали доценти, ю.ф.н.Фозилжон ОТАХОНОВнинг шарҳ ва тавсиялари.
Ушбу шарҳда – ташкилот манфаатларини ҳимоя қилиш учун судларга даъво тақдим этиш бўйича муаллифлик тавсиялари берилган.
Кассация инстанциясида ишни қайта кўриш босқичида юридик хизмат биринчи инстанция судининг ҳал қилувини таҳлил этиши, унда кўрсатилган важларга ўз баҳосини бериши лозим. Кассация шикоятида баён этиладиган сабабларни асослаш мақсадида кўрсатилган суд қарорларини бекор қилиш ёки ўзгартириш учун асослар мавжудлиги текширилиши керак.
Биринчи инстанция судининг қонуний кучга кирган ҳал қилув қарори, шу жумладан, давлат органларининг, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг ҳужжатларини ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги дарҳол ижро этиладиган ҳал қилув қарорларигина кассация шикоятининг объекти бўла олади.
Моддий ва процессуал ҳуқуқ нормаларининг талқини бўйича ҳал қилув қарорининг асослантирувчи қисми, шунингдек, қўшимча ҳал қилув қарорлари ҳамда қонун ҳужжатларида кўзда тутилган ҳолларда ажримлар мустақил шикоят объекти бўла олади.
Кассация шикоятини тузишда юридик хизмат процессуал ҳуқуқ нормаларида белгиланган кассация инстанциясида иш кўришнинг чегараларини эътиборга олиши лозим. Бунинг ўзига хос томони шундаки, суд ишни кассация инстанциясида кўрганида моддий ва процессуал ҳуқуқ нормалари биринчи инстанция судида тўғри қўлланилганлигини текширади. Шу сабабли қонунда кассация шикоятининг асосий мазмуни сифатида шикоят берган шахснинг талаблари, моддий ёхуд процессуал ҳуқуқ нормаларининг бузилиши ёки нотўғри қўлланилиши нимадан иборатлиги кўрсатилган.
ХПКнинг 177-моддасига мувофиқ кассация шикоятида қуйидагилар кўрсатилиши керак:
1) шикоят йўлланаётган иқтисодий суднинг номи;
2) шикоят бераётган шахснинг ва ишда иштирок этувчи шахсларнинг номи;
3) устидан шикоят берилаётган ҳал қилув қарорини қабул қилган суднинг номи, ишнинг тартиб рақами ва ҳал қилув қарори қабул қилинган сана, низо предмети;
4) шикоят берган шахснинг талаблари, моддий ёхуд процессуал ҳуқуқ нормаларининг бузилиши ёки нотўғри қўлланилиши нимадан иборатлиги;
5) шикоятга илова қилинаётган ҳужжатлар рўйхати.
Кассация шикоятида ишнинг ҳолатлари исботланмаганлигини ёки ишда иштирок этувчи шахсларнинг ҳақиқий муносабатлари тўғрисида ҳал қилув қарорида баён қилинган хулосалар ишнинг ҳолатларига номувофиқлигини далил қилиб келтиришга йўл қўйилмайди.
Кассация шикояти уни бераётган шахс ёки унинг вакили томонидан имзоланади. Вакил томонидан имзоланган шикоятга унинг суд ҳужжатлари устидан шикоят қилиш ваколатини тасдиқловчи ишончнома, агар у аввал ушбу иш бўйича тақдим этилмаган бўлса, илова қилинади.
Шикоятга давлат божи тўланганлигини ва ишда иштирок этувчи бошқа шахсларга шикоятнинг нусхалари юборилганлигини тасдиқловчи далиллар илова қилинади.
Назорат тартибида иш юритишнинг ўзига хос томони шундаки, протест келтириш тўғрисидаги ариза ишни биринчи инстанция судидан талаб қилиб олиб, текширишга асос бўлади, лекин ариза апелляция ва кассация инстанциясидаги каби суд ҳужжатини қайта кўриш учун асос бўлмайди. Шу сабабли аризада иш ҳолатлари баён қилиниши, иш моҳиятан ҳал қилинишига асос бўлган нормалар қандай қўлланилганлиги кўрсатилиши, юридик хизмат томонидан иш бўйича қабул қилинган ҳужжатларни ноқонуний ҳамда асоссиз деб топувчи важлар билдирилиши лозим. Айнан аризанинг мазмун-моҳияти ва баён қилиш услуби протест келтириш ҳуқуқига эга шахснинг аризада келтирилган важларни қандай қабул қилишига таъсир кўрсатади.
ХПКнинг 1921-моддасига мувофиқ ишда иштирок этувчи шахслар назорат тартибида протест келтириш тўғрисидаги аризани ХПКнинг 193-моддасида кўрсатилган мансабдор шахсларга беришга ҳақли.
Назорат тартибида протест келтириш тўғрисидаги ариза мазмунан ХПКнинг 177-моддасининг биринчи қисми талабларига мувофиқ бўлиши лозим. Аризага суднинг ҳал қилув қарори нусхаси, агар иш апелляция ёки кассация тартибида ҳам кўриб чиқилган бўлса, апелляция ёки кассация инстанцияси судларининг қарорлари нусхалари ҳам илова қилинади.
ХПКнинг 1921-моддасининг иккинчи қисми талабларига риоя қилинмаган тақдирда назорат тартибида протест келтириш тўғрисидаги ариза қайтарилади.
Суднинг ҳал қилув қарори қонуний кучга кирган кундан эътиборан уч йил ўтгандан кейин берилган назорат тартибида протест келтириш тўғрисидаги ариза кўриб чиқилмайди.
Назорат тартибида протест келтириш тўғрисидаги ариза бир ойлик муддатда, иш талаб қилиб олинадиган ва текшириладиган ҳолларда эса икки ойгача бўлган муддатда кўриб чиқилиши керак.
Протест келтириш учун асослар бўлмаганда ариза берган шахсга аризани қаноатлантирмасдан қолдириш сабаблари кўрсатилиб, ёзма жавоб берилиши лозим.
ХПКнинг 193-моддасига мувофиқ қуйидагилар протест келтиришга ҳақли:
Олий суд раиси ва Бош прокурор - Ўзбекистон Республикасининг ҳар қандай иқтисодий суди қабул қилган, қонуний кучга кирган ҳал қилув қарорлари ва қарорлар устидан;
Олий суд раиси ўринбосарлари ва Бош прокурор ўринбосарлари - Ўзбекистон Республикасининг ҳар қандай иқтисодий суди қабул қилган, қонуний кучга кирган ҳал қилув қарорлари ва қарорлар устидан, бундан Олий суд Раёсатининг қарорлари мустасно.
Кўп бериладиган савол: Ташкилот юридик хизмати ходими (раҳбари ёки юрисконсульт) даъво аризаси (суд буйруғини бериш тўғрисида ариза), қарши даъво аризаси, шунингдек улар бўйича фикрномалар, апелляция, кассация шикоятлари, суд ҳужжатларини назорат тартибида қайта кўриш ҳақида аризага имзо қўйиши мумкинми? Ҳа, юридик хизмат ходими ташкилот вакили сифатида унга ташкилот раҳбари томонидан белгиланган тартибда берилган ишончномага мувофиқ имзо қўйиши мумкин. |
Даъво аризалари (суд буйруғини бериш тўғрисида ариза), қарши даъво аризаси, шунингдек улар бўйича фикрномалар, апелляция, кассация шикоятлари, суд ҳужжатларини назорат тартибида қайта кўриш ҳақида аризаларни рўйхатдан ўтказиш, ҳисобини юритиш, сақлаш ва юбориш
Ҳар қандай корреспонденция одатда ташкилот девонхонасида рўйхатга олинади. Бироқ юридик хизмат томонидан ҳисобга олиш ва назорат қилиш учун даъво аризалари (суд буйруғини бериш тўғрисида ариза), қарши даъво аризаси, шунингдек улар бўйича фикрномалар, апелляция, кассация шикоятлари, суд ҳужжатларини назорат тартибида қайта кўриш ҳақида аризалар журнали юритилиши мақсадга мувофиқ.
Бунинг учун иш юритишнинг қуйидаги турларини қўллаш мумкин:
а) журналда ҳисобга олиш;
б) карточкаларда ҳисобга олиш;
в) электрон тарзда ҳисобга олиш.
Қандай усулда бўлишидан қатъи назар кириш ва чиқиш ҳужжатлари ҳисобини алоҳида юритиш лозим. Масалан, ташкилот юборган даъво аризалари ёки ташкилотга билдирилган даъво аризалари.
Даъво ишлари натижаларини умумлаштириш ва таҳлил қилиш, уни такомиллаштириш бўйича таклифлар тайёрлаш
Ташкилотнинг юридик хизмати муайян давр (ой, чорак, ярим йил, йил) якуни бўйича амалга оширилган даъво ишлари натижаларини умумлаштиради.
Юридик хизмат таркибий тузилмалардан олган маълумотлар асосида ҳам ташкилотга билдирилган, ҳам ташкилот томонидан билдирилган даъволарнинг вужудга келиши сабаблари ва шароитларини аниқлайди. Бу жараёнда ҳар бир турдаги даъволарни келиб чиқишига сабаб бўлган, таркибий тузилмалар томонидан йўл қўйилган хато ва камчиликлар аниқланади.
Юридик хизмат даъво ишлари таҳлили якунлари бўйича ташкилот раҳбарига даъво ишларини яхшилаш, самарасиз харажатлар ва зарарларни олдини олиш, ташкилотга етказилган зарарни айбдор шахслардан ундириш тўғрисида таклифлар киритади.
Маъруф УСМАНОВ тинглаб, ёзиб олди.