Ўзбекистонда «Электр энергетикаси тўғрисида»ги Қонуннинг янги таҳрири, бозор модели ва Электр тармоқлари тўғрисидаги кодекс ишлаб чиқилмоқда, деб хабар берди Энергетика вазирлиги матбуот хизмати.
Хусусан, «Электр энергетикаси тўғрисида»ги Қонуннинг янги таҳририни ишлаб чиқиш борасидаги ишлар Энергетика вазирлиги ҳамда Европа тикланиш ва тараққиёт банки билан ҳамкорликда амалга оширилмоқда. Бу жараёнга Буюк Британия, Грузия, Австрия, Болгария ва Италия мамлакатларидан экспертлар, шунингдек қонун ижодкорлиги борасида катта тажрибага эга бўлган юқори малакали мутахассислар жалб этилган. Янги қонун жорий йил май ойининг охирида Вазирлар Маҳкамасига кўриб чиқиш учун киритилиши кутилмоқда.
Шунингдек, Энергетика вазирлиги Осиё Тараққиёт банки ва Жаҳон банки билан биргаликда 2023 йилда жорий этилиши кутилаётган рақобатдош электр энергияси бозори моделини ишлаб чиқмоқда. Халқаро экспертлар сифатида электр энергетикаси соҳасини ислоҳ қилиш бўйича кўп йиллик назарий ва амалий тажрибага эга бўлган Грузия, АҚШ ва Туркия давлатларининг маслаҳатчилари тақдим этилди. Энергетика вазирлиги ҳузуридаги Лойиҳа гуруҳининг мутахассислар жамоаси ва халқаро экспертлар ва маслаҳатчилар бозорнинг истиқболли моделлари ва бозор муносабатларига ўтиш усулларини ўрганмоқдалар. Электр энергияси бозори модели ва бозор муносабатларига ўтиш Концепцияси март ойининг охирига қадар Вазирлар Маҳкамасига киритилади.
Шу билан бирга Энергетика вазирлиги Жаҳон банки билан биргаликда Электр тармоқлари кодексини (Grid Code) ишлаб чиқишни бошлади. Бу ишга Сербия ва Буюк Британия мамлакатларининг халқаро маслаҳатчилари ҳам жалб этилган. Электр тармоқлари кодексининг жорий этилиши энергия компаниялари ва электр энергияси истеъмолчиларининг функциялари, ҳуқуқлари ва мажбуриятларини тизимлаштириш ва аниқлаштириш имконини беради. Режага кўра, лойиҳа Ҳукуматга 2020 йилнинг май ойи охирида кўриб чиқиш учун киритилади.