Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Бухгалтерия ҳисоби ва солиқ солиш мақсадларида амортизация ҳисоблашнинг фарқи МИЗ иштирокчиларига фойда солиғи бўйича имтиёз қайси даромад турларига нисбатан қўлланилиши мумкин Геологик изланишларнинг солиқ ҳисоби қандай юритилади

Ерни жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш тартиб-таомиллари ўзгартирилмоқда

30.05.2022

Рус тилида ўқиш

28 май куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг йигирма олтинчи ялпи мажлиси бўлиб ўтди.

 

Дастлаб сенаторлар “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги Қонунни кўриб чиқди.

 

Ҳужжат давлат фуқаролик хизматини, шу жумладан, номзодларни очиқ мустақил танлов орқали саралаб олиш жараёнини комплекс ҳуқуқий тартибга солишни таъминлашга қаратилган. Қонун нормалари фақатгина давлат реестрига киритиладиган лавозимларда фаолият юритаётган давлат хизматчиларига нисбатан татбиқ этилади.

 

Давлат фуқаролик хизматини тартибга солишда давлат органларининг асосий ваколатлари белгиланган. Жумладан, Президент, Вазирлар Маҳкамаси ва бошқа ваколатли давлат органларининг давлат фуқаролик хизмати соҳасидаги ваколатлари аниқ кўрсатиб ўтилмоқда.

 

Қонун билан давлат хизматчиларининг фаолияти энг муҳим самарадорлик кўрсаткичлари (КPI) асосида баҳоланиши белгиланмоқда. Коррупцияга оид жиноятларни содир этган шахслар давлат фуқаролик хизматига қабул қилинмайди.

 

Шу билан бирга, Қонунда халққа хизмат қилиш давлат фуқаролик хизматининг асосий принципларидан бири этиб белгиланмоқда. Сенат аъзолари ушбу Қонунни маъқуллади.

 

Шундан сўнг сенаторлар “Ер участкаларини компенсация эвазига жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш тартиб-таомиллари тўғрисида”ги Қонунни муҳокама қилди.

 

Қонунда жисмоний ва юридик шахсларга тегишли бўлган ер участкаси ёки унинг бир қисми жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилиши ҳамда ушбу ер участкаси, унда жойлашган кўчмас мулк объектлари учун компенсация бериш тартиб-таомиллари белгиланмоқда.

 

Қонунда ер участкаларининг компенсация эвазига олиб қўйилишига асос бўладиган ҳолатларнинг рўйхати аниқ қилиб кўрсатилган. Ер участкаларининг ҳар қандай бошқа мақсадларда олиб қўйилишини жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш сифатида талқин этиш қатъиян таъқиқланади.

 

Шунингдек, бузилишга тушган ҳудудда жойлашган ерга бўлган ҳуқуқ мавжуд бўлмай туриб, 15 йил давомида кўчмас мулкка ҳалол, ошкора ва узлуксиз эгалик қилиб келган шахсларга ҳам ушбу кўчмас мулк объекти учун солиқлар тўлаб келингани тасдиқланган тақдирда, мазкур кўчмас мулк объекти қийматининг ўрни қопланиши кўзда тутилмоқда.

 

Сўнгра “Ер муносабатларида тенглик ва шаффофликни таъминлаш, ерга бўлган ҳуқуқларни ишончли ҳимоя қилиш ва уларни бозор активига айлантириш тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун муҳокама қилинди.

 

Ер кодексига киритилаётган ўзгаришларга мувофиқ очиқ электрон танлов орқали қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларни ижарага бериш ҳуқуқини қўлга киритган шахсларга ўша ҳудуд ҳокимининг тасдиғи талаб этилмайди.

 

Ер участкаларидан мақсадсиз фойдаланганларни ўз вақтида аниқлаш ҳамда чора кўриш масъулияти ДСҚ ҳузуридаги Кадастр агентлиги органларига юклатилмоқда.

 

Ижтимоий ҳимояга муҳтож айрим аҳоли қатламлари учун бир қатор кафолатлар ҳам белгиланмоқда. Хусусан, ногиронлиги бўлган шахслар ва уларнинг оиласи электрон онлайн-аукционлардан ер участкаларини сотиб олиши билан боғлиқ харажатлари давлат томонидан қоплаб берилади.

 

Қонун билан амалдаги 20 дан зиёд қонун, жумладан 4 та кодексга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда. Сенаторлар мазкур Қонунни маъқуллади

 

Сўнгра “Гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 19-моддасига қўшимча ва ўзгартиш киритиш ҳақида”ги Қонун муҳокама қилинди.

 

Қонун асосий ишлаб чиқаришида ёндош маҳсулот сифатида прекурсор ҳосил бўлаётган хусусий корхоналарга прекурсорларни ишлаб чиқариш ва тайёрлаш учун лицензия берилишини назарда тутади.

 

Қонун билан прекурсорларни ишлаб чиқариш ва тайёрлаш бўйича лицензияга эга бўлган юридик шахсларни (давлат ва хусусий корхоналар), шунингдек прекурсорларни сақлаш, ташиш, сотиш, Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириш ва олиб чиқишга бўлган талабларни белгиланган тартибда тегишли давлат органлари томонидан тизимли назоратга олиш имконини яратиш назарда тутилмоқда.