Олий Мажлис Сенатида Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси ташкил этилди.
Ушбу орган Сенат Кенгашининг “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ҳамда гендер тенгликни таъминлаш бўйича фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида” ги қарорига мувофиқ ташкил этилди.
Қуйидагилар Қўмитанинг асосий вазифалари этиб белгиланди:
- гендер тенгликни таъминлашга ва хотин-қизларнинг давлат ва жамият ишларида фаол иштирок этишига қаратилган давлат сиёсатини амалга оширишга доир тавсиялар ишлаб чиқиш;
- гендер тенглик масалалари ва оила институтини ривожлантиришга оид қонунларни мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мақсад ва вазифаларига ҳамда халқаро ҳуқуқ нормаларига мувофиқлиги нуқтаи назаридан кўриб чиқиш;
- аёллар ҳуқуқлари камситилишининг барча шаклларига барҳам бериш бўйича умумэътироф этилган халқаро нормаларни миллий қонун ҳужжатларига имплементация қилиш юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш;
- гендер тенглик масалалари бўйича Ўзбекистон қўшилган ҳалқаро ҳужжатлар нормаларининг амалиётга жорий этилиши ҳамда ижро қилиниши юзасидан мониторинг олиб бориш.
Қўмита аҳоли, жумладан хотин-қизлар билан бевосита мулоқот қилади, аниқланган долзарб масалаларни парламент назорати воситаларини қўллаган ҳолда ҳал этиш чораларини кўради.
Олий Мажлис Сенатининг
Ахборот хизмати хабари асосида.