Чиройли турмак, маникюр, парваришланган тери — ҳар қандай аёлнинг ташқи кўринишининг муҳим таркибий қисми. Баъзи эркаклар ҳам сўнгги вақтларда бундай жиҳатларга эътибор билан қарайдиган бўлишган. Инсониятнинг азалий интилишларидан бири — гўзал ташқи кўринишга эришиш ортидан бойлик орттирса бўладими? Ушбу мақолада гўзаллик салонини очиш, уни юритиш ва даромад олиш хусусида сўз боради.
- www.norma.uz
- Бизнинг шарҳлар
- Гўзаллик салони — даромадбоп бизнесми?
Гўзаллик салони — даромадбоп бизнесми?
19.01.2017
Қизиғи, кўп мутахассислар эндигина тадбиркорлик йўлидан кетишга отланаётганларга ўз “кучини” синаб кўриш учун ишни айнан гўзаллик салонидан бошлашни маслаҳат беришади. Бир нарсани унутмаслик керак: ҳар қандай ишни бошлашдан олдин аввал ўша соҳа бозорини синчковлик билан ўрганиб чиқиш зарур.
Гўзаллик салонлари турлари
Гўзаллик салони очишдан олдин мақсадларингизни аниқ белгилаб олишингиз даркор. Кичикроқ оилавий бизнес тарафдори бўлсангиз, стандарт хизматлар — соч турмаклаш, кесиш, бўяш, қош териш, макияж кабилар кўрсатиладиган оддий салон етарли. У йил мобайнида барқарор киримни таъминлаб туради. Бундай салонни чекка қишлоқ жойларда ҳам ҳеч чўчимай ташкил этиш мумкин. Асосий мижозлар — маҳалла-кўй, қўни-қўшнилар, ён-атрофдаги ишхоналарнинг ходимлари.
Ўртача даражадаги гўзаллик салонини йўлга қўйиш учун нисбатан каттароқ маблағ керак бўлади. Хизмат даражаси юқори бўлиши талаб этилади. Иш мавсумийлиги билан ажралиб туради — байрамлар олдидан, баҳор бошланиши ва қиш ўрталарида айниқса одам билан тўлиб-тошади. Бундай салонларда маникюр, педикюрдан бошлаб кўрсатиладиган хизмат турларини ошириш мумкин.
Элита даражасидаги салонни очишга шошмаган маъқул. Бу кўзга танилиб улгурган брендлар ва машҳур стилистлар учун яхши имконият, аммо соҳага энди кириб келаётганлар учун эмас. Бундай даражадаги салонларда мижозлар бошқачароқ қадриятлар учун пул тўлашади, булар: муассасанинг обрў-эътибори, кўриниши, кайфият ярата олиши. Бундай салон эгаси муассаса имижини сақлаб туриш учун сарф-харажат қилишига тўғри келади. Унда ҳамма нарса энг яхшиси бўлиши керак: асбоб-ускуналар, ишчилар, иш давомида қўлланиладиган материаллар.
Агар гўзаллик салони очмоқчи бўлсангиз, энг оддийсидан бошлаганингиз маъқул. Имконият даражасидан келиб чиқиб, бир нечта туманларда шундай гўзаллик салони фаолиятини йўлга қўйсангиз бўлади. Кейин ўртача даражадаги бир-иккита салонга қўл уриб кўринг. Секин-аста шаҳарнинг қоқ марказидан энг яхши ускуналарга эга бўлган муассаса очишга маблағларингиз бўлади.
Ўз ишининг усталари, профессионал ёндашув, ҳамёнбоп нархлар салонингизни оз муддатда элга танитади.
Асбоб-ускуналар, жиҳозлар, зарур ашёлар
Гўзаллик салонини жиҳозлаш учун Сизга қуйидагилар керак бўлади:
- мижозлар учун махсус айланма креслолар;
- ҳар бир мутахассис учун тумбали йирик ойна;
- ғилдиракли аравачалар;
- сочиқлар учун сават;
- соч ювишга мўлжалланган кресло ва ювгич;
- сув иситгич;
- сочни бўяш ва жингалак қилишга мўлжалланган инфрақизил аппарат;
- алоҳида косметологик хизматлар учун аппаратлар;
- раковиналар;
- асбоблар учун шкаф.
Тажрибали сартарошларнинг одатда қуйидаги зарур ашёлари бўлади:
- 4 хил турдаги тароқлар;
- 3 хил турдаги қайчи;
- соч олиш машинкаси;
- 3 хил турдаги чётка;
- бритва;
- 2 хил турдаги электр соч дазмоли;
- соч бўяшга мўлжалланган идиш ва чётка;
- фен.
Гўзаллик салонини юритиш учун ходимлар:
- менежер;
- бухгалтер;
- сартарошлар;
- косметолог;
- маникюр устаси;
- фаррош.
Оддий гўзаллик салони очиш учун мижозлар оқимига тез хизмат кўрсата оладиган тажрибали мутахассисларни ёллаган маъқул. Ўртача даражадаги салон учун янги ғоялар билан ёнган, соҳадаги ўзгаришлар ва янгиликлардан яхши бохабар бўлган ёш мутахассислардан бир-иккитасини ишга олиш зарар қилмайди.
Элита даражасидаги салон учун ном чиқарган мутахассисларни ишга жалб этиш шарт.
Айтиш керакки, ходимларнинг доимий равишда малакасини ошириш имкониятига бефарқ бўлмаслик керак. Номдор мутахассисларнинг маҳорат дарсларидан баҳраманд бўлиш, турли курсларда малака ошириш фойдадан ҳоли бўлмайди. Чунки соҳадаги янгиликлардан бохабар бўлиш мижозларнинг кўнглини олиш сари улкан қадам саналади.
Даромад сарҳисоби
1. Гўзаллик салони ҳар қандай хизматининг соф фойдаси 30%дан кам бўлмаслиги даркор.
2. Фаолият йўлга қўйилганидан кейин орадан ярим йил ўтганида доимий мижозлар сони умумий оқимнинг камида 60%ини ташкил этмоғи лозим.
3. Мутахассис хизматнинг 30%ини олишга ҳақли. Администраторлар эса салоннинг бир ойлик даромадининг 1%ини олиши айни муддао.
4. Хайрихоҳ, очиқ чеҳра одамларни ишга олишга ҳаракат қилинг. Айнан шундайлар салон фаолиятини янги даражага олиб чиқишга қодир.
5. Илк ойларда харажатлар даромаддан кўра ортиқроқ бўлишига тайёр туринг. Айнан шу даврда салон обрўси ва нуфузи учун ишлаётган бўласиз. Ишчилардан энг аввало сифатни талаб қилинг.
6. Гўзаллик салонининг ўз-ўзини қоплаш муддати тахминан 1 йилни ташкил этади.
Ҳужжатлаштириш
Гўзаллик салони очиш учун аввало юридик шахс — якка тартибдаги тадбиркор (ёки МЧЖ, ХК) сифатида давлат рўйхатидан ўтиш даркор. Ҳужжатлаштириш жараёнлари билан батафсил танишиш учун ҳар бир туман ва шаҳарлар ҳокимиятлари қошида очилган “ягона дарча” марказига мурожаат қилишингиз мумкин. У ердаги мутахассислар мақсадларингиз, режаларингиздан келиб чиққан ҳолда қандай ташкилий-ҳуқуқий шаклни танлаш, қандай ҳужжатларни топшириш, ҳисобот шакллари, мулкий шаклларнинг ўзига хосликлари, камчилик ва ютуқлари ҳақида маълумот ва тавсиялар беришади.
Маблағ етарли бўлмаса...
Бизнесга эндигина қадам қўяётганларга аввало гўзаллик салони очиб кўришни маслаҳат беришларини юқорида айтиб ўтдик. Хизматларнинг ушбу турига ҳар доим ҳамма жойда талаб катта бўлгани боис ҳам мазкур соҳага киритилган сармоялар даромадбоп ҳисобланади.
Агар тадбиркорлик фаолиятини бошлаш учун сармоянгиз етарли бўлмаса, тижорат банкларининг кредитларидан фойдалансангиз бўлади. Ҳозирда аҳолини тадбиркорликка жалб этиш мақсадида банклар филиалларининг мутасадди ходимлари фуқароларнинг уйларига ташриф буюриб, хусусий бизнес очиш учун кредитлар ажратиш, уларни бериш шартлари ва бошқалар тўғрисида маълумотлар тақдим этишмоқда. Кредит олишга қизиқиш билдирган фуқароларга намунавий лойиҳалар, ҳужжатларни расмийлаштириш бўйича маслаҳатлар берилиб, қисқа муддатларга маблағлар тақдим этилади.
Фозила Ашурова, мухбиримиз.