26 декабрь куни Савдо-саноат палатасида Палата тизимидаги ҳакамлик судлари фаолиятининг 2018 йил якунлари муҳокамасига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.
ССП ҳузуридаги Халқаро тижорат арбитраж (ҳакамлик) суди раиси Фозилжон Отахонов жорий йилда ССП ҳузуридаги ҳакамлик судлари томонидан 6847 та ишлар кўрилган бўлиб, даъво суммаси 167,8 млрд. сўм, 6,9 млн АҚШ долларини ташкил этганлигига эътибор қаратди. Бу 2017 йилда кўрилган ишлар сонига нисбатан 4382 тага кўпдир.
Самарқанд (1160 та иш кўрилган), Фарғона (1003 та), Хоразм (669 та), Сирдарё (607 та), Андижон (582 та ) вилоятлари ҳудудий бошқармалари ҳузуридаги ҳакамлик судлари томонидан кўрилган ишлар сони жиддий равишда ошганлиги кузатилмоқда.
Йиғилиш қатнашчилари ҳакамлик муҳокамаларини ривожлантиришнинг долзарб муаммоларини муҳокама қилдилар. Ҳакамлик муҳокамаларининг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш бўйича аниқ таклифлар ва фикрлар билдирилди. Ҳакамлик судларининг ваколатли судлар билан ўзаро ҳамкорлигини ривожлантириш, ҳакамлик судьяларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш зарурлиги ҳусусида сўз юритилди.
Йиғилиш ҳакамлик муҳокамаларининг афзалликларини тарғиб қилиш ва ҳакамлик судлари фаолиятини ривожлантириш бўйича ишларда фаол иштирок этганликлари учун палатанинг ҳакамлик судлари раислари ва судьяларини мукофотлаш билан ниҳоясига етди.
Маълумот учун: бугунги кунда Савдо-саноат палатаси тизимида 15 та ҳакамлик судлари фаолият кўрсатмоқда.