Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Ходим хориждаги хизмат сафарида касал бўлса Европа Иттифоқи мамлакатларига юк ташувчилар учун ҳаракатланиш тартибида нималар ўзгаради Автомобилни жисмоний шахсга сотишда қандай солиқ оқибатлари юзага келади Тамаки маҳсулотлари ва алкоголли ичимликларга акциз маркаларини қандай қўллаш керак Тамаки маҳсулотлари ва алкоголли ичимликларга акциз маркаларини қандай қўллаш керак

Ҳакамлик судьялари малакасини ошириш давр талаби

22.12.2015

Ҳакамлик судларини ривожлантириш, ҳакамлик судьяларига қўйиладиган талаблар ҳамда ҳакамлик судьяларини тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш масалалари юзасидан Фозилжон Отахонов, Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси (бундан буён матнда СПП деб юритилади) ҳузуридаги Халқаро тижорат арбитраж (ҳакамлик) суди раиси, юридик фанлар номзоди, доцент билан суҳбат.

 

 

Ҳуқуқни қўллаш амалиётида, ижтимоий ҳаётда турли субъектларнинг манфаатлари тўқнашуви, улар ўртасида баҳс-мунозаралар ва низолар келиб чиқиши табиий. Низоларни ҳал этиш тизими уларни суд орқали ва муқобил усуллар билан ҳал қилишни ўз ичига олади. Сўнгги йилларда низоларни муқобил усуллар орқали ҳал этиш шаклларидан бири сифатида ҳакамлик судларига катта  эътибор берилмоқда.

 

Аммо, бу борада илмий изланишлар етарли даражада олиб борилмаяпти, олий  ўқув юртлари ва юридик коллежларда эса ҳакамлик судларига оид махсус дарслик ёки ўқув қўлланмалари деярли йўқ, журналлар ва бошқа оммавий ахборот воситаларида ҳакамлик судлари фаолиятини ёритишда изчиллик етишмаяпти.

 

Айниқса ҳакамлик судьялигига номзодлар ва ҳакамлик судьяларини тайёрлаш ва малакасини ошириш масалаларига оид таҳлилий ва илмий асосланган мақола ёки таклиф-мулоҳазалар оммавий ахборот воситаларида чоп этилмаётганлиги ачинарли ҳол.

 

Ўзбекистон Республикаси “Ҳакамлик судлари тўғрисида”ги Қонунининг 14-моддасида ҳакамлик судьясига қўйиладиган талаблар белгиланган бўлиб, унга кўра йигирма беш ёшдан кичик бўлмаган, низонинг холис ҳал қилинишини таъминлашга қодир бўлган, низонинг пировард натижасидан бевосита ёки билвосита манфаатдор бўлмаган, ҳакамлик битими тарафларидан мустақил бўлган ва ҳакамлик судьяси мажбуриятларини бажаришга розилик берган Ўзбекистон Республикаси фуқароси ҳакамлик судьяси этиб сайланиши (тайинланиши) мумкин.

 

Низони якка тартибда ҳал қилувчи ҳакамлик судьяси олий юридик маълумотга эга бўлиши керак. Низо ҳайъатда ҳал қилинаётганда ҳакамлик суди таркибининг раиси олий юридик маълумотга эга бўлиши керак.

 

Ҳакамлик судьясининг малакасига қўйиладиган талаблар ҳакамлик битими тарафлари ўртасида бевосита келишиб олиниши ёки доимий фаолият кўрсатувчи ҳакамлик судининг қоидалари билан белгиланиши мумкин.

 

Юқоридагилардан кўринадики, Қонун ҳакамлик судьяси бўлиш учун номзодга нафақат юридик маълумот, балки умуман қандайдир маълумот шарт деган талабни ҳам қўймаяпти. Бундан келиб чиқадики, ҳакамлик судьяси маълумотидан қатъи назар ўз соҳасининг мутахассиси ҳисобланиб,  низонинг холис ҳал қилинишини таъминлашга қодир бўлса кифоя экан.

 

Шунинг учун ҳам ҳозирги кунда ҳакамлик судьялари рўйхатига турли касб эгалари – юристлар, иқтисодчилар, журналистлар, муҳандислар, бухгалтерлар ва бошқалар киритилган. Ҳакамлик судьялари таркибида илгари ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларда ишлаган собиқ ходимлар ҳам кўпчиликни ташкил қилади.

 

Афсуски, ҳакамлик судьяларининг кўпчилиги ҳакамлик муҳокамаси қоидаларини, ҳакамлик суди томонидан қабул қилинадиган ҳужжатлар – ажрим, ҳал қилув қарори, суд мажлиси баённомасини ёзиш кўникмасига эга эмаслар.

 

Бу эса, ўз навбатида, ҳакамлик судларига бўлган ишончни пасайишига, улар томонидан қабул қилинаётган ҳал қилув қарорлари сифатига салбий таъсир қилмоқда. Шу сабабли ваколатли судлар (хўжалик судлари ва фуқаролик ишлари бўйича судлар) томонидан айрим ҳолатларда ҳакамлик судларининг ҳал қилув қарорлари бекор қилинмоқда ёки улар бўйича ижро варақасини бериш рад этилмоқда.

 

Ҳакамлик судьялигига номзодларни қайта тайёрлаш ва ҳакамлик судьялари малакасини ошириш долзарб масала ҳисобланиб, унга тизимли ёндашиш давр талабидир. Бу борада СПП томонидан ҳам бир қатор ишлар амалга оширилмоқда.

 

ССП ижро этувчи қўмитаси томонидан ҳакамлик судлари фаолияти назоратга олинганлиги ва амалий ёрдам кўрсатилаётганлиги ҳудудий бошқармалар бошлиқлари, ҳакамлик судлари раислари масъулиятини оширишга хизмат қилиб, ўзининг ижобий натижасини бермоқда.

 

Шунингдек, ССП Ижро этувчи қўмитасининг 2014 йил 17 мартдаги қарори билан          тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқий ҳимоясини кучайтириш, низоларни ҳал қилишнинг муқобил усулларидан кенг фойдаланиш, палата аъзолари ва ходимларининг бу борадаги ҳуқуқий билимларини ошириш мақсадида СПП тизимида ҳар ойнинг сўнгги сешанба куни "Ҳакамлик суди" куни деб белгиланди.

 

 

"Ҳакамлик суди" кунида ўтказиладиган тадбирлар режаси тайёрланиб, ССП раиси томонидан тасдиқланган.


 

Режада белгиланган чора-тадбирлар ҳар ойнинг сўнгги сешанба куни видео-конференция ўтказиш орқали амалга ошириб келинмоқда. Унда ССП ҳудудий бошқармалари бошлиқлари, ҳакамлик судлари раислари ва судьялари, юридик хизмат ходимлари, тадбиркорлик субъектлари вакиллари иштирок этмоқдалар. Тадбир давомида тушган таклиф ва тавсиялар баённома тарзида расмийлаштирилиб, палата раиси томонидан тасдиқланмоқда.  

 

Ўзбекистон ҳакамлик судлари ассоциацияси ҳузуридаги Ҳакамлик судлари академияси томонидан ҳам ҳакамлик судьялигига номзодлар ва ҳакамлик судьялари малакасини ошириш бўйича муайян ишлар амалга оширилмоқда.

 

Бироқ мамлакатимизда 200 дан ортиқ ҳакамлик судларида 2 минг нафарга яқин ҳакамлик судьялари рўйхатга киритилганлиги, улар нафақат Тошкент шаҳрида, балки мамлакатимизнинг барча вилоятларида фаолият юритишини, шунингдек уларнинг маълумоти турли-туманлигини эътиборга олган холда малакасини оширишга ўзига хос равишда ёндашиш лозим бўлади.


Фикримизча, бу борада йўл қўйилаётган камчиликларга қуйидагилар сабаб бўлмоқда:

 

биринчидан, Ҳакамлик судлари академияси фаолияти, ҳакамлик судьялигига номзодларни қайта тайёрлаш ва ҳакамлик судьялари малакасини ошириш дастурлари, ўқув машғулотларини олиб борувчи профессор-ўқитувчилар ва амалиётчилар тўғрисидаги ахборот етарли даражада манфаатдор шахсларга етиб бормаётганлиги;

 

иккинчидан, гуруҳларни шакллантиришда ҳакамлик судьяларининг маълумотлари ва билим савиялари даражаси ҳисобга олинмаётганлиги (масалан, олий маълумотли собиқ судьялар билан умуман юридик маълумотга эга бўлмаган шахслар бир гуруҳда таълим олаётганлиги) ва ҳакамлик судлари малакасини ошириш дастурларини тайёрлашда гуруҳларнинг билим савиялари эътиборга олинмаётганлиги;

 

учинчидан, ҳакамлик судьяларининг деярли барчаси асосий иш жойларига эга эканлиги. Шу сабабли ҳакамлик судьяси сифатида ўз малакасини ошириш учун уларга иш ҳақи сақланган ҳолда таътил берилмаслиги, иш вақтида эса рухсат олишнинг имкони йўқлиги, бунинг оқибатида улар малака ошириш учун меҳнат таътилидан ёки иш ҳақи сақланмаган холда олинган таътил вақтидан фойдаланишга мажбурлиги;

 

тўртинчидан, тингловчилар Ҳакамлик судлари академиясига малака ошириш учун тўланадиган харажат, йўл, турар-жой ижараси ва кундалик чиқимларни асосан ўз ҳисобларидан қоплаши, шунингдек ҳакамлик судьялари рўйхатига киритилган нафақадаги шахсларнинг  ҳам юқорида қайд қилинган харажатларни қоплашга ҳар доим ҳам имкониятлари йўқлиги;

 

бешинчидан, Ҳакамлик судлари академиясининг молиявий ва моддий-техника шароитлари талаб даражасида эмаслиги, бунинг оқибатида ўқув жараёнларини ахборот технологиялари ютуқларидан кенг фойдаланган ҳолда олиб боришнинг деярли имконияти йўқлиги.


Юқорида қайд қилинган камчиликларни бартараф қилиш учун ҳакамлик судьялигига номзодларни қайта тайёрлаш ва ҳакамлик судьялари малакасини ошириш бўйича қуйидаги таклифларни киритишни мақсадга мувофиқ деб ҳисоблаймиз:

 

1) Ҳакамлик судлари академияси фаолиятини такомиллаштириш мақсадида унинг молиявий ва моддий техника базасини мустаҳкамлаш, бунинг учун академиянинг ички имкониятларидан кенг ва самарали фойдаланиш билан бир қаторда  давлатнинг нодавлат нотижорат ташкилотларининг фаолиятини субсидиялар, грантлар ва ижтимоий буюртмалар шаклида қўллаб-қувватлашига йўналтириладиган, шунингдек маҳаллий ва хорижий жамғармалар ҳомийлик  маблағларини жалб қилишга қаратилган мақсадли чора-тадбирларни белгилаш; 

 

 2) Ҳакамлик судлари академияси фаолиятини, ҳакамлик судьялигига номзодларни қайта тайёрлаш ва ҳакамлик судьялари малакасини ошириш дастурлари, ўқув машғулотларини олиб борувчи профессор-ўқитувчилар ва амалиётчилар тўғрисидаги маълумотларни оммавий ахборот воситалари, Интернет орқали кенг ва тизимли ёритишни йўлга қўйиш;

 

3)  ҳакамлик судьялигига номзодларни қайта тайёрлаш ва ҳакамлик судьялари малакасини оширишни масофавий усулидан, яъни видеоконференц алоқа орқали ташкил қилиш;

 

4) ҳар бир ҳакамлик судида доимий ва тизимли тарзда тажрибали ҳакамлик судьялари томонидан амалий машғулотлар ўтказишни йўлга қўйиш;

 

5) ҳар чоракда камида бир марта ҳакамлик судлари томонидан қабул қилинган ажримлар, ҳал қилув қарорлари ва улар бўйича ваколатли судлар қабул қилган суд ҳужжатлари мазмун-моҳиятини таҳлил қилишга қаратилган давра суҳбатларини ташкил қилиш;

 

6)  ҳакамлик судьялигига номзодларни қайта тайёрлаш ва ҳакамлик судьялари малакасини ошириш бўйича уларни билим савиялари ва маълумотларини эътиборга олган ҳолда махсус ўқув дастурлари тузиш ҳамда уларга асосланган ҳолда дарслик, ўқув қўлланмалари, шунингдек ҳакамлик муҳокамасига оид ҳужжатларнинг намуналари тўпламини тайёрлаш ва чоп этиш; 

 

7) ҳакамлик судларининг ўзаро тажриба алмашишини йўлга қўйиш, уларнинг фаолиятини мувофиқлаштирган ҳолда вилоятларда тизимли равишда конференциялар, семинарлар, тренинглар ва давра суҳбатлари ташкил қилиш лозим.

 


Маъруф  УСМАНОВ  суҳбатлашди ва ёзиб олди.

 

 

Мавзу бўйича материаллар:

 

Олий хўжалик суди лизинг ва корпоратив бошқарувга доир қарорлар қабул қилди

 

Бизнесменларга суд ҳимоясининг қўшимча кафолатлари тақдим этилди

 

Гонорар и налоги третейского судьи

 

После третейского суда конфиденциальность не гарантирована

 

 

 

 

“Жавоб берамиз!” Маълумот хизматидан:

 

Қандай асосда Молия вазирлиги ҚҚСнинг ортиқча суммасини қайтаришни рад этиши мумкин? Молия вазирлиги қайтариш тўғрисидаги масалани ҳал қилиш учун бухгалтерия баланси ва молиявий натижалар тўғрисидаги ҳисоботни талаб қилиб олишга ҳақлими?

 

Единый налоговый платеж

... .сум в счет погашения задолженности по решению третейского суда. 1. Повлияет ли передача основных средств на основной ... , если данное выбытие происходит по решению третейского суда?