Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Бухгалтерия ҳисоби ва солиқ солиш мақсадларида амортизация ҳисоблашнинг фарқи МИЗ иштирокчиларига фойда солиғи бўйича имтиёз қайси даромад турларига нисбатан қўлланилиши мумкин Геологик изланишларнинг солиқ ҳисоби қандай юритилади

Халқаро пластик карталар: қўллаш бўйича йўриқнома

19.01.2016

Халқаро пластик карта – бу, моҳиятан, кўпчилик фойдаланадиган ўша карта, фақат унда муайян чет эл валютасига ўтказилган пуллар сақланади. У харидлар, отелда, ресторанларда, кафеда ҳисоб учун тўловни амалга ошириш ҳамда чет элда банкоматлардан пулларни ечиб олиш учун мўлжалланган.

 

Ўзбекистонда фақат дебит карта очиш мумкин, яъни ундан фойдаланиш учун дастлаб фойдаланиш режалаштирилаётган маблағларни банк ҳисобварағига киритиш зарур.

 

 

Халқаро пластик карталар турлари

 

Мамлакатимиз банклари қуйидаги халқаро пластик карталар турларини таклиф қилади:

 

1.Бизда MasterСard 2 турда:

 

  • Maestro – бошланғич даражадаги карта, у бўйича барча операциялар мажбурий электрон авторизация ва PIN-кодни киритиш билан амалга оширилади, бу эса карта хавфсизлиги даражасини оширади. Картадан MasterCard, Циррус  ва ЕС Европа тармоғи халқаро банкоматлар тизимидан нақд пулларни ечиб олиш мумкин. Шунингдек у Маэстро ва EDC Европа тизими халқаро тизимлари терминаллари ўрнатилган барча жойда харид учун  тўловни амалга ошириш имконини беради.
  • Standard– Интернет орқали харид қилиш мумкин эмас. Бунинг учун яхшиси MasterCard Standard картасидан фойдаланган маъқул. Бу карта функцияларнинг стандарт тўпламини ўз ичига олади ва Maestro дан анча юқори даражадаги ҳимоя билан фарқ қилади. У билан меҳмонхонани, чипталарни бронлаш ва тўловни амалга ошириш, ҳатто таълим учун тўловни амалга ошириш, банкоматлардан нақд пул ечиб олиш, харид қилиш ҳамда хизмат учун ҳисоб-китобни амалга ошириш мумкин. Операцияларни амалга ошириш учун авторизация талаб этилмайди.  Standard  карталарни қабул қилувчи хизмат кўрсатиш шохобчаларининг миқдори Maestro карталарини қабул қиладиганларга нисбатан кўпроқ.

 

2. Visa уч турда бўлади:


  • Electron – ўзига хос хусусияти шундан иборатки, ҳар қандай операция карта реквизитлари, унинг амал қилиш муддатлари ва карта ҳисобварағида етарлича маблағлар мавжудлиги  электрон тарзда текширилгандан кейингина амалга оширилади.  Шу туфайли Visa Electron  энг ҳимояланган ва жуда оммалашган карта ҳисобланади; 
  • Classic - Visa логотипи бўлган деярли барча шохобчаларда тўлов учун қабул қилинади. Унинг ёрдамида сиз Интернет ёки телефон бўйича харид учун тўловни амалга оширишингиз мумкин. Ундан ҳам электрон, ҳам механик тўлов терминаллари ҳамда банкоматларда фойдаланиш мумкин. Карта ёрдамида меҳмонхоналарда номерни, авиачипталарни ва бошқа товарларни бронлаш мумкин; 
  • Gold – Ушбу карта сақловчиларига Visa Electron ва Visa Classic карталари сақловчиларига нисбатан анча юқори даражадаги сервис кўрсатилади. Кўпгина дўкон ва ресторанлар  Visa Gold сақловчилари учун муайян имтиёзлар тақдим қилади.

 

Халқаро пластик картани қандай олиш мумкин?

 

Ўзбекистонда уларни қуйидаги банкларда очишади:

 

  • HamkorBank  
  • KapitalBank  
  • AgroBank 
  • TrastBank 
  • AloqaBank  
  • IpotekaBank  
  • Ўзсаноатқурилишбанк  
  • AsiaAlianceBank  
  • KDB Bank Uzbekistan 

 

Халқаро пластик карталарни олиш учун паспорт, СТИР ва ҳисобвараққа тушириш учун чет эл валютаси зарур бўлади.

 

Картанинг қиймати ўртача 20 евро ёки 20 АҚШ долларини, картани суғурталаш қиймати 100–120 АҚШ долларини ташкил қилади.

 

 

Улар қайси мамлакатларда ишлайди

 

Visa ва MasterCard карталари халқаро тўлов тизимлари сирасига киради. Чиқарилган мамлакатидан қатъи назар улар Visa ва MasterCard логотипи бўлган ҳар жойда чекловларсиз қабул қилиниши лозим. Бироқ сафар қилишдан олдин, сафар қилиш мўлжалланаётган мамлакат ушбу тўлов тизимларидан бирига киришини текширган маъқул. Бу ахборотни халқаро пластик карталар берадиган банкда аниқлаб олиш мумкин.

 

 

Тўлов карталари билан юзага келадиган муаммолар ва уларни ҳал қилиш усуллари

 

 

Карта йўқотилган тақдирда нима қилиш керак

 

Карта йўқотилгандан кейин картадаги маблағларни блокировка қилиш учун биринчи навбатда уни берган банкни хабардор қилиш керак. Бу ҳолатда карта йўқотилганлиги ҳақида хабардор қилингандан кейин ҳисобварақдан ишлатилган пуллар банк томонидан қопланади. Агар банкда, фирибгарлик операцияси (ҳисобварақдан ҳисобдан чиқариш) карта топилгандан сўнг, бироқ бу ҳақда банк хабардор қилингунга қадар содир бўлганлиги аниқланса, у ҳолда ҳисобварақдан ҳисобдан чиқарилган пуллар қопланмайди.

 

 

Карта йўқотилмаган, бироқ ҳисобдан чиқариш карта сақловчининг рухсатисиз амалга оширилган

 

Бундай вазиятда воқеалар ривожи турли вариантда бўлиши мумкин. Масалан, пулни ҳисобдан чиқариш бўйича операция бир жойда амалга оширилган, бу вақтда эса карта сақловчиси бошқа жойда бўлган (очиқ-ойдин фирибгарлик). Ёки айнан битта харид икки марта амалга оширилган (бу вариантда бунинг сабаби нафақат фирибгарлик, балки техник носозлик ҳам бўлиши мумкин). Ёхуд кассир янглишиб, карта бўйича муваффақиятсиз операция тўғрисида хабар беради, ҳақиқатда эса транзакция амалга оширилган бўлади.

 

Шунга ўхшаш барча ҳолатларда банкка ёзма ариза бериш керак. Бунда карта ҳисобварағидан ғайриқонуний ҳисобдан чиқаришга эътироз билдириш мумкин бўлган аниқ муддатни белгилаш зарур.

 


Ишнинг ҳолатини аниқлаштириш жараёнида банк карта сақловчисидан ҳужжатларнинг қўшимча пакетини талаб қилишга ҳақли. Қаердадир Индонезияда (башарти карта сақловчиси ўз мамлакатидан ташқарига чиқмаган бўлса) карта бўйича транзакция аниқланган тақдирда виза мавжуд бўлмаган паспорт нусхаси ва ходим бу вақтда чет элда бўлмаганлиги ёки таътилга чиқмаганлиги тўғрисида иш жойидан маълумотнома шундай қўшимча ҳужжатлар бўлиши мумкин.

 

Банклар ўзлари айбдорни аниқлай олмаган тақдирда, ишга  тўлов тизими (Visa, MasterCard) қўшилади. Ўзини жабрланувчи томон деб ҳисоблайдиган банк, тегишли тўлов тизимига чамаси айбдор банкдан зарур суммани ҳисобдан чиқариб беришни сўраб мурожаат қилади. Бу сумма муҳокамасиз ҳисобдан чиқарилади. Агар кўрсатилган сумма ҳисобидан чиқарилган банк эътироз билдирса, у ҳолда у ҳисобдан чиқаришга шикоят бериши мумкин. Бу ҳолатда ҳам тўлов тизими ҳакамлик ўтказади ва айбдор банкни аниқлайди.

 

Ҳисобдан чиқаришга рухсат берилмаган пулларни қайтариш жараёни бир неча кундан бир неча ойгача чўзилиши мумкин. Бунда уларни қайтаришни рад қилиш варианти ҳам истисно қилинмайди. Масалан, банкоматлар, айниқса битта шаҳар доирасида жойлашган банкоматлар орқали амалга оширилган транзакциялар бўйича низолашиш етарлича мураккаб. Мижоз томонидан банкни қасддан алдаш факти аниқланса, мижоз жиноий жавобгарликка тортилади.

 

 

Банкомат картани қайтармаяпти

 

Бу қуйидагилар оқибатида содир бўлиши мумкин:

 

  • кетма-кет уч маротаба нотўғри PIN-кодни киритиш; 
  • банкомат ишида носозлик; 
  • мижоз картасини олиши учун ажратилган вақт лимитининг тугаши.
    Ҳар бир банкоматда уни сервис жиҳатидан қўллаб-қувватловчи банк бўлимининг телефон рақами бор. Банкоматдан нари кетмай у ерга қўнғироқ қилинг ва ишламаётган банкоматнинг жойлашган жойини маълум қилинг. Агар картани бермаган банкомат иши ва сервисига жавоб берадиган банк билан боғланишнинг иложи бўлмаган бўлса, эмитент-банкка қўнғироқ қилиб, картани блокировка қилишни сўраган маъқул. 

 

Телефон рақамлари банкоматда кўрсатилмаган ёки улар яхши кўринмаган тақдирда, ўз банкингизнинг мижозларни қўллаб-қувватлаш call-марказига қўнғироқ қилинг. Банкдан картани олганда албатта карта берган банкнинг телефон рақамини ёзиб олинг. Бу унда маблағларнинг сақланишига кўмак беради.

 

Карта банкомат билан юзага келган муаммо ҳақида банкка хабар берилгандан кейин бир неча кундан кейин қайтарилади. Уни олиш учун ариза ёзишга тўғри келади. Картадан ечиб олиниши режалаштирилган суммани банк бўлимидан олиш мумкин, бироқ бунинг учун унинг рақамини билиш ҳамда ёнингизда паспорт ёки бошқа шахсни тасдиқловчи ҳужжат бўлиши лозим.

 

 

Банкомат картани қабул қилмаётир

 

Чамаси карта бу банкоматга хизмат кўрсатаётган тўлов тизими томонидан қўллаб-қувватланмаяпти. Банкоматдан фойдаланишни бошлашдан олдин унда у хизмат кўрсатаётган тизимларнинг логотиплари мавжудлигини текшириш керак. Агар улар мавжуд бўлмаса, яхшиси бошқа банкоматни топган маъқул.  Агар тўлов тизимлари банкомат томонидан қўллаб-қувватланса, бироқ аппарат барибир картани қабул қилмаса, эҳтимол, банкоматга шикаст етган. Бошқа банкомат ҳам картани қабул қилмаган (“кўрмаган”) тақдирда, чамаси картанинг ўзи зарарланган бўлади. Бу ҳолатда банкдан янги карта олишга тўғри келади.

 

Ҳа айтганча, пластик карта магнит тасмасидаги  ахборот кучли электр магнит майдони таъсирида шикастланиши мумкин. У мобил телефонлар, планшетлар, компьютерлар, телевизорлар, микротўлқинли печь ва ҳ.к.лардан чиқиши мумкин. Шундай экан, агар ахборот  чипда эмас, балки картанинг магнит тасмасида сақланса уни улардан узоқроқда сақлаган маъқул.

 

Банкомат пул бермади ёки чекда кўрсатилган ҳамма суммани бермади

 

 

Бундай турдаги ҳолатлар жуда кам учрайди ва бу муаммони ҳал қилиш учун:

 

  • банкомат берган чекни сақлаб қўйиш; 
  • содир бўлган барча ҳолатни қайд қилиш (шу жумладан банкнотларнинг номинали, миқдори ва рақами); 
  • сумма тўлиқ берилмаганлиги фактини кейинчалик тасдиқлаши мумкин бўлган гувоҳларни топиш;
  • ички текширув мобайнида банк ходимлари уларни суриштиришлари учун улар тўғрисидаги маълумотларни ёзиб қўйиш (Ф. И. О., телефон рақамлари ҳамда манзилларини); 
  • карта берган банкка қўнғироқ қилиш ва юз берган ҳодиса тўғрисида хабар бериш; 
  • кейин банкингизнинг яқин орадаги бўлимига мурожаат қилиб, талаб қилинган пул маблағларидан тўлиқ сумма берилмаганлиги факти ва фарқни қайтаришни сўраб ариза ёзиш лозим.

 

 

Пулни олишга улгурмай, банкомат уни қайтариб “олиб қўйди”

 

Агар пуллар қандайдир сабаб билан 30-60 сония ичида олинмаса, банкомат уларни қайтариб олиб қўяди. Ҳаракатлар тартиби юқорида таърифланган вазиятдаги каби:

 

  • чекни сақлаб қўйиш; 
  • гувоҳлар тўғрисидаги маълумотларни ёзиб қўйиш; 
  • банкка ёзма ариза билан мурожаат қилиш; 
  • банкоматда пул маблағларининг ортиқча қисми текширилгандан кейин пулларни қайтаришлари керак. 

 

Банкомат 4 рақамли ўрнига 6 рақамли PIN-код киритишни талаб қилаётир

 

Бу кўпгина мамлакатларда учраши мумкин бўлган вазият.   Бу ҳолатда шунчаки PIN-кодни иккита ноль билан тўлдиринг (яъни 1234 ўрнига 123400 ни териш лозим).

 

Биз Ўзбекистон Марказий банкига ҳам чет элда пластик карта билан қийин вазиятга тушиб қолган ватандошимиз бажариши лозим бўлган ҳаракатлар тартиби тўғрисида тушунтириш беришни илтимос қилиб сўров юбордик. МБ жавоби билан шу ерда танишиш мумкин.

 

Картани қабул қилишда унинг сақловчисига конверт берилади, унда РIN-код ва банкнинг техник қўллаб-қувватлаш хизмати рақами кўрсатилган бўлади, уни қаергадир панароқ жойга ёзиб қўйиш ёки яхшиси эслаб қолган маъқул. Агар карта йўқотилса, дарҳол банкнинг қўллаб-қувватлаш хизматига қўнғироқ қилиб, йўқотиш тўғрисида хабар бериш ва карта тиклангунга қадар ёки у топилгунча блокировка қилиб қўйиш учун РIN-кодни айтиш керак.

 

ХПКни блокировкадан чиқариш ёки тиклаш  фақат Ўзбекистонда банкка у йўқотилганлиги ёки блокировка қилиш тўғрисида ариза берилгандан сўнг амалга оширилади. Ариза фақат карта сақловчиси томонидан берилган тақдирда кўриб чиқилади.  Қариндошлар ёки яқинлардан қабул қилинмайди. Бу чоралар пул маблағларини ҳимоя қилиш, яъни карта сақловчисининг рухсатисиз унинг картасидаги пулларни ҳеч ким тасарруф қила олмаслиги учун қабул қилинади.

 

Муслим МАРДАНОВ, мухбиримиз.