Корхонада иш ҳақини ойда бир марта олишга рози бўлган ходимлар бор, бу ҳақда уларнинг аризалари мавжуд. Бу ҳуқуқбузарлик ҳисобланмайдими?
Вазиятни меҳнат ҳуқуқи бўйича “Норма” эксперти Ленара ХИКМАТОВА тушунтирди:
- Меҳнатга ҳақ тўлаш муддатлари жамоа шартномаси ёки бошқа локал норматив ҳужжатда белгиланади ва ҳар ярим ойда бир мартадан кам бўлиши мумкин эмас. Бундан ташқари, жамоа шартномасида иш берувчининг айби билан ходимга ҳақ тўлаш белгиланган муддатларга нисбатан кечикканлиги учун жавобгарлик назарда тутилиши мумкин.
Ходимларнинг айрим тоифалари учун фақат алоҳида ҳолларда Ҳукумат томонидан иш ҳақи тўлашнинг бошқа муддатлари белгилаб қўйилиши мумкин.
Меҳнат ҳақидаги келишувлар ва шартномаларнинг ходимлар аҳволини меҳнат тўғрисидаги қонунлар ва бошқа норматив ҳужжатларда назарда тутилганига қараганда ёмонлаштирадиган шартлари ҳақиқий эмас. Шу тариқа, ҳатто буни ходимнинг ўзи истаган тақдирда ҳам, иш ҳақини ойда бир марта тўлаш мумкин эмас, деб ҳисоблаймиз.
Биринчидан, иш берувчи ва ходим ўртасида иш ҳақини ойда бир марта тўлаш тўғрисидаги келишув ходимнинг аҳволини МКнинг 161-моддасига қараганда ёмонлаштиради, бинобарин, ҳақиқий эмас ҳисобланади.
Иккинчидан, ўша МКнинг 161-моддасида аниқ, ҳеч бир шартларсиз, иш берувчининг ходимлар меҳнатига ҳар ярим ойда ҳақ тўлаш мажбурияти белгиланган. Шу боис ҳам иш ҳақини ушбу даврийрикдан кечиктириб бериш кўрсатилган модда нормасини бузади.
Buxgalter.uz да батафсил ўқинг.