У Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмасининг IV конференциясида тасдиқланган. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.
Кодекс журналистлар ва барча оммавий ахборот воситалари ходимлари ўз касб мажбуриятларини бажаришда риоя этиши шарт бўлган маънавий-ахлоқий йўналишларни белгилайди:
- касб ва ижтимоий масъулият;
- бетарафлик ва холислик;
- ахборотнинг ишончлилиги. Журналист ҳаққонийлигига ишонч ҳосил қилган ахборотнигина тарқатади ва шарҳлайди. Бунда кодекс унга камида иккита мустақил манба орқали ахборотни текшириб кўришни тавсия этади. Ишончсиз ва далилларга асосланмаган ахборот тарқатган тақдирда журналист зудлик билан ўз хатосини тан олиши, узр сўраб, хатосини тузатиш чорасини кўриши шарт;
- ахборот манбаининг махфийлиги. Журналист махфий йўл билан олинган ахборот манбаига нисбатан касб сирини сақлайди ва ундан ахборот манбани ошкор этишга мажбурлашга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ;
- миллийлик ва маънавият. Журналист ҳеч бир халқ ва элатнинг миллий, диний ёки ирқий камситилишига йўл қўймайди.
- шахсий ҳаётга ҳурмат, шахс шаъни ва қадр-қимматини ҳимоялаш. Журналист одамларнинг шахсий ҳаёти ҳақидаги маълумотларни фақат уларнинг розилиги ва ҳужжатларнинг сир сақланишига риоя қилган ҳолда эълон қилади. Журналист ноқонуний йўл ва номақбул воситалар ёрдамида одамларнинг шахсий ҳаёти ҳақида ахборот тўплаш, овоз ёзиб олиш ва материаллар тўплаши мумкин эмас;
- плагиатга йўл қўймаслик;
- журналистлар бирдамлиги.
Журналист касб этикаси талаблари ва меъёрлари бузилиш ҳолатларини кузатиш, таҳлил қилиш ва тегишли хулоса чиқариш мақсадида оммавий ахборот воситалари бўйича Жамоатчилик кенгаши тузилади. У 7 кишидан иборат таркибда 5 йиллик муддатга Журналистлар ижодий уюшмаси конференциясида сайланади. Жамоатчилик кенгаши қарори журналистни интизомий, маъмурий ёки бошқа турдаги жавобгарликларга тортиш учун асос ҳисобланмайди, у тавсия хусусиятига эга.
Кодекс нормаларини бузганлик учун журналистларни жавобгарликка тортиш шартлари ҳақида биз илгари ёзган эдик.
Ленара Хикматова.