Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 19 май куни тадбиркорликни қўллаб-қувватлашга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилди.
Эпидемиологик ҳолатдан келиб чиқиб, ҳудудларни “яшил”, “сариқ” ва “қизил” зоналарга ажратган ҳолда, 110 мингга яқин тадбиркорлик субъектининг фаолиятига рухсат берилди, 600 мингдан зиёд ходимлар иш жойига қайтди.
Сўнгги икки ойда пандемиянинг аҳоли турмуш тарзи ва иқтисодиёт тармоқларига таъсирини юмшатиш бўйича Президентнинг 12 та фармон ва қарори қабул қилинди. Бунинг натижасида 500 мингдан зиёд тадбиркорлик субъекти ва 8 миллиондан ортиқ фуқарога қарийб 30 трлн сўмлик имтиёз ва преференциялар берилди.
Республика комиссиясига соҳалар ва ҳудудлардаги эпидемиологик вазиятдан келиб чиқиб, қолган 40 мингдан ортиқ тадбиркорлик субъектлари фаолиятига ҳам босқичма-босқич рухсат бериш вазифаси қўйилди.
Пандемия туфайли камбағал аҳоли ва ишсизлар сони ошиши, оилалар даромади камайиши тайин. Шу сабабли қисқа фурсатда янги иш ўринлари яратиш учун кичик бизнес ва оилавий тадбиркорликни фаол қўллаб-қувватлаш зарур.
Йиғилишда бу борадаги қўшимча чора-тадбирлар ва устувор вазифалар муҳокама қилинди. Тадбиркорлар ҳуқуқлари кафолатлари ва мулк дахлсизлигини таъминлаш масаласига жиддий эътибор қаратилди. Мутасадди идораларга мулк дахлсизлигини бузганлик учун жавобгарликни кучайтириш, мулкни компенсация қилиш бўйича тадбиркорлар фойдасига чиқарилган суд қарорлари ижросини тўлиқ таъминлаш бўйича кўрсатмалар берилди.
Ўзини ўзи банд қилаётган, қўлида касб-ҳунари бор одамларга муносиб шароит яратиш мақсадида янги тизим жорий этилиши белгиланди. Яъни, сартарош, этикдўз, новвой, темирчи, дурадгор, тикувчи, таксист, таржимон, дизайнер, компьютер дастурчиси каби ўзини ўзи банд қилган 60 дан зиёд касб эгалари даромад солиғидан озод қилинади. Мазкур имтиёздан фойдаланиш учун телефон орқали солиқ идораларини хабардор қилиш кифоя.
Карантин даврида кўпгина ташкилотлар тўлов қобилиятини йўқотиб, банкротлик ёқасига келиб қолиши мумкин. Шу сабабли, корхонага санация қўлланилса, унинг солиқ ва бошқа тўловлардан қарздорлиги карантин тугаганидан кейин ундирилиши мумкинлиги белгиланди.
Пандемия оқибатларини юмшатиш доирасида “Ҳар бир оила – тадбиркор” дастурига ажратилган 1 трлн сўм кредит маблағларини қайтариш муддати узайтирилди. Шу боис, ушбу дастурни тўлиқ амалга ошириш учун Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси ҳисобидан 100 млн доллар ажратилди.