Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Бухгалтерия ҳисоби ва солиқ солиш мақсадларида амортизация ҳисоблашнинг фарқи МИЗ иштирокчиларига фойда солиғи бўйича имтиёз қайси даромад турларига нисбатан қўлланилиши мумкин Геологик изланишларнинг солиқ ҳисоби қандай юритилади

Кичик бизнесни қўллаб-қувватлаш бўйича қандай янги чоралар қабул қилинди

21.05.2020

Рус тилида ўқиш

Эълон қилинган Президент Фармони – пандемия даврида тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш бўйича тўртинчи ҳужжат (аввалги учтаси – ПФ-5969-сон, ПФ-5978-сон, ПФ-5986-сон). Янги ҳуқуқий ҳужжат нима учун зарурлиги, у кичик бизнесга нима бериши хусусида  – молия вазирининг ўринбосари Дилшод СУЛТОНОВ билан интервьюда.

 

- Нима учун мазкур мавзуга давлат томонидан бундай эътибор қаратилмоқда?

 

- Кичик бизнес мамлакатимиз иқтисодиёти учун жуда муҳим, шу жумладан янги иш ўринлари барпо этиши ва бандликни таъминлаши ҳисобига.

 

Карантин чоралари бизнеснинг ишбилармонлик фаоллигида акс этди. Шу боис карантин талабларини босқичма-босқич юмшатиш амалга оширилаётган даврда давлатимиз раҳбарияти тадбиркорлик субъектлари фаолияти ва иш ўринларини сақлаб қолган ҳолда тикланиши учун мисли кўрилмаган чораларга бормоқда.

 

- Кичик бизнесга қўллаб-қувватлашни битта ҳужжатда, айтайлик, ўша март ойидаги фармонда тақдим этса бўлмасмиди?

 

- Пандемиянинг дастлабки палласида коронавирус инфекциясига қарши курашиш асосий вазифа бўлди. Бу даволаш ва бошқа муассасаларни дори воситалари ва тиббиёт буюмлари, ҳимоя препаратлари ва тест тизимлари билан таъминлашдир.  Карантинда сақланаётган шахсларни сақлаш харажатларини қоплаш, инфекциянинг тарқалишига қарши курашишда иштирок этаётган тиббиёт ходимларини моддий рағбатлантириш, ҳимоялаш ишларини олиб бориш учун республика санитария-эпидемиология хизмати харажатларини қоплаш учун маблағлар ажратиш зарур эди. Инфекцияли касалликларни аниқлаш, профилактика қилиш ва даволаш бўйича тадбирларга жалб қилинган даволаш ва бошқа муассасаларни қуриш, таъмирлаш, реконструкция қилиш ва уларни жиҳозлаш молиялаштирилди.

 

Март ойида, қачонки карантин чекловлари жорий этилганда, пандемиянинг узоқ муддатли оқибатларини баҳолаш мураккаб эди ва энг аввало, фуқароларнинг соғлиғи ва ҳаётини сақлаб қолиш бўйича чоралар қабул қилинди. Карантин муддатларининг узайтирилишига қараб ва вазиятнинг ўзгаришидан келиб чиқиб, давлатимиз раҳбари томонидан бизнес, энг аввало, кичик бизнесни қўллаб-қувватлаш бўйича янги чоралар қабул қилинди.

 

- Янги фармон билан кичик бизнес субъектлари ва талай хизмат соҳаси корхоналари 2020 йилнинг 1 июнидан 1 сентябрига қадар бўлган муддатга мол-мулк ва ер солиқларини тўлашдан озод этилди. Аввалги фармонларда ҳам ушбу солиқлар хусусида кўп гапирилган. Нима учун айнан мазкур солиқларга бундай эътибор берилмоқда?

 

- Ҳақиқатан, мол-мулк солиғи ва ер солиғи бўйича аввалги фармонлар билан қуйидагилар кўринишида имтиёзлар тақдим этилганди:

  • улардан туризм соҳаси ташкилотларини озод этиш;
  • йил охирига қадар солиқларни тўлаш бўйича кечиктиришлар.

 

Энди эса озод этиш бутун кичик бизнесга татбиқ этилади. Амалиёт кўрсатганидек, шунчаки кечиктиришларнинг ўзи етарли эмас. Пандемия вақтида кўп корхоналар ўз ишини тўхтатишга мажбур бўлди ёки ҳажмларни жиддий қисқартирди. Бунда корхонада реализация мавжуд бўлмаган тақдирда, тегишинча, мазкур субъектда ҚҚС, акциз солиғи ёки айланмадан олинадиган солиқ бўйича мажбуриятлар юзага келмаган. Айланмалари ойига 1 млрд сўмдан ошмаган солиқ тўловчилар ҚҚСни ҳар ойда эмас, балки ҳар чоракда тўлаш ҳуқуқига эга бўлишди.

 

Ресурс солиқларининг эса иқтисодий табиати ўзгача – улар реализация мавжуд ёки мавжуд эмаслигидан қатъи назар ҳисобланиши ва тўланиши керак. Айнан шу боис мол-мулк ва ер солиқлари бўйича кечиктиришлар ва имтиёзлар тақдим этилишига бунчалик эътибор қаратилди.

 

Фойда солиғига келсак, у ўсиб борувчи якун билан ҳисоблаб чиқарилади, яъни биринчи чорак, ярим йиллик, 9 ой ва йил якунлари бўйича аниқланади. Тегишинча, агар солиқ солинадиган фойда бўлса, солиқ ҳисоблаб чиқарилади. Агар фойданинг ҳажми қисқарса, солиқ суммаси қайтарилиши керак.

 

- Ушбу имтиёзларнинг асосий субъекти – микрофирмалар ва кичик корхоналар. Мол-мулк ва ер солиқларидан озод этиш учун айланманинг миқдори – миллиарддан камлиги ёки ортиқлиги аҳамиятга эгами?

 

- Йўқ, аҳамиятга эга эмас. Солиқ солиш тартиби айланма миқдорига боғлиқ – ёки айланмадан олинадиган солиқ (1 млрд сўмгача тушум) ёхуд ҚҚС ва фойда солиғи (1 млрд сўмдан ортиқ). Мол-мулк ва ер солиқларини айланмадан қатъи назар солиқ солиш объекти мавжуд бўлса – ҳамма тўлайди. 

 

Улардан 2020 йилнинг 1 июнидан 1 сентябрига қадар фақат кичик бизнес субъектлари ва кичик бизнес ҳисобласмаслиги мумкин бўлган талай хизмат соҳаси корхоналари озод этилган. Бу - бозорлар ва савдо комплекслари, кинотеатрлар, умумий овқатланиш  корхоналари, жамоат транспорти корхоналари, спорт-соғломлаштириш муассасалари, шунингдек, йўловчи ташиш, маиший хизматлар кўрсатиш, биноларни, шу жумладан, банкетлар ўтказиш учун ижарага бериш фаолияти билан шуғулланувчи юридик шахслар.

 

Шу боис ушбу имтиёздан фойдаланиш учун микрофирма ёки кичик корхона бўлиш керак. Ёки сизнинг корхонангиз юқорида кўрсатилган фаолият турлари билан шуғулланса, у йирик корхона бўлиши ҳам мумкин.

 

- Корхона микрофирма ёки кичик корхона ҳисобланишини қандай аниқлаш мумкин?

 

- Мезон бу ерда оддий – штатдаги ходимлар ва фуқаролик-ҳуқуқий шартнома бўйича иш бажарувчи шахсларнинг ўртача йиллик сони. У ўтган, яъни 2019 йил якунлари бўйича аниқланади. Ушбу ходимлар сонини Кичик тадбиркорлик субъектларига тегишли бўлган ташкилотларнинг таснифлагичида (24.08.2016 йилдаги 275-сон ВМҚга 1-илова) кўрсатилган  энг юқори қийматлар билан солиштириш зарур.

 

Агар у Таснифлагичда кўрсатилган қийматлардан паст ёки тенг бўлса, корхона кичик бизнес субъекти ҳисобланади, агар юқори бўлса – ҳисобланмайди. Яна бир бор эътиборингизни жалб қиламан – бунда тушумнинг миқдори  ҳеч қандай аҳамиятга эга эмас. Яъни корхона автомобиллар ва енгил автотранспорт воситалари улгуржи савдоси билан шуғулланса ва ходимларнинг ўртача йиллик сони унда 6 дан 25 нафаргача бўлса, у кичик бизнес субъекти ҳисобланади. Бунда унинг айланмаси ўнлаб ёки юзлаб миллиард сўмдан ортиқ бўлиши мумкин.

 

- Якка тартибдаги тадбиркорлар кичик тадбиркорлик субъектлари ҳисобланадими? Агар “ҳа” бўлса, имтиёзлар нималарга татбиқ этилади – уларда ҳам ишлаб чиқариш, ҳам шахсий мол-мулк мавжуд?

 

- Якка тартибдаги тадбиркорлар – бу ҳам кичик бизнес. Шу сабабли уларга нисбатан ҳам микро ва кичик корхоналарга татбиқ этиладиган имтиёзлар амал қилади. Бунда якка тартибдаги тадбиркорлар учун мол-мулк ва ер солиқлари  бўйича имтиёзлар фақат ишлаб чиқариш мақсадларида фойдаланилаётган объектларга татбиқ этилади.

 

- Фармон билан улар бўйича 2020 йил 19 мартдаги ПФ-5969-сон ва 2020 йил 3 апрелдаги ПФ-5978-сон Фармонлар асосида фоизсиз кечиктириш (бўлиб-бўлиб тўлаш) тақдим этилган 2020 йил апрель ва май ойлари учун тўланиши лозим бўлган мол-мулк ва ер солиқлари суммалари ҳисобдан чиқарилади. Гап ким хусусида бормоқда?

 

- Гап мазкур солиқларни тўлаш бўйича кечиктиришни ёки маҳаллий давлат ҳокимияти органлари орқали ёхуд солиқ органларини хабардор қилиш асосида олган кичик тадбиркорлик субъектлари хусусида бормоқда. Ушбу имтиёз  ўз фаолиятини тўхтатганларга ва (ёки) товарлар (хизматлар) реализациясидан тушуми жорий йилнинг I чорагидаги ўртача ойлик миқдорига нисбатан 50%дан кўпроққа камайганларга тақдим этилган.

 

Янги Фармон билан юқорида санаб ўтилган кечиктирилган суммалардан апрель ва май ойлари учун суммалар ҳисобдан чиқарилади. Яъни кичик тадбиркорлик субъектлари – кўрсатилган шартларга риоя қилинганда – жорий йилнинг 1 апрелидан 1 сентябрига қадар ёки 5 ой муддатга (кечиктирилган апрель-май + озод этиладиган июнь-август) мол-мулк ва ер солиқларини тўлашдан озод этилади.

 

- Илгари аввалги Фармонлар билан кечиктирилган мол-мулк солиғи ва ер солиғи суммаларини ҳисобдан чиқариш таомили қандай амалга оширилади? Мазкур масала бўйича мурожаат қилиш лозим бўладими, агар лозим бўлса, қаерга?

 

- Апрель ва май ойлари учун мол-мулк солиғи ва ер солиғи суммаларини ҳисобдан чиқариш солиқ органлари томонидан амалга оширилади.

 

Яқин кунларда Молия вазирлиги тегишли тушунтиришларни, жумладан мол-мулк солиғи ва ер солиғи бўйича солиқ ҳисоботи тақдим этиш тартиби, шунингдек ижтимоий солиқнинг пасайтирилган ставкасини қўллаш юзасидан тушунтиришларни эълон қилади.

 

- Шунингдек 2020 йилнинг 1 январидан бошлаб ҳосил бўлган 2020 йил 15 май ҳолатига бўлган мол-мулк ва ер солиқлари бўйича пеня ва жарималар ҳисобдан чиқарилади. Пеня ва жарималарни ҳисобдан чиқаришни солиқ органлари билан келишиш (солиштириш далолатномаси) таомилини ўтказиш зарур бўладими?

 

- Солиқ тўловчининг шахсий карточкасида кўрсатилган жарималар ва пеняларни ҳисобдан чиқаришни солиқ органлари амалга оширади. Тадбиркорлар ҳеч қаерга мурожаат қилишлари зарур эмас.

 

- Янги Фармон бўйича ижтимоий солиқ бўйича кечиктиришга эга субъект, энди пасайтирилган ставка бўйича (12% ўрнига 1%) солиқни қайта ҳисоблаши мумкинми?

 

- 2020 йилнинг 1 майидан 1 июлига қадар микрофирмалар ва кичик корхоналар учун ижтимоий солиқнинг ставкаси 12%дан 1%гача пасайтирилади. Бу пасайиш шу даврда кечиктирилган мажбуриятларга ҳам татбиқ этилади. Яъни жорий йилнинг 1 майидан 1 июлга қадар бўлган даврга кечиктирилган ижтимоий солиқ суммасига 1% миқдорида солиқ солинади. 1 июлдан бошлаб кечиктирилган суммалар бўйича ижтимоий солиқ 12% ставка бўйича ҳисобланади.

 

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info! Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_