Ташкилотда локал ҳужжатлар нега керак? Нима учун уларнинг айримларисиз иш юритиб бўлмайди? Қайси ички ҳужжатлар касаба уюшмаси билан келишилади, уларни тасдиқлаш тартиби қандай? Жавобларни шарҳимиздан топасиз.
Таҳририятдан: локал ҳужжатлар намуналарини ва кадрлар ишини юритиш соҳасидаги бошқа фойдали ахборотни “Кадрлар бўйича маслаҳатчи” ЭМТда топиш мумкин. Тизим билан бу ерда танишиш мумкин.
Ходимлар ва иш берувчи ўртасидаги меҳнат муносабатлари ижро этилиши мажбурий норма ва талаблар давлат томонидан белгиланган қонунчилик даражасида ҳам, локал даражада ҳам тартибга солинади. Ҳар бир ташкилот ўз фаолияти хусусиятидан келиб чиқиб, ташкилотдаги иш жараёни ва меҳнат муносабатларига доир айрим масалаларни тартибга солувчи локал (яъни ички) норматив ҳужжатларни мустақил равишда ишлаб чиқади ва тасдиқлайди.
Бундай ички ҳужжатлар:
- қонун билан бевосита тартибга солинмаган масалаларни ҳал этиш;
- айрим меҳнат шартлари ва нормаларига аниқлик киритиш;
- ходимларга қонун ҳужжатларида белгиланганидан ташқари қўшимча ҳуқуқ ва кафолатларни тақдим этиш имконини беради.
Локал норматив ҳужжатларда (бундан кейин – ЛНҲ) қуйидагилар назарда тутилиши мумкин: корхонадаги иш вақти режими хусусиятлари, ходимларни ишда эришган ютуқлари учун рағбатлантириш ва уларга нисбатан интизомий жазо қўллаш тартиби, меҳнатга ҳақ тўлаш тизими ва муддатлари, ходимларни моддий рағбатлантириш турлари (устамалар, мукофотлар, қўшимча тўловлар ва ҳ.к.), меҳнат шароити ноқулай ишлар рўйхати ва б.
ЛНҲ ходимлар ва иш берувчи томонидан ижро этилиши мажбурий. ЛНҲни лозим даражада расмийлаштирмаслик уларнинг ҳақиқий эмас деб топилишига олиб келиши мумкин. Бунинг устига, ЛНҲни тасдиқлашнинг белгиланган тартибини бузиш мазкур ЛНҲ билан тартибга солинган масалалар юзасидан раҳбар чиқарган буйруқлар ёки берган кўрсатмалар бекор қилинишига, иш судда кўрилишига, шунингдек раҳбар маъмурий жавобгарликка тортилишига сабабчи бўлиши мумкин.
Бунга йўл қўймаслик учун иш берувчилар ва кадрлар хизматларининг ходимлари локал ҳужжатларни тасдиқлаш ва расмийлаштириш жараёнига алоҳида эътибор билан ёндашишлари лозим.
Айрим ЛНҲ касаба уюшмаси билан келишилади
Ички меҳнат тартиби қоидалари (бундан кейин – Қоидалар), таътиллар жадвали ва меҳнатга ҳақ тўлаш тўғрисидаги локал ҳужжатлар алоҳида тартибда қабул қилинади. Уларни ходимларнинг вакиллик органи билан келишиш мажбурий. Аксарият ҳолларда корхонадаги ходимларнинг манфаатларини касаба уюшмалари ва улар сайлаган органлар (касаба уюшмаси қўмитаси) ҳимоя қилади. Айрим компаниялар турлича номланиши мумкин бўлган (масалан, меҳнат жамоаси кенгаши ва ҳ.к.) ходимларнинг бошқа органларини ташкил этадилар. Яъни локал ҳужжат амалга киритилиши ва юридик кучга эга бўлиши учун иш берувчи уни ташкилотда фаолият кўрсатадиган ходимларнинг вакиллик органига келишиш учун тақдим этиши керак. Унинг розилиги олингандан сўнг ЛНҲ иш берувчи томонидан тасдиқланади ва кучга киради.
Бироқ бошқача «сценарий» ҳам учраши: компанияда касаба уюшмаси ҳам, ходимларнинг бошқа вакиллик органи ҳам бўлмаслиги мумкин. Ушбу вазият учун қонун чиқарувчи, афсуски, кўриб чиқилаётган локал ҳужжатларни тасдиқлаш ва қўллашнинг ҳеч қандай механизмини белгиламаган. Ғалати ҳолат юзага келган. Корхонада вакиллик органи бўлиши мажбурий эмас, у ходимларнинг ихтиёрий асосда ташкил этилган бирлашмасидир. Ходимлар сайлаган органнинг мавжуд эмаслиги, бунинг оқибатида ҳужжатлар у билан келишилмаганлиги учун ташкилотни жазолаб бўлмайди. Бироқ айни пайтда вакиллик органи мавжуд бўлмаганда ташкилотда юқорида кўрсатилган ЛНҲ умуман бўлиши мумкин эмас. Шу сабабли юридик шахсда ходимларнинг вакиллик органи бўлмаган ҳолда ЛНҲни келишишнинг яна бир вариантини Меҳнат кодексига киритиш мақсадга мувофиқ деб ҳисоблаймиз. Масалан, ташкилот ходимлари орасидан махсус ташкил этилган комиссиянинг розилиги олинишини назарда тутиш мумкин.
Нима сабабдан Қоидалар, таътиллар жадвали ва меҳнатга ҳақ тўлаш тўғрисидаги низомлар бунчалик муҳим?
Гап шундаки, улар меҳнат муносабатларидаги кўпгина муҳим жараёнларга таъсир кўрсатади, шу боис ташкилотда уларсиз иш юритиб бўлмайди.
Ички меҳнат тартиби қоидалари компаниянинг ташкилий-ҳуқуқий шакли ва ходимлар сонидан қатъи назар, унинг мажбурий локал ҳужжати ҳисобланади (МКнинг 174-моддаси). Текширув ўтказаётганда биринчи навбатда ушбу ҳужжат сўралади, бунда нафақат унинг мавжудлиги, балки расмийлаштирилиши, ходимлар у билан таништирилганлиги текширилади.
Қоидаларсиз ходимнинг ўз меҳнат вазифаларини бир марта қўпол равишда бузганлиги (МКнинг 100-моддаси 2-қисми 4-банди), масалан, алкоголдан маст бўлган ҳолда ишга келганлиги, прогули ва ҳ.к. учун ишдан бўшатиб бўлмайди. Ходимни ишдан бўшатиш мумкин бўлган бундай қоидабузарликлар рўйхати айнан Қоидаларда қайд этилган бўлиши керак. Мазкур асосга кўра бошқа ҳужжатларни (интизом тўғрисидаги низомлар ва ҳ.к.) қўллаган ҳолда ишдан бўшатиладиган айрим тоифадаги ходимлар бундан мустасно. Бундан ташқари, Қоидаларда корхонадаги меҳнат тартиби, иш вақти режими, меҳнат интизоми ва бошқалар аниқлаштирилади.
Амалиётда судлар томонидан ходимларнинг ўз меҳнат вазифаларини бир марта қўпол равишда бузганлиги юзасидан меҳнат низолари кўрилаётганда судьялар лозим даражада расмийлаштирилганлиги ва касаба уюшмаси қўмитаси билан келишилганлиги далилини аниқлаш учун Қоидаларнинг асл нусхасини тақдим этишни талаб қиладилар. Ушбу тартибни бузиш, хусусан, ташкилотда касаба уюшмаси қўмитасининг йўқлиги сабабли у билан ҳужжатни келишмаслик ходимни ишдан бўшатиш тўғрисидаги буйруқни бекор қилиш ва илгариги ишига тиклаш учун асос бўлиши мумкин.
Маълумот учун: Идоравий мансублиги, мулкчилик ва хўжалик юритиш шаклларидан қатъи назар корхона, муассаса, ташкилотлар учун ички меҳнат тартиби қоидаларининг намунавий шакли ва мазмуни Меҳнат вазирлиги томонидан тасдиқланган (АВ томонидан 14.06.1999 йилда 746-сон билан рўйхатдан ўтказилган).
Таътиллар жадвали. Мазкур ҳужжатнинг нима учун зарурлиги аён, у МКнинг 144-моддасидан келиб чиқади. У ходимларнинг йиллик таътилларга чиқиш навбатини белгилаш учун зарур. Қонунда мулкчилик шаклидан қатъи назар барча корхоналар учун таътиллар жадвали мажбурийлиги белгиланган бўлса-да, у ҳамма ташкилотларда ҳам мавжуд эмас.
Аслида ушбу локал ҳужжат иш берувчига, хусусан, таътиллар вақтини тақсимлашда низоларнинг олдини олиш учун жуда қўл келади. Масалан, кўпчилик ёзда таътилга чиқишни хоҳлайди, бу масалани жадвал тузмай ҳал қилиш мушкул. Доим ҳам барча ходимларнинг манфаатларини ҳисобга олишнинг иложи бўлавермайди (МКнинг 144-моддасига мувофиқ ўз хоҳишига кўра ёзги ёки ўзлари учун қулай бўлган бошқа вақтда таътил олиш ҳуқуқига эга бўлган тоифалардан ташқари). Таътиллар жадвали мавжуд бўлиб, ходим у билан танишиб чиққан бўлса, йиллик ҳақ тўланадиган таътилга чиқмаслиги (ҳатто унинг вақти ходимнинг хоҳишига мос келмаса ва, айтайлик, қишки вақтга тўғри келса ҳам) мумкин эмас. Ҳатто бунинг учун интизомий жазо қўллашлари мумкин, сабаби ходимнинг таътиллар жадвалини бузгани амалда меҳнат интизомини бузиш ҳисобланади.
Меҳнатга ҳақ тўлаш тўғрисидаги локал ҳужжатлар. Уларнинг асосий мақсади – мазкур ташкилотда қўлланилаётган меҳнатга ҳақ тўлаш механизмлари, мукофотлаш тизимини мустаҳкамлаш. Амалиётда аксарият ташкилотларда у «Меҳнатга ҳақ тўлаш тўғрисидаги низом» деб номланади. Мукофотлаш тўғрисидаги нормаларни алоҳида ҳужжат, масалан, «Мукофотлаш тўғрисидаги низом» кўринишида чиқариш мумкин.
Аслида меҳнатга ҳақ тўлаш тўғрисидаги низом мажбурий ҳисобланмайди. Қонун чиқарувчи иш берувчига бундай нормаларни, ш.ж. жамоа ёхуд меҳнат шартномасига киритиш имконини берган. Бироқ жамоа шартномаси ҳаммада ҳам мавжуд эмас, меҳнатга ҳақ тўлашга доир барча шартларни меҳнат шартномасига киритиш, демак, иш ҳақи ёки уни тўлаш тартиби ҳар гал ўзгарганда унга ўзгартиришлар киритиш, яъни ҳар гал қўшимча келишув расмийлаштириш керак бўлади. Ҳар бир ходим билан алоҳида шу йўсинда иш тутиш лозим. Бунинг устига, батафсил қайд этилган тўловлар схемаси меҳнат шартномасини «оғирлаштиради».
Штати катта бўлмаган ташкилотларнинг бундай низомни тузишларига ҳожат йўқ, албатта. Бироқ турли тоифадаги ходимлар учун тўловларнинг мураккаб тизимини белгилаган йирик компаниялар меҳнатга ҳақ тўлаш тузилмаси, иш ҳақи бериш тартиби ва бошқалар ҳақидаги барча маълумотларни бирлаштирувчи алоҳида ҳужжатга эга бўлгани маъқул.
Кадрлар бўйича мутахассисларнинг ишини осонлаштириш учун меҳнат шартномасида иш ҳақи миқдорини кўрсатишни, рағбатлантирувчи тўловлар (мукофот) бўйича эса ҳужжатга ҳавола қилишни маслаҳат берамиз, масалан: «Мукофотлар Ходимларнинг меҳнатига ҳақ тўлаш тўғрисидаги низомга/Мукофотлаш тўғрисидаги низомга мувофиқ тўланади». Меҳнатга ҳақ тўлашга доир келгусидаги барча тузатишлар ушбу ҳужжатларга тузатиш киритиш орқали амалга оширилади.
Компанияда ходимга иш ҳақи тўлаш чоғида ҳисоб-китоб варағи берилса, меҳнатга ҳақ тўлаш тўғрисидаги низом ҳам қўл келиши мумкин. Унда барча ҳисобланмалар ва чегирмаларни батафсил тавсифлаган ҳолда бундай билдириш шаклини тасдиқлаш мумкин.
Юқорида кўрсатилган ЛНҲ мазмуни, шакли ва тузилмаси қонун ҳужжатларида аниқ тартибга солинмаган. Шу сабабли иш берувчи уларни эркин шаклда ишлаб чиқади. Шунингдек қонунда ЛНҲни расмийлаштириш ва ходимларнинг вакиллик органи билан келишиш тартиб-таомилига доир қатъий талаблар мавжуд эмас.
ЛНҲни тасдиқлаш ва келишиш чоғида қуйидаги алгоритмга амал қилишни тавсия этамиз.
1-босқич. Биринчи навбатда қайси хизмат, бўлим ёки аниқ ходим ЛНҲ лойиҳасини тайёрлашини белгилаб олиш лозим. Бунда ҳаммаси ҳужжатнинг ўзига хос хусусияти ва мазмунига боғлиқ. Одатда Қоидаларни – корхона юристи, таътиллар жадвалини – кадрлар бўлими, меҳнатга ҳақ тўлаш тўғрисидаги низомни эса бухгалтерия ишлаб чиқади. Ушбу масалани осон ҳал этиш учун у ёки бу локал ҳужжатларни ишлаб чиқиш мажбуриятини ходимларнинг лавозим йўриқномаларига киритишни маслаҳат берамиз. Лойиҳани тайёрлаш тартиби ва муддатларини буйруқда қайд этиш мумкин.
2-босқич. Ҳужжатни ишлаб чиқиш босқичида барча манфаатдор бўлимлар (уларнинг бошлиқлари тимсолида) ёки аниқ ходимларни у билан таништирган, агар мавжуд бўлса, ёзма фикр-мулоҳазалари ва таклифларини олган маъқул.
3-босқич. Тақдим этилган тузатишларни ҳисобга олган ҳолда тўғриланган ҳужжат касаба уюшмаси қўмитасига, рақами ва санаси қайд этилган илова хат билан бўлса яна ҳам яхши, йўлланади.
Изоҳ: юқорида айтилганидек, корхонада касаба уюшмаси қўмитасидан ташқари бошқа ходимларнинг вакиллик органи ҳам ташкил этилиши мумкин. У билан ҳам ЛНҲ таклиф этилган тартибдагидек келишилади.
Хатда лойиҳани кўриб чиқиш ва касаба уюшмасининг асослантирилган фикрини бериш муддати кўрсатилиши мумкин. Қонун билан ушбу муддатлар тартибга солинмаган, шу сабабли иш берувчи уларни ўз хоҳишига кўра белгилайди. Касаба уюшмаси қўмитаси ҳужжатни олган санани қайд этиб қўйган маъқул. Масалан, иш берувчида сақланадиган хатнинг нусхасига касаба уюшмаси қўмитаси раисининг ёки аъзоларидан бирининг имзоси билан ҳужжатни қабул қилгани ҳақида белги қўйиш мумкин.
4-босқич. Касаба уюшмаси қўмитаси мажлис ўтказиб, локал ҳужжат лойиҳасини муҳокама қилади. Кўриб чиқиш якунлари баённома билан расмийлаштирилади, унда касаба уюшмаси қўмитаси аъзоларининг қанчаси тарафдор, қанчаси қарши овоз бергани натижалари акс этади. Баённомадан кўчирма ёки нусха илова хат билан бирга иш берувчига йўлланади. Хатда одатда касаба уюшмаси қўмитасининг ҳужжатни келишганликлари ёки келишмаганликлари юзасидан узил-кесил қарори қайд этилади. Агар касаба уюшмаси қўмитаси айрим нормалар қонунга зид ёки ходимларнинг ҳуқуқларини етарлича кафолатламайди деб ҳисобласа, иш берувчига йўлланган хатда асослантирилган тузатишларини тақдим этиши мумкин. Бу ҳолда иш берувчи ҳужжат лойиҳасини касаба уюшмаси қўмитасининг фикр-мулоҳазалари билан бирга қўшимча ишлов бериш учун беради, шундан сўнг ҳужжат касаба уюшмаси қўмитасида яна кўриб чиқилади.
Бу – муҳим! Кўп ташкилотлар ЛНҲни касаба уюшмаси қўмитаси билан келишиш моҳиятини нотўғри тушунадилар. Айримлар касаба уюшмаси қўмитаси раисининг ЛНҲ титул варағидаги имзоси бунинг учун етарли деб ҳисоблайдилар. Бу нотўғри, келгусида локал ҳужжат ҳақиқий эмас деб топилиши мумкин. Касаба уюшмаси қўмитаси – коллегиал орган, унинг кўпчилик овози билан қарор қабул қилинади.
Шу сабабли ЛНҲ титул варағини расмийлаштираётганда касаба уюшмаси қўмитаси билан келишилганлиги далилини нафақат унинг раиси имзоси билан, балки вакиллик органи мажлиси баённомасининг санаси/рақами билан ҳам тасдиқлаган маъқул (қуйидаги намунага қаранг).
КЕЛИШИЛДИ
«_________________________» МЧЖ касаба уюшмаси қўмитаси раиси (Ф.И.О.)
касаба уюшмаси қўмитаси мажлисининг __________________ 2018 йилдаги ___-сон баённомаси М.Ў. «__» __________2018 й.
|
ТАСДИҚЛАЙМАН
«______________» МЧЖ директори (Ф.И.О.)
М.Ў. «__» _____________ 2018 й.
|
Касаба уюшмаси қўмитаси мажлиси баённомасидан кўчирма ёки унинг нусхасини локал ҳужжатга бириктириб қўйишни тавсия этамиз.
Ленара Хикматова.