Марказий банк 2020 йил 16 январдаги қарор билан қайта молиялаштириш ставкасини 16% даражасида қолдирди. Бу инфляцияга қарши пул-кредит сиёсатини сақлаб қолиш зарурати билан изоҳланади. Бироқ, агар инфляциянинг жорий трендлари сақланиб қолса, яқин келажакда ставка пасайтирилиши мумкин. Бу ҳақда Марказий банк раисининг ўринбосари Илҳом Норқулов 16 январда ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилди.
2019 йил якунлари бўйича инфляция прогноз коридорининг (13,5-15,5%) юқори чегарасига яқин даражада шаклланди ва 15,2 фоизни ташкил этди. Ун ва нон маҳсулотлари (24,8%), гўшт маҳсулотлари (23,4%), мева ва сабзавотлар (14,5%) ҳамда йўловчи транспорти хизмати нархи (13%) юқори даражада ўсди. Бинобарин, йилнинг охирида - 2019 йилнинг сўнгги чорагида инфляция даражаси 2018 йилнинг мос даври билан таққослаганда 5,7%дан 5%гача секинлашди.
Ўзбекистон янги босқич – инфляцион таргетлашнинг фаол фазасига кирмоқда. Марказий банк 2020 йил учун инфляциянинг прогнозини 12-13,5% даражасида белгилади.
Қандай омиллар инфляция суръатининг секинлашишига таъсир кўрсатади:
1. Озиқ-овқат ва ноозиқ-овқат товарларининг нархлари қўшни мамлакатлар ва савдо ҳамкор давлатлардаги нархлар ўртача даражасига етганлиги. Биз амалда айрим озиқ-овқат товарлари нархлари бўйича Европа даражасига чиқдик. Яъни ўсишнинг чегарасига етдик.
2. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, тўқимачилик ва қурилиш саноатида маҳсулот ишлаб чиқаришнинг ўсиши ички истеъмол бозорида таклиф ҳажмининг ортишига хизмат қилади, бу ҳам инфляция суръатини пасайтириш омили ҳисобланади.
3. Пул-кредит ва макропруденциал сиёсатни лозим даражада амалга ошириш ҳамда давлат харажатлари ва умумий фискал тақчиллигини оптималлаштириш ҳисобига кредитларнинг мақбул даражада ўсиши ҳам иқтисодиётда ортиқча талаб пайдо бўлишининг олдини олиш орқали инфляция ва айирбошлаш курсига бўлган босимни пасайтириш имконини беради. МБнинг прогноз баҳоларига кўра, кредит қўйилмаларининг ўсиш суръати номинал ЯИМ ўсиш суръатларига мос келадиган фундаментал трендига ёки мувозанатли ўсишига қайтади ва 20-25% атрофида бўлади.
Илҳом Норқуловнинг сўзларига кўра, банкларнинг кредит портфели сифатли бўлиши керак, шунда кредитлаш ҳажмларининг баъзи секинлашуви ЯИМнинг ўсишида акс этмайди. Бундан ташқари, банклар ликвидликни қўллаб-қувватлашнинг бошқа дастакларидан фойдаланишни бошлади. Масалан, охирги вақт Марказий банк томонидан фаол чиқарилаётган облигациялар. 200 млрд сўм миқдордаги давлат облигацияларини 1 йил муддатга, кейинги босқичда – 500 млрд сўм миқдордаги облигацияларни 9 ой ва 2 йил муддатга жойлаштириш кўзланмоқда.
4. 2020 йилда аҳоли номинал даромадларининг ўтган йилларга нисбатан мўътадил даражада ўсиши талаб омиллари таъсирини камайтиришга ёрдам беради. Яъни иш ҳақини индексация қилиш 2018, 2019 йилларга қараганда паст суръатда ва миқдорда амалга оширилади.
5. Аҳолининг банклардаги миллий валютадаги депозитлари ҳажмининг ўсиши муҳим ҳисобланади. Банк тизимига бўлган ишонч мустаҳкамланди. Депозитлар бўйича ставкалар ошмоқда, бунда депозит операцияларининг ўртача муддати оширилиши кузатилмоқда.
6. 2019 йилда умумий пул массаси 13,8%га, миллий валютадаги пул массаси эса 14,4%га ўсди. 2019 йилда тўлов тизимлари ривожланиши натижасида нақд пулларнинг умумий пул массасидаги улуши 27,6%дан 26,6%гача пасайди.
Иқтисодиётга электр энергияси ва газни узлуксиз етказиб бериш билан боғлиқ муаммоларни ҳал қилиш долзарблигининг ошиб бораётганлиги 2020 йилда улар нархларининг ўзгартирилишини талаб этиши мумкин.
Лола Абдуазимова.