Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Бухгалтерия ҳисоби ва солиқ солиш мақсадларида амортизация ҳисоблашнинг фарқи МИЗ иштирокчиларига фойда солиғи бўйича имтиёз қайси даромад турларига нисбатан қўлланилиши мумкин Геологик изланишларнинг солиқ ҳисоби қандай юритилади

Марказий банкнинг асосий ставкаси 1 фоизга пасайтирилди

09.06.2022

Рус тилида ўқиш

Марказий банк бошқаруви 2022 йил 9 июндаги йиғилишда асосий ставкани 1 фоиз бандга пасайтириб, йиллик 16% даражасида белгилаш тўғрисида қарор қабул қилди.

 

Ташқи иқтисодий хатарларнинг қисқа муддатли салбий тўлқинларининг ортда қолганлиги, ички валюта бозорининг барқарорлашуви, валюта оқимлари ва миллий валютадаги муддатли депозитлар ўсувчи динамикасининг тикланганлигини инобатга олиб Марказий банкнинг асосий ставкаси йиллик 16%гача пасайтирилди.

 

Асосий ставканинг жорий пасайтирилиши инфляцион хатарларни жиловлашга йўналтирилган “қатъий” шароитларни сақлаб қолган ҳолда ташқи хатарлар учун қўшилган қўшимча юкламани нейтраллаштиришга қаратилган.

 

Ташқи иқтисодий шароитлар

 

Жорий йилнинг январь-март ойларида мамлакатимизга ўртача ойлик 490 млн долларлик пул ўтказмалари кириб келган бўлса, апрель-май ойларида бу кўрсаткич 1,3 млрд долларга етди. Ойлик экспорт тушумлари ҳажми январь-март ойларига нисбатан 1,3 баробарга ошди, экспорт тушумлари ҳисобидан ички валюта бозорида сотилаётган маблағлар миқдори 1,4 баробарга кўпайди.

 

Сўмнинг АҚШ долларига нисбатан алмашув курси 2022 йил март ойининг биринчи ярмида ўзининг юқори даражасига етиб, йил бошига нисбатан 6,8%га қадрсизланган бўлса, март ойининг иккинчи ярмидан бугунги кунга қадар 5,1%га мустаҳкамланди. Натижада, сўмнинг йил бошидан қадрсизланиши 1,6% доирасида шаклланди.

 

Умуман олганда, май ойи якунлари бўйича сўмнинг реал алмашув курси ўзининг узоқ муддатли трендига яқинлашди (2019 йил сентябрь ойидаги даражага нисбатан мустаҳкамланиш 2%) ва ташқи рақобатбардошликка салбий таъсир кўрсатмайдиган динамика ҳосил қилмоқда.

 

Иқтисодий фаоллик

 

Сўнгги ойларда тижорат банклари томонидан иқтисодиётни кредитлаш фаоллиги ва суръатларида бироз секинлашиш динамикаси кузатилмоқда. 2022 йил май ойи якуни бўйича иқтисодиётга ажратилган кредитлар қолдиғининг йиллик ўсиши 17,4%ни ташкил этиб, кутилаётган ЯИМ номинал ҳажмининг ўсиш суръатидан маълум даражада паст шаклланмоқда.

 

Шунингдек, иқтисодиётга йўналтирилаётган кредитлар миқдори жорий йилнинг биринчи чорагида ўтган йилга нисбатан 13,6%га ўсган бўлса, январь-май ойларида ўсиш суръати 8,8%гача секинлашди.

 

Ички нархлар динамикаси ва инфляция даражаси

 

Май ойи якуни бўйича йиллик инфляция даражаси 11%ни ташкил қилди ва прогноз траекторияси доирасида бўлди. Бунда, таркибий жиҳатдан ноозиқ-овқат маҳсулотлари нархлари йиллик ўсиши 10,3%ни ва хизматлар нархлари – 6,2%ни ташкил этиб, умумий инфляциядан паст даражада шаклланди. Озиқ-овқат товарлари гуруҳидаги нархлар динамикаси ташқи бозорлардаги нархларга ҳамоҳанг ўсувчи характерга эга бўлмоқда.

 

Май ойи якуни бўйича базавий инфляция даражаси йиллик ҳисобда 10,4%га етди. Базавий инфляциянинг умумий инфляцияга қўшган ҳиссаси 7,8% бандни ташкил этиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан бироз пасайган.  

 

Мева-сабзавотлар гуруҳидаги маҳсулотлар нархларида мавсумий пасайишлар, умумий инфляцияга камайтирувчи аҳамият касб этаётган бўлса, айрим турдаги асосий озиқ овқатлар ва ноозиқ-овқат маҳсулотлари нархларида ўсиш кузатилмоқда.

 

Ички бозорларда нархларни мувозанатлаштириш мақсадида Ҳукумат томонидан истеъмол бозорларида маҳсулотлар таклифини кўпайтириш, логистик қийинчиликларни бартараф этиш, муқобил импорт йўналишлари орқали асосий истеъмол товарларига бўлган талабни қондириш бўйича чоралар кўриб борилмоқда.

 

Пул-кредит шароитлари

 

Жорий йилнинг апрель-май ойларида пул бозоридаги амалиётлар бўйича ўртача фоизлар 18% атрофида шаклланиб, қисқа муддатли ресурслар бозорида “қатъий” пул-кредит шароитларини таъминлашга хизмат қилмоқда.

 

Миллий валютадаги муддатли депозитлар бўйича таклиф этилаётган фоиз ставкалари (21-23%) аҳолининг инфляция жараёнларига нисбатан ҳам ижобий тафовутда шаклланиб, миллий валютада жамғаришнинг жозибадорлигини таъминламоқда. Жорий йил март ойида кузатилган миллий валютадаги депозитларнинг вақтинчалик пасаювчи суръати апрель-май ойларида тўлиқ ўсувчи тенденцияга ўзгарди ва аҳолининг муддатли депозитлари ҳажми йил бошига нисбатан 22,4%га ўсди.

 

Мароиқтисодий ўзгаришлар

 

Мамлакатимизга экспорт тушумлари, пул ўтказмалари ва тўғридан-тўғри инвестициялар орқали кириб келаётган валюта оқимлари ички валюта бозорида таклифни қўллаб-қувватлаб, қисқа ва ўрта муддатли истиқболда сўм алмашув курсининг барқарорлашувига хизмат қилиши кутилмоқда. Валюта курсининг барқарорлиги, ўз навбатида, нархларга нисбатан “импорт инфляцияси” таъсирини юмшатувчи аҳамиятга эга бўлади.

 

Иқтисодиётда реал фоиз ставкалар ижобийлигини таъминлаш орқали миллий валютадаги активлар жозибадорлигини ошириш ҳамда банк тизими умумий ликвидлигини тартибга солиш орқали қабул қилинаётган қарорларнинг иқтисодиётга самарали ўтишига эришиш мақсадида йил якунига қадар:

  • ликвидликни жалб этишга қаратилган овернайт депозит операциялари ва икки ҳафталик депозит аукционлари чекловларсиз амалга оширилади;
  • Марказий банк томонидан муомалага чиқариладиган қисқа муддатли облигациялар ойлик ўртача қолдиғи бўйича лимитлар 25 трлн сўмгача етказилади;
  • тижорат банклари томонидан аукционларда харид қилинадиган Марказий банк облигациялари бўйича даромадлилик асосий ставканинг юқори чегараси даражаси сақлаб қолинади.

 

Марказий банкнинг ўрта муддатли макроиқтисодий прогнозлари иккинчи чорак якунлари бўйича янгиланади. Асосий ставкани кўриб чиқиш бўйича Марказий банк бошқарувининг навбатдаги таянч йиғилиши 2022 йил 21 июль санасига белгиланган.