Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Ходим хориждаги хизмат сафарида касал бўлса Европа Иттифоқи мамлакатларига юк ташувчилар учун ҳаракатланиш тартибида нималар ўзгаради Автомобилни жисмоний шахсга сотишда қандай солиқ оқибатлари юзага келади Тамаки маҳсулотлари ва алкоголли ичимликларга акциз маркаларини қандай қўллаш керак

Марказий банкнинг асосий ставкаси ўзгаришсиз қолдирилди

04.05.2023

Рус тилида ўқиш

Марказий банк бошқаруви 4 майдаги йиғилишда асосий ставкани йиллик 14 фоиз даражасида ўзгаришсиз қолдириш тўғрисида қарор қабул қилди.

 

Қарор иқтисодиётда нархлар ўсишининг янада секинлашишига ёрдам берувчи пул-кредит шароитларини таъминлаш, шунингдек, март ойидаги асосий ставка пасайтирилишининг ялпи талаб ва таклифнинг мувозанатлашувига ижобий таъсирларини давом эттиришга қаратилган.

 

Йиллик инфляция даражаси март ва апрель ойларида ҳам пасайишда давом этди ҳамда мос равишда 11,7 ва 11 фоизга тенг бўлди. Ушбу пасайишда мавсумий омиллар ва ўтган йилдаги юқори база эффекти ҳам муҳим аҳамият касб этди.  

 

Инфляциянинг узоқ муддатли ва барқарор омилларини ифода этувчи базавий инфляцияда ҳам март ойида сезиларли пасайиш динамикаси кузатилиб, йиллик 12,9 фоизгача секинлашди (2022 йил декабрь ойида 13,8 фоиз). Бунда, базавий инфляциянинг умумий инфляцияга ҳиссаси ўтган йилнинг октябрь ойидан буён биринчи марта 10 фоиз банддан камроқни ташкил этди.

 

Келгуси 12 ой учун аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг инфляцион кутилмалари ҳам пасайиш тенденциясига қайтди ва мос равишда 14,4 ва 14,1 фоиз даражасида шаклланди. Бунда, аҳолининг инфляцион кутилмалари бўйича жавоблар медианаси – 11,5 фоизгача ва тадбиркорлик субъектлариники – 11,4 фоизгача пасайди.

 

Ташқи молиявий шароитларнинг қатъийлашиб бораётганлиги жаҳон ва минтақавий молия бозорларида тебранувчанликнинг кучайишида намоён бўла бошлади.

 

Халқаро банк тизимида юзага келаётган хатарларга нисбатан тезкор жавоб чоралари қўлланилишига қарамай, кредитлаш шартларида қатъийлик ва келгуси хатарлар бўйича ноаниқликларнинг йил охиригача сақланиб қолиши прогноз қилинмоқда.

 

Ўтган йилдаги юқори даражадаги трансчегаравий пул ўтказмалари, жорий йилда давлат бюджети харажатларининг ошиши, шу жумладан, иш ҳақи ва нафақаларнинг оширилиши истеъмол талаби ўсишини қўллаб-қувватловчи асосий омиллардан бўлмоқда. Бу ўз навбатида, келгуси чоракларда иқтисодий фаолликнинг юқори бўлишини таъминлашга хизмат қилади.

 

Тижорат банклари депозит базасининг ўсиш суръатларида жадаллашиш кузатилмоқда. Апрель ойи якунлари бўйича миллий валютадаги муддатли депозитлар қолдиғи ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 1,5 баробарга ошди.

 

Иқтисодиётни кредитлаш суръатларининг ўсиши, асосан миллий валютада ажратилган кредитлар ҳисобига, тезлашди. Тижорат банклари томонидан январь-апрель ойларида ажратилган кредитлар ҳажмининг 1,3 баробарга ўсишида аҳолига берилган автокредитлар, микроқарзлар ва истеъмол кредитларининг юқори суръатларда ошганлиги асосий омил бўлди.

 

Тижорат банклари томонидан аҳолига ажратилаётган кредитлар ҳажмининг кескин ўсиши қарз юкини ошириши орқали молиявий ва макроиқтисодий барқарорлик бўйича хатарларни юзага келтириши мумкинлигини инобатга олиб, Марказий банк томонидан макропруденциал сиёсат чораларини қўллаш орқали кредитлар ўсишини мувозанатлаштириш чоралари кўрилади.

 

Жорий йилнинг I чораги дастлабки натижалари, иқтисодиётда аксарият кўрсаткичлар макроиқтисодий ривожланишнинг базавий сценарийси доирасида шаклланаётганлигини тасдиқламоқда.

 

Янгиланган прогнозларга кўра, 2023 йил якунлари бўйича реал ЯИМ ўсиши дастлабки прогнозлардан кўра юқорироқ бўлиши бўйича эҳтимоллар ортмоқда.

 

Марказий банк бошқарувининг асосий ставкани кўриб чиқиш бўйича навбатдаги йиғилиши 2023 йил 15 июнга белгиланган.