Ушбу қарор инфляция прогнозининг барқарор пасайиш тренди шаклланиб бораётганлиги ҳамда макроиқтисодий барқарорликни таъминлаш ва иқтисодий фаолликни қўллаб-қувватлаш мақсадлари ўртасидаги мувозанатни сақлаш билан изоҳланади.
Марказий банк инфляция прогнозининг пасайишидан келиб чиққан ҳолда асосий ставка даражасини пасайтириш эҳтимолини кўриб чиқмоқда, келгусида ҳам Ҳукумат билан биргаликда 2023 йилга қадар инфляциянинг 5 фоизлик доимий мақсадли кўрсаткичига эришиш учун барча чоралар кўрилади.
Инфляция ва инфляцион кутилмалар. Жорий йил апрель ойида пандемия таъсирида инфляция 1,7%ни ташкил этган, бу асосий озиқ-овқат маҳсулотлари, дори-дармон ва шахсий гигиена воситаларига бўлган талабнинг кескин ўсишига бозор нархларининг мослашиши билан изоҳланади.
Таъкидлаш жоизки, пандемия шароитида аҳоли томонидан асосан озиқ-овқат ва дори-дармонларга эҳтиёж юқори бўлган ва бир вақтнинг ўзида ноозиқ-овқат товарлари сотиб олиш ҳажми камайган. Бу ўзгаришлар истеъмол нархлари индексида ҳам ўз аксини топган.
Ўз навбатида, бу омил аҳоли ва бизнес томонидан сезилган инфляция ва инфляцион кутилмаларига маълум даражада таъсир кўрсатди.
Иқтисодий фаоллик. Жорий йил апрель ойида чеклов чоралари ва жаҳон бозорларидаги вазиятнинг ёмонлашуви сабабли иқтисодий фаолликнинг сезиларли даражада пасайиши кузатилган. Ишлаб чиқаришнинг қисман тўхтатилиши ва аҳоли даромадларининг камайиши иқтисодиётдаги ялпи талабнинг қисқаришига олиб келди.
Хусусан, банклараро тўлов тизими орқали амалга оширилган ўтказмаларнинг умумий сони сезиларли даражада камайган. Ушбу кўрсаткичнинг пасайиши ўтган йилнинг мос даврига нисбатан апрелда 39,8%, майда эса 34,7%ни ташкил этган. Энг катта пасайиш апрель ойида кузатилган, май ойида эса аста-секин тикланиш кузатила бошланган ва ўтказмалар ҳажми олдинги ойга нисбатан 7,6%га ўсган.
Саноат маҳсулотлари соҳасида май якунлари бўйича ишлаб чиқаришнинг апрелга нисбатан 27 фоиз бандга тикланиши кутилмоқда.
Умуман олганда, май ойида чеклов чоралари юмшатилиши билан вазият яхшилана бошлаган ва иқтисодий фаолликнинг босқичма-босқич тикланиш тенденцияси кузатилмоқда.
Пул-кредит шароитлари. 2020 йилнинг ўтган 5 ойида Марказий банк бир маромда қатъий пул-кредит шароитларини сақлаб қолган. Апрель ойида асосий ставканинг 1 фоиз бандга пасайтирилишига қарамай, депозитлар ва кредитлар бозорида ижобий реал фоиз ставкалари сақланиб қолмоқда.
Жорий йил апрель ойининг якунларига кўра кредитлар бўйича ўртача тортилган фоиз ставкаси март ойидагига нисбатан 0,7 фоиз бандга пасайиб, 24,1%ни ташкил этган бўлса, бир йилдан ортиқ муддатли депозитлар бўйича ўртача тортилган фоиз ставкаси 0,5 фоиз бандга ошган ва 19,3%ни ташкил этган.
Кредитлар бўйича ўртача тортилган фоиз ставкасининг пасайиши умумий кредит портфелида юқори фоиз ставкали истеъмол кредитлари улушининг қисқариши билан изоҳланади ҳамда келгуси ойларда ҳам мазкур тенденциянинг сақланиб қолиши кутилмоқда.
Иқтисодиётга кредит қўйилмаларининг ўсиши, валюта алмашув курси ўзгаришларини ҳисобга олмаганда, май ойида апрелга нисбатан (2,2%дан 2,8%гача) тезлашди ва 5 ой якунлари бўйича 14,4%ни ёки 30,0 трлн сўмни ташкил этди.
Жорий йил май ойида банклараро пул бозорининг фаоллашуви кузатилган ва жами амалиётлар ҳажми 4,4 трлн сўмни ташкил этган, яъни апрель ойидагига нисбатан 2,0 трлн сўмга (85%га) кўпайган.
Миллий валюта курси ташқи ва ички омиллар таъсирида апрель ойида 5,8%га қадрсизланган бўлса, май ойида нисбатан барқарор даражада шаклланган.
Хатарлар ва ноаниқликлар. Карантин чораларининг босқичма-босқич юмшатилишига қарамай, иқтисодиётда инфляцион жараёнларнинг истиқболлари бўйича икки томонлама омиллар – бир томондан, ялпи талабнинг заифлашиши билан боғлиқ пасайтирувчи омил ва иккинчи томондан чекланган таклиф шароитида нархларнинг ўсишига таъсир қилувчи омиллар билан боғлиқ ноаниқликлар сақланиб қолмоқда.
Бундан ташқари, асосий савдо ҳамкорларимиз иқтисодиётнинг тикланиши ҳамда бизнес янги иқтисодий воқеликларга мослашишининг узоқроқ муддатга чўзилиши маълум бир ноаниқликларни келтириб чиқаради.
Бунда озиқ-овқат хавфсизлиги ва асосий озиқ-овқат маҳсулотлари нархлари барқарорлигини таъминлаш учун асосий маҳсулотларнинг захираларини тўлдириш ва таклифини ошириш чораларини кўриш зарур.
Марказий банк йил охирига қадар инфляция прогнозини 11-12,5% даражасида сақлаб қолиши ва бунда иккинчи ярим йилликда инфляциянинг сезиларли даражада пасайиши кутилмоқда. Ушбу кутилмаларнинг асосий омиллари сифатида фаолликнинг аста-секин тикланиши билан ялпи таклифнинг талаб билан мувозанатлашиши ҳамда тартибга солинадиган нархларнинг ўзгаришсиз қолишини келтириш мумкин.
Марказий банк Бошқарувининг асосий ставкани кўриб чиқиш бўйича асосий йиғилиши 2020 йил 23 июлга белгиланган.