Марказий банк ва VISA халқаро тўлов технологиялари компанияси ушбу соҳада Ўзаро англашув ва ҳамкорлик меморандумини имзоладилар, дея хабар берди МБ ўзининг Телеграм-каналида.
Улар янги рақамли маҳсулотларни жорий этиш йўли билан электрон тўловлар тармоғини кенгайтирадилар, шунингдек, бундай тўлов тизимини ривожлантиришга қаратилган меъёрий ҳужжатларни ишлаб чиқишда ҳамкорлик қиладилар.
Томонлар бутун мамлакат бўйлаб карталарни қабул қилишни кенгайтириш ва электрон тижоратни ривожлантириш дастурларини банклар ва савдо субъектларига рискларни бошқаришнинг ишончли воситаларини тақдим этиш орқали амалга оширишга келишиб олдилар.
Ҳамкорлар маҳаллий банклар билан мобил ва электрон тўловлар хавфсизлигини таъминлаш учун карта ҳисоб рақамларини токенлаштиришни* жорий этиш, шунингдек, хатарлар ва фирибгарлик операциялари бўйича маълумотлар алмашиш бўйича иш олиб боришни режалаштирмоқдалар.
___________________
* маълумотларнинг махфий элементини токен деб номланадиган, ташқи ёки ички фойдаланиш учун мустақил маънога/аҳамиятга эга бўлмаган махфий бўлмаган элементга алмаштириш жараёни.