Ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодиса натижасида ходим меҳнат жароҳати олди. Унга қандай тўловлар тўланиши лозим, етказилган зарар учун тўловни ҳисоб-китоб қилиш чоғида иш ҳақининг қандай турларини ҳисобга олиш зарур, меҳнатга оид ҳуқуқ масалалари бўйича «Норма» эксперти Ленара ХИКМАТОВА махсус buxgalter.uz учун шу ҳақда тушунтириш берди:
– Ходим меҳнат вазифаларини бажараётган вақтида меҳнат жароҳати олган бўлса, иш берувчи унга етказилган зарарни, башарти жабрланувчининг ўз айби билан зарар етказилганлигини исботлаб беролмаса, тўлиқ ҳажмда тўлаши шарт.
Меҳнат жароҳати – ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодиса оқибатида ходимнинг касбга оид меҳнат қобилиятини вақтинча ёки бутунлай йўқотиши.
Иш берувчи томонидан соғлом ва хавфсиз меҳнат шароитлари яратиш тадбирлари таъминланмаганлиги (меҳнатни муҳофаза қилиш, техника хавфсизлиги, саноат санитарияси қоидалари ва шу кабиларга риоя қилмаслик) туфайли олинган меҳнат жароҳати унинг айби билан содир этилган деб ҳисобланади.
Диққат! Ходимнинг иш берувчининг ҳудудида ҳам, унинг ташқарисида ҳам меҳнатда майиб бўлиши, шунингдек иш берувчи томонидан ажратилган транспортда иш жойига келаётган ёки ишдан қайтаётган вақтда шикастланиши натижасида соғлиғига етказилган зарар учун иш берувчи моддий жавобгар бўлади.
Иш берувчи зарарни тўлашни рад этганда, ушбу масала суд томонидан ҳал қилинади.
Ходимнинг қўпол эҳтиётсизлиги зарарнинг келиб чиқишига сабаб бўлган тақдирда, зарарни тўлаш суммаси унинг айбдорлиги даражасига қараб, бироқ 50%дан кўп бўлмаган миқдорда камайтирилиши мумкин . Жабрланувчининг айбдорлиги даражаси корхонанинг касаба уюшмаси қўмитаси ёки ходимларнинг бошқа вакиллик органи қарори билан, мазкур масала бўйича низо юзага келганда эса суд томонидан белгиланади.
Етказилган зарар учун қандай тўловлар тўланади
Меҳнат жароҳати натижасида ходимнинг соғлиғига етказилган зарар учун қуйидаги тўловлар тўланади:
- у йўқотган иш ҳақининг (у олган ёхуд олиши аниқ бўлган даромадларнинг) ҳар ойлик тўлови;
- соғлиғига шикаст етиши билан боғлиқ қўшимча харажатларнинг компенсацияси;
- бир йўла бериладиган нафақа тўлови.
Бундан ташқари, ходимга етказилган маънавий зарар қопланиши мумкин. Бундай қоплам шакли (пул ёки бошқа моддий) ва миқдори ходим ва иш берувчи ўртасидаги келишувга мувофиқ равишда (низо келиб чиққан тақдирда – суд томонидан) белгиланади.
Йўқотилган иш ҳақи жабрланувчининг меҳнатда майиб бўлишига қадар олган ўртача ойлик иш ҳақига нисбатан фоиз ҳисобида, унинг касбга оид меҳнат қобилиятини йўқотганлик даражасига мувофиқ белгиланадиган ҳар ойлик тўловлар тарзида қопланади.
Диққат! Балоғатга етмаган ходимларга етказилган зарар умумий тартибда тўланади, бироқ тўлов миқдори БҲМнинг 5 бараваридан кам бўлмаслиги керак.
Меҳнат қобилиятини йўқотиш даражасини тиббий-меҳнат эксперт комиссияси (ТМЭК) соғлиққа шикаст етказилиши оқибатларига қараб 5%дан 100%гача бўлган чегарада белгилайди.
Buxgalter.uz да батафсил ўқинг.