Давлат порталидаги янги хизматлар бола туғилганда нафақа тайинлаш учун, бола парваришлаш бўйича нафақа учун, шунингдек фуқарони ишсиз деб эътироф этиш ва ишсизлик нафақасини тайинлаш учун электрон ариза юбориш имконини беради.
Бола парваришлаш бўйича нафақа тайинлаш учун электрон ариза топширишда ариза берувчи бола туғилганлиги тўғрисидаги гувоҳнома нусхасини (болали оилалар учун нафақа ёки бола парваришлаш учун нафақа олиш учун), васийлик ва ҳомийлик органининг қароридан кўчирмани (болалар васийликда бўлган тақдирда) сканерланган шаклда илова қилиши керак. Ариза берувчининг хоҳишига кўра мазкур оилада муҳтожлик мавжудлигини тасдиқловчи бошқа ҳужжатлар ҳам илова қилиниши мумкин.
Ариза 15 кун мобайнида кўриб чиқилади. Жавоб фойдаланувчининг Ягона порталдаги шахсий кабинетига ва электрон почтасига юборилади.
Бола туғилганда нафақа тайинлаш учун ариза берганда электрон шаклга қуйидаги ҳужжатлар сканерланган шаклда илова қилиниши керак:
бола туғилганлиги тўғрисидаги гувоҳнома;
яшаш жойидан маълумотнома;
туғуруқхонадан бола туғилганлиги тўғрисида маълумотнома.
Ариза 3 кун мобайнида кўриб чиқилади. Жавоб фойдаланувчининг Ягона порталдаги шахсий кабинетига ва электрон почтасига юборилади.
Фуқарони ишсиз деб эътироф этиш ва ишсизлик нафақасини тайинлаш учун ариза бериш иш қидираётган жисмоний шахсларга нафақа олиш ва фуқарони ишсиз деб эътироф этиш учун Интернет воситасида бандликка кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш марказларида рўйхатдан ўтиш имконини беради.
Бу фуқаролар аризанинг электрон шаклига қуйидаги ҳужжатларни сканерланган шаклда илова қилишлари керак:
паспорт ёки унинг ўрнини босувчи ва шахсни тасдиқловчи ҳужжат;
меҳнат дафтарчаси ёки иш стажини тасдиқловчи бошқа ҳужжат (олдин ишламаганлардан ташқари);
маълумот тўғрисида ҳужжат (диплом);
касб ёки касб малакаси мавжудлигини тасдиқловчи ҳужжат (касбга эга шахслар учун);
олдин ишлаганлар, жумладан суд қарори билан жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинган шахслар учун – иш жойидан охирги 12 ой учун иш ҳақи (меҳнат даромади, пул таъминоти) тўғрисида маълумотнома;
тадбиркорлик фаолиятидан даромад олган шахслар учун – солиқ органларидан маълумотнома.
Ариза 21 кун мобайнида кўриб чиқилади. Жавоб фойдаланувчининг Ягона порталдаги шахсий кабинетига ва электрон почтасига юборилади.
Барча санаб ўтилган хизматлар жисмоний шахсларга бепул асосда кўрсатилади.
Маълумот учун: қуйидаги фуқаролар ишсиз деб эътироф этилиши мумкин эмас:
иш қидираётган шахс сифатида рўйхатга олинган кундан бошлаб дастлабки 10 кун мобайнида таклиф қилинган мос келадиган ишни икки марта рад этганлар;
меҳнат органига (қишлоқ жойларида – фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органи ҳудудига бириктирилган туман ИМАБК маркази ходимига) мос келадиган иш таклифини олиш учун муддатида сабабсиз келмаганлар;
туридан қатъи назар ўқув даргоҳларида ишлаб чиқаришдан ажралган ҳолда таълим олаётганлар, бундан кундузги таълим шакли мустасно;
ёши ва улар томонидан олинадиган пенсия туридан қатъи назар ногиронлар ва пенсионерлар, шунингдек пенсия қонунчилигига мувофиқ улар учун пенсия таъминоти ҳуқуқи келган шахслар, ҳатто улар томонидан пенсия расмийлаштирилмаган бўлса ҳам.
бола икки ёшга тўлгунча уларни парваришлаётган ишламайдиган аёллар;
ишни алмаштириш истагида бўлган, бироқ рўйхатга олиш пайтида ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъи назар корхоналарда ишлаётган ёки уларнинг штатида бўлганлар;
суднинг ҳукми билан озодликдан маҳрум қилишсиз ахлоқ тузатиш ишларига ҳукм қилинган шахслар;
фермер хўжаликлари бошлиқлари ва аъзолари (фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органи хўжалик китобида кўрсатилган фермер хўжалиги таркибида ёки фермер хўжалиги ташкил этиш тўғрисидаги аризада), шунингдек давлат ҳокимияти органларида юридик шахс ташкил этмаган ҳолда тадбиркорлар сифатида рўйхатдан ўтказилган шахслар.
Мавзу бўйича мақола:
ИДХЯПда кексалар ва ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилиш бўйича янги хизмат