Андижонлик Муҳаммаджон Орипов 2018 йил 22 декабрда аттестация имтиҳонини топширди. Унга омад кулиб боқмаган бўлса ҳам, бундан хафа бўлмади. Олдига мақсад қўйган ҳолда тизимда шуғулланишда давом этмоқда: уч ойдан кейин яна аттестация имтиҳонида қатнашиб, энди моддий бухгалтер аттестатини олмоқчи. У мухбиримиз Олег Гаевойга нима учун ушбу ихтисосликни танлагани ҳақида гапириб берди.
– Муҳаммаджон, нима сабабдан ўта олмаган имтиҳонни қайта топширмасликка қарор қилдингиз?
– Мақсадим диплом эмас, балки билим олиш. Имтиҳоннинг учинчи босқичида атиги икки балл етмади. Мураккаб вазифа топширилди – ҳисобот шаклларини бехато тўлдириш керак эди. Умуман олганда, эришган натижам ушбу ихтисослик бўйича билимларим етарли эканлигини кўрсатди. Шунинг учун бир жойда тўхтаб қолмай, олдинга ҳаракатланишни лозим топдим.
Андижон машинасозлик институти ҳузуридаги академик лицейни тугатишим билан ишлай бошладим. Барча касб кўникмалари ва билимларини амалиётда олдим. Бироқ, вақт ўтиши билан назарий билимларим камлик қилаётганини англаб етдим. Уни ўзлаштириш йўлларини излай бошладим. Шунда ҳамкасбларимдан bir.uz ҳақида эшитиб қолдим.
Кези келганда bir.uz профессионал ўсиш учун ажойиб ресурс эканлигини, билимларни пухта эгаллаш имконини беришини қайд этиб ўтмоқчиман. Масалан, кассани инвентаризациядан ўтказишни билмас эдим, бу соҳага ҳеч тўқнаш келмагандим. Вir.uz тизимида шуғулланиб, бу соҳани ҳам етарлича ўзлаштирдим.
– Имтиҳонни қаерда – Тошкент ёки Наманганда топшириш ҳақида кўп ўйладингизми?
– Мен учун Наманган қулай эди, у шаҳримизга яқин. Меҳмонхонада яшаш учун сарф-харажат қилишга тўғри келмади.
Сафар қилиб, ҳамкасбларим орасидан янги дўстлар орттирдим, энди улар билан маслаҳатлашиб тура оламан. Хусусан, Наманганда тажрибали мутахассис сифатида ном чиқарган Марина Александровна Вишневская билан танишдим.
Дарвоқе, ташкилотчилар бизнинг шаҳарга ҳам эътибор қаратиб, шу ерда имтиҳон ўтказсалар, зўр иш бўларди. Бу ерда хоҳловчилар кўп топилади.
– Ҳаммаси ўз қўлингизда. «Norma» ПРМни таклиф қилсангиз кифоя.
– Тажрибали ва обрўли мутахассислардан бўлган яхши ташкилотчи керак. Ҳозирча бу ишни уддалай олмайман, энди ўқиб-ўрганаяпман.