Давстатқўм жорий йил апрелидаги инфляцияни ҳисоблади. Товарлар 0,4%га, хизматлар 2,7%га қимматлашди.
Озиқ-овқат товарлари ўртача 0,3%га қимматлашди. Озиқ-овқат товарлари асосий гуруҳлари орасида нарх ошиши ва тушиши бўйича, тегишинча, мева-сабзавот маҳсулотлари ва тухум етакчилик қилди. Тухум нархи 7,5%га, шакарники 3,6%га пасайиши кўзга ташланди, бу кўп жиҳатдан бозорнинг ушбу маҳсулотлар билан тўйинганлиги билан боғлиқ.
Ноозиқ-овқат товарлари нархларининг ўсиш суръатлари нисбатан мувозанатлашгани қайд этилди. Бир ойда уларнинг нархлари ўртача 0,4%га ошди. Қурилиш материаллари, маиший текстиль, ошхона анжомлари ва буюмлари, автомобиллар учун ёқилғи нархлари кўпроқ ошди. Чунончи, автомобиллар учун ёқилғи нархлари индекси қатор минтақаларда метан нархлари ўсиши (республика бўйича ўсиш ўртача 8,4%ни ташкил этди) ва мамлакатимизнинг барча минтақаларида пропан нархлари пасайиши таъсири остида ўртача 18,7%ни ташкил этди.
Аҳоли учун хизматлар ўртача 2,7%га қимматлашди. УКХ соҳасида тарифлар ошиши умуман хизматлар соҳаси бўйича тарифларнинг ўртача даражаси ўсишига асосий таъсир кўрсатди. Бошқа хизматлар бозорида ҳам нархлар ошиши кузатилди. Чунончи, йўловчи транспорти хизматлари 4,9%га қимматлашди. Бунда тарифлар ўзгариши МДҲ мамлакатларига ва халқаро йўналишлар бўйича авиарейслар чипталари қиймати ошишида акс этди, айни пайтда республика шаҳарлари бўйича рейсларга чипталар евро курсининг миллий валютага нисбатан пасайиши ҳисобига арзонлашди.