Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Умумий сотиш ҳажмида ўз маҳсулоти 90 фоиздан кам бўлса, умумий овқатланиш корхонаси қишлоқ хўжалик маҳсулотлари харидини қандай расмийлаштириши керак Ўзбекистондан ташқарида товар харид қилиш ва ташиш қандай солиқ оқибатларига олиб келади Қандай қилиб ҚҚС ҳисоботини тўлдириш ва солиқни тўлаш керак

Нима сабабдан турбизнес учун ҚҚСнинг ноль даражали ставкасини қўллаган афзал

11.04.2019

Рус тилида ўқиш

Тўрт ойдирки туристик бизнес вакиллари Солиқ кодексининг туристик-экскурсия хизматлари кўрсатиш оборотларини ҚҚС тўлашдан озод қилувчи нормасини қўллаш учун шарт-шароитлар меъёрлаштирилишига эришмоқчилар. norma.uz мухбири Ўзбекистон хусусий туристик ташкилотлар ассоциацияси вакиллари билан мулоқот қилиб, уларнинг фикрларини қоғозга туширди.

                          

Жаҳон туристик хизматлар бозори жиддий рақобат шароитида ривожланмоқда. Туристлар оқимини кўпайтирмоқчи бўлган мамлакатлар турлар қийматини арзонлаштириш устида ишламоқдалар.

 

Туризмга иқтисодиётни ривожлантиришнинг устувор йўналишларидан бири сифатида қараётган Ўзбекистонда имкон қадар кўп хорижий меҳмонлар ташриф буюриши учун салмоқли ишлар қилинмоқда. Меҳмонхоналар, ресторанлар, замонавий туристик комплекслар ва рекреацион зоналар қурилмоқда. Улар келувчиларни қабул қилиш учун зарур. Бироқ ушбу инвестициялар қанчалик ўзини оқлаши кўп жиҳатдан мамлакатимизга уюштириладиган турларнинг қийматига боғлиқ.

 

Хорижий туристлар оқими кўпайиб бориши учун нархлар ошишига йўл қўймаслик, янги, иқтисодий жиҳатдан янада фойдали маҳсулотларни таклиф этиш лозим. Ҳозирги шароитда туристик компаниялар буни амалга ошириши қийин. 

 

Ҳамма гап шундаки, турнинг якуний қиймати меҳмонлар қулай, мароқли ва қизиқарли саёҳат қилишига ёрдам берадиган меҳмонхоналар, ресторанлар ва туристик операторларнинг бошқа ҳамкорлари хизматлари қийматидан ташкил топади. Солиқ ислоҳоти, аксарият тадбиркорлик субъектлари солиқ солишнинг умумбелгиланган тизими ва ҚҚС тўлашга ўтгани муносабати билан нархлар ошишига йўл қўймаслик анча мушкул.

 

– Хизматларимиз нархини оширмаслик учун қўлдан келганча ҳаракат қилаяпмиз, – дейди «Miran International» отели бош менежери Фарҳод Тоштемиров. – Бироқ ҚҚС боис хизматлар соҳасидаги солиқ юки ошди, бу отелнинг нарх сиёсатига таъсир кўрсата бошлаяпти.  

 

Муаммо юзага келмайдигандек туюлади. Солиқ кодексининг 208-моддаси 15-бандида белгиланган нормадан фойдаланса бас, унда туристик-экскурсия хизматлари обороти ҚҚСдан озод этилиши назарда тутилган. Бироқ унинг қўлланиши турли талқинлар ва кўплаб ҳал қилинмаган масалалар билан боғлиқ.

 

Мисол учун, меҳмонхона имтиёздан фойдалана олиши учун туроператордан ваучер олиши зарур, уни расмийлаштириш, тўлдириш ва ҳисобини юритиш осон эмас, кўп вақтни олади. Бунинг устига, нафақат туристик бизнес вакиллари, балки солиқ органлари учун ҳам кўп қийинчилик туғдиради. «Nuron» туристик компанияси директори ўринбосари Владимир Срапионов бу ҳақда шундай фикр билдирди:

 

– Солиқ кодексининг 208-моддаси 15-бандида ушбу имтиёзни қўллашнинг мажбурий шарти – ваучер (йўлланма) тақдим этиш белгиланган. Бинобарин, ҳисобварақ-фактуралар реестри сингари ваучерлар реестри мажбурий тартибда юритилиши керак. Бироқ солиқ тўловчининг шахсий кабинетидаги кўп сонли ваучерларнинг сканерланган нусхалари (ҳозир ҳисобварақ-фактураларнинг сканерланган нусхалари каби) давлат солиқ хизмати органларига ушбу ҳужжатлар ҳисобини аниқ ва тезкор юритиш, уларнинг ҳақиқийлигини текшириш имконини бермайди. У бухгалтерларнинг қўлини олади, солиқ маъмуриятчилигини мураккаблаштиради, ушбу имтиёз қўлланишини назорат қилишни қийинлаштиради. Ички йўналишлар бўйича темир йўл ва авиачипталар қийматидан ҚҚСни чиқариб ташлаш механизми ишлаб чиқилмаган. Бу мазкур нормани қўллашда солиқ тўловчилар ва солиқ органлари ходимлари тўқнаш келаётган муаммоларнинг айримлари, холос. 

 

Охир-оқибат ушбу қийинчиликлар боис туркомпаниялар имтиёздан тўлақонли фойдалана олмаяпти, улар кўрсатаётган хизматлар нархи ошиб бораяпти.

 

Бу ҳолат умумий мақсадга эришишга – мамлакатимизга ташриф буюрувчи туристлар гуруҳи сони кўпайишига салбий таъсир кўрсатмоқда. Ўзбекистон хусусий туристик ташкилотлар ассоциацияси (ХТТА) раиси Гулчеҳра Исроилова қайд этганидек: «Туристик маҳсулотлар нархи ошишига йўл қўймаслик имконини берадиган чора-тадбирларни қабул қилиш зарур. Ҳозир шунга эришмоқчимиз. Солиқ юкининг камайиши хусусий тадбиркорлик ривожланишига, иш ўринлари яратилишига ва туристик хизматлар ҳажми ошишига туртки бўлади. Акс ҳолда маҳаллий туроператорларнинг халқаро туризм бозоридаги рақобатга дош бериши қийин бўлади».

 

ХТТА аъзолари мавжуд муаммоларнинг оддий ва мақбул ечимини таклиф қилмоқдалар. Ваучерлардан фойдаланишни назарда тутувчи норма ўрнига туристик хизматларни экспорт қилишда ҚҚСнинг ноль даражали ставкасини қўллаш лозим. 

 

– Ўзбекистонда товарларни экспорт қилувчиларни (Солиқ кодексининг 212-моддаси) ва халқаро ташувчиларни (Солиқ кодексининг 216-моддаси) қўллаб-қувватлаш учун ҚҚСнинг ноль даражали ставкаси анчадан буён қўлланиб келмоқда. 2003 йилгача хизматларни экспорт қилувчиларга нисбатан тегишли норма татбиқ этилар эди, бироқ кейинчалик у бекор қилинди, – дейди «Novotours Silk Road» туристик компанияси директори Одилжон Раупов. – Бугун ушбу норма яна долзарб тус олди, ҳеч бўлмаса турбизнес ташкилотларини кўзлаб уни солиқ қонунчилигига қайтариш лозим. Бугунги кунда кўп мамлакатлар туристик маҳсулотининг халқаро бозордаги рақобатбардошлигини сақлаш мақсадида туристик хизматлар экспортига ҚҚСнинг ноль даражали ставкасини қўлламоқда. Мамлакатимиз ҳам шу йўлдан бориши керак.     

 

Амалдаги ваучер тизими ўрнига ҚҚСнинг ноль даражали ставкаси жорий этилса, соҳани қўллаб-қувватлаш таомили самара беради, солиқ тўловчиларнинг ҳам, солиқ органларининг ҳам иши енгиллашади. Хорижий буюртмачилар билан тузилган контрактлар рўйхатга олинганлиги ва улардан валюта тушуми келиб тушганлиги ҳақидаги тўлиқ маълумотлар Ташқи савдо операциялари ягона ахборот тизимида (ТСОЯАТ) қайд этилади, кирувчи ҚҚС ҳажми эса Кирувчи ҳисобварақ-фактуралар реестрида тўла акс этади.

 

 

Олег Гаевой.


Валюталар курси

2024-12-23
  • USD:12893.07 (+0.00) сум
  • EUR:13386.87 (+0.00) сум
  • RUB:125.96 (+0.00) сум