Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Импорт қилинган товарнинг божхона қиймати кейинги сотув қийматидан ошиб кетса Ўзбекистонда бухгалтерларнинг миллий сертификацияси қандай бўлиши керак МҲХС бўйича молиявий ҳисоботни тузиш бўйича трансформацион моделни қандай тайёрлаш керак Асосий воситалар қандай қайта баҳоланади
  • www.norma.uz
  • Бизнинг шарҳлар
  • Пойтахтимиз отельерлари Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси билан муаммоларини ўртоқлашишди

Пойтахтимиз отельерлари Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси билан муаммоларини ўртоқлашишди

13.01.2017

10 январь куни Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси сайёҳлик тармоғи вакиллари билан иккинчи ишчи мажлисни ўтказди. Олдинги учрашувда туроператорлар иштирок этган бўлса, бу сафарги тадбирга отеллар ва меҳмонхона хўжаликлари вакиллари таклиф этилди. Ушбу соҳа вакилларини қандай саволлар қийнамоқда? Бу хусусда мазкур мақолада сўз юритамиз.

Отельерларга “2017–2020 йилларда сайёҳлик соҳасини ривожлантириш концепцияси”нинг дастлабки лойиҳаси, шунингдек, «E-Mehmonxona-4» электрон ҳисобот тизими ва “Янги ташкил этилган Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасининг мамлакатимиз иқтисодиётида тутган ўрни ва роли” тақдимоти ўтказилди. Ишлаб чиқувчиларнинг фикрича, «E-Mehmonxona-4» тизими меҳмонхона хўжалиги эҳтиёжлари учун максимал равишда жавоб беради. Ундаги камчиликлар бартараф этилди ва бевосита фойдаланувчиларнинг таклифлари инобатга олинди.

 

Туризмни ривожлантириш  давлат қўмитаси раиси Анвар Шарапов, ССП раиси Алишер Шайхов, ташқи ишлар вазири ўринбосари Дилёр Ҳакимов, Марказий банк вакили Бобир Абубакиров, Туризмни ривожлантириш  давлат қўмитаси департаментлари раҳбарлари тадбиркорларни қизиқтирган барча саволларга жавоб беришди.

 

Кутилганидек, Президентнинг «Ўзбекистон Республикасида туризм соҳасини жадал ривожлантиришни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони (02.12.2016 йилдаги ПФ-4861-сон) йиғилишда иштирок этган барчани бирдек тўлқинлантирган энг долзарб мавзуга айланди. Бунда туроператорлар сингари отельерлар ҳам чет эл фуқароларини жойлаштириш учун эркин конвертация қилинадиган валютада тўловларни қабул қилиш масаласида кўп қийинчиликларга дуч келишган. Ушбу норма 2017 йилнинг 1 январидан кучга кирган.

 

ССП раиси Алишер Шайхов таъкидлаганидек, учрашувдан кўзланган мақсад  - фақат соҳа вакиллари дуч келаётган муаммоларни санаб ўтиш эмас, балки уларни ҳал этиш бўйича биргаликда таклифлар ишлаб чиқиш ҳамдир. Учрашув чоғида қандай саволлар келиб тушди?

 

– Агар хорижий меҳмонни жойлаштириш учун тўловни ЭКВ қабул қилиш керак бўлса, унинг меҳмонхонада бўлган вақтида фойдаланган қўшимча хизматлари учун ҳақ қандай тўланади? – Жойлаштириш учун тўлов бир маънода валютада тўланиши керак (хоҳ карта орқали бўлсин, хоҳ нақд), қўшимча хизматлар учун ҳақ фақат сўмда тўланиши мумкин, терминал орқали эса исталган валютада тўланиши мумкин;

 

– Хизмат кўрсатувчи банкнинг валюта контрактлари бўйича воситачилик тарифларининг пасайтирилишига эришса бўладими? (айрим банклар ҳар қандай операция учун 25 ш.б.гача ҳақ олишади) – МБ вакилининг таъкидлашича, регулятор тижорат банкларига тариф сиёсатини ўзгартиришни буюра олмайди, бироқ, шубҳасиз, ушбу масала қўшимча равишда кўриб чиқилади;

 

– Меҳмонхона хўжалиги корпоратив валюта картаси билан интернет майдони орқали онлайн режимида чет элда товар ёки ускуналарни харид қилса бўладими? – Мазкур саволга жавоб ҳайъат аъзолари томонидан турлича талқин қилинишига сабаб бўлди, шубҳасиз, ушбу масаланинг ҳам пухта ишлаб чиқилиши талаб этилади;

 

– Кичик корхоналарга валюта тушумининг бир қисмини мажбурий сотишдан озод этиш тарзидаги имтиёз сақлаб қолинадими, хизмат кўрсатаётган банкнинг Фармон кучга кириши билан уни сотиш талаби тўғрими? – МБ вакилининг фикрича – имтиёз сақлаб қолинади, кичик корхоналар илгаригидек валютанинг 25%ини мажбурий сотишдан озод этилади;

 

– Хорижий меҳмонлар ҳисоб-китоб қила оладиган валюталар рўйхати тўлдириладими? – Валюталар рўйхати тўлдирилмайди ва нақд пул фақат шу бешта валютадан бирида қабул қилинади (АҚШ доллари, ЕВРО, англия фунт стерлинги, швейцария франки, япония иенаси – таҳририят.);

 

Меҳмонхона хўжалиги валютадаги операциялар бўйича касса китобини юритиши шартми? Бу шундай касса китоблари бир нечта бўлиши керак деганими (ҳар бир валютага биттадан)? – “Валюта” касса китоби зарурий экани таъкидланди, аммо бир нечта касса китобини юритиш масаласи ҳали охиригача тартибга солинмаган; 

 

Махсус жиҳозланган биноларда (темир эшиклар, решеткалар, сигнализация ва ҳ.к.) тўловни ЭКВда қабул қилиш талаби-чи? Агар бу амалий ноқулайликларни келтириб чиқарса-чи, чунки амалиётда отелларнинг аксариятида тўлов ресепшнда қабул қилинади – Ҳайъат ноқулайликлар мавжуд эканини тан олди ва ушбу масала ҳам янада пухта ишлаб чиқилиши талаб этилишини қайд этди;

 

– Хизмат кўрсатувчи банкнинг меҳмонхона хўжаликларининг валюта контрактлари бўйича олдиндан 100 фоизлик тўлов тўғрисидаги талаби қонунийми? – Марказий банк вакили бундай талабнинг бир маънода ноқонуний эканлигини таъкидлади;

 

– Кичик бизнесга мансуб меҳмонхона хўжаликларининг валюта тушумини банкка ўзи олиб бориб топширишига йўл қўйиладими? – Мазкур масала ҳам ҳали тартибга солингани йўқ, ҳозир бўлган мутахассисларнинг шахсий фикрига кўра, валютани мустақил равишда инкассация қилишга мазкур холатда йўл қўйиб бўлмайди;

 

– Янги миллий стандартлар ҳали эълон қилинмаган тақдирда янги очилаётган меҳмонхоналарни сертификатлаш қандай стандартлар бўйича амалга оширилади? – Янги стандартлар кучга киргунга қадар, лицензиялаш амалдаги НҲҲ доирасида амалга оширилади.

 

Учрашув чоғида отельерларни ташвишлантираётган бошқа кўплаб масалалар ўртага ташланди. Уларнинг бир қисмига жавоблар дарҳол берилди, бошқа қисми эса қайд қилинди. Хусусан, Туризмни ривожлантириш  давлат қўмитаси тармоқлараро мувофиқлаштириш ва маркетинг тадқиқотлари бошқармаси бошлиғи Абдулазиз Аккулов ҳозир бўлганларга жорий йилда жорий қилиниши ва қўлланила бошлаши режалаштирилаётган туризм соҳаси учун 5 та янги миллий стандарт ҳақида сўзлаб берди.

 

Учрашув чоғида кўплаб саволларга Марказий банк вакили жавоб бериб, тингловчилар эътиборини 2016 йилнинг охирида ишга туширилган МБ раиси виртуал қабулхонасининг имкониятларига қаратди, у регуляторнинг ваколатига кирган барча саволлар бўйича маълумотларни тезкор равишда олишга ёрдам бериши мумкин. Бунда таъкидландики, валюта маблағларини қабул қилиш билан боғлиқ кўпгина амалий жиҳатлар такомилига етказилади ва йўриқнома ёки мавжуд НҲҲга қўшимчалар ва тузатишлар кўринишида ўз аксини топади. Бундан ташқари, барча меҳмонхона хўжаликларига хорижий меҳмонларни (ижарачилар) жойлаштириш каби қўшимча хизматлар учун ҳам ҳақ ундириш тартиби тўғрисида билдириш тизимини атрофлича ўйлаб кўриш тавсия этилди.

 

Туризмни ривожлантириш  давлат қўмитаси раиси А.Шарапов бир неча бор таъкидлаганидек, ҳеч бир таклиф ёки фикр-мулоҳаза ёддан кўтарилмайди, уларнинг ҳар бири бўйича ишлар олиб борилади. Бу ҳали тартибга солинмаган ёки амалдаги НҲҲларда етарлича тартибга солинмаган масалаларга ҳам тааллуқлидир.

 

Саида Жонизоқова, мухбиримиз.

 

Мавзуга оид материал:

 

Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси барчани бирлаштирди

 

 

 

Валюталар курси

2024-11-26
  • USD:12814.78 (+0.00) сум
  • EUR:13442.70 (+0.00) сум
  • RUB:123.50 (+0.00) сум

Янги сонларда ўқинг

2024, 26 ноябрь№ 48