Бу ҳақида Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Ахборот хизмати 26 октябрда хабар берди.
Хабарга кўра, Марказий банк бошқаруви Марказий банк қайта молиялаш ставкасини йиллик 9 фоиз даражада сақлаб қолиш тўғрисида қарор қабул қилди.
Ушбу қарор инфляциянинг амалдаги ва кутилаётган даражасини, шунингдек пул-кредит кўрсаткичларининг 2015 йилга белгиланган мақсадли параметрларини ҳисобга олган ҳолда қабул қилинди.
Эслатиб ўтамиз, қайта молиялаш ставкасини кўриб чиқиш тўғрисидаги қарор жорий йилда тўртинчи марта қабул қилинмоқда. 2015 йил 1 январдан бошлаб ставка йиллик 10 фоиздан 9 фоизга, апрель ва июль ойларида эса ўзгаришсиз қолдирилганди.
Қайд қилиш лозимки, йил бошида ставкани пасайтириш Ўзбекистонда иқтисодий ўсиш суръатларини рағбатлантиришга қаратилган эди. Қоидага кўра, бундай қадам банк кредитлари бўйича фоиз ставкаларини пасайтириш учун асос яратади, бу ўз навбатида иқтисодиётнинг реал секторида инвестиция фаоллигини оширишда ўз аксини топиши керак.