Бу саволни «Norma» профессионал ривожланиш марказининг тренингида иштирок этган Оксана Клюева берди. Лекин бу савол солиқ органларидан худди шундай хабарномани олган кўплаб бош бухгалтерларни ҳам қизиқтиради.
2019 йилнинг 1 январидан умумбелгиланган солиқларни тўлашга ўтиш тўғрисидаги хабарномаларни солиқ органлари ноябрь ойининг ўрталаридан жўнатишни бошлашган. Улар ижтимоий тармоқлар, семинарлар ва тренингларда ҳаяжонларни жунбушга келтирди. Айримлар ушбу хабарноманинг қонунийлигини асосласа, баъзилар ноқонуний дейишди. vopros.norma.uz сайтида ҳам турли-туман фикрлар билдирилди.
Лекин аксарият бош бухгалтерлар «ўзимизни сиртмоққа тутиб беряпмиз» деган фикрдалар: «Бизни яна алдашаётгани шундоққина сезилиб турибди-ку. Ҳозир ихтиёрий ўтилади, кейин эса ортга қайтишга йўл бўлсин, 1 млрд сўм борасидаги қарорга келсак, у 1 чорак учун умуман амал қилмайди-қўяди», – ёзади Вероника Камишанская.
ЯСТ тўловчиларининг яна бир тоифаси мавжуд. Уларнинг 2018 йил учун обороти декабрдаги тушумнинг ҳисобига 1 миллиард сўмдан ошади. Бундай корхоналар олдида ҳозир танлов турибди – «ғолибнинг олдида ўзимиз таслим бўлиб», ҚҚС тўловчиси сифатида рўйхатдан ўтганлик тўғрисида хабарномани ДСХОга тақдим этайликми ёки вазият ойдинлашишини бироз кутайликми, дейишмоқда.
Бу масалани эҳтиросларсиз, бафуржа мулоҳаза қилишга уриниб кўрамиз. Амалдаги Солиқ кодексига мувофиқ корхона ҚҚСни мажбурий тартибда ёки ихтиёрий тўлайди. Ҳар иккала ҳолатда ҳам у ҚҚС тўловчиси сифатида рўйхатдан ўтиши лозим. Бунинг учун ДСХОга хабарнома жўнатилади, хабарномани олган солиқ тўловчиларнинг кўпчилиги шундай йўл тутган ҳам. Хабарномани қайтариб олиш мумкин эмас – амалдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда бу назарда тутилмаган.
Муайян мезонларга риоя қилинган тақдирда, ҚҚСни тўлашдан 1.01.2020 йилдан олдин воз кечиб бўлмайди. ЯСТ тўлашга ўтиш ва умумбелгиланган солиқлар, шу жумладан ҚҚСни тўлашдан воз кечишга имкон берувчи шартлар, ДСХОга хабарномалар бериш муддатлари, шунингдек бошқа ўзгартириш ва қўшимчалар яқин вақт оралиғида амалдаги Солиқ кодексига киритилади, қолаверса, янги Солиқ кодексида ҳам ўз аксини топади.
Янги йилдан умумбелгиланган солиқларга ўтиш тўғрисидаги хабарномани солиқ органлари қонуний деб ҳисоблашади, сабаби бу Солиқ сиёсатини такомиллаштириш концепциясида (29.06.2018 йилдаги ПФ-5468-сон Фармонга қаралсин) белгиланган.
Концепцияга мувофиқ, 2019 йилнинг 1 январидан бошлаб 2018 йил якунларига кўра:
- йиллик айланмаси (ялпи тушуми) 1 миллиард сўмдан ошган корхоналар – умумбелгиланган солиқларни (шу жумладан ҚҚС) тўлашга ўтиши шарт;
- йиллик айланмаси (ялпи тушуми) 1 миллиард сўмгача бўлганлар – ихтиёрий равишда ҚҚСни тўлаш имконияти билан айланмадан (ялпи тушумдан) солиқ тўлашади.
Солиқ органларидан norma.uz га хабар беришларича, хабарнома, бу аслида – Концепцияда тасдиқланган қоидаларни амалда жорий этишга тайёргарлик бўйича тавсиялар ҳисобланади. Уларнинг амалдаги Солиқ кодексига ўзгартиришлар киритиш орқали жорий этилишига солиқчилар шубҳа қилишаётгани йўқ. Шунинг учун, дейишади улар, аризани берасизми-йўқми, бундан қатъи назар, айланмаси 1 миллиард сўмдан ошадиган корхона белгиланган мезонлар доирасида мажбурий тартибда умумбелгиланган солиқларни, шу қаторда ҚҚСни тўлайди. Хабарномадан мақсад – солиқ тўловчиларни солиқ солишнинг янги қоидаларига тайёргарлик кўришига кўмаклашишдан иборат. Бунинг учун:
– ҚҚС, фойда солиғи, ер солиғи, мол-мулк ва сув солиқлари бўйича бепул услубий қўлланма ишлаб чиқилди;
– Call-центр ишламоқда: 71 202-32-82 ва 1198;
– «Cолиқ инспекциялари ҳузурида консультатив хизмат дарчалари» ташкил этилган, у ерга солиқ қонунчилигини қўллашга доир саволлар билан мурожаат қилиш мумкин.
Лекин барча таъкидларга қарамай, Солиқ кодексига ўзгартиришлар 2019 йилнинг 1 январидан кучга кирмаса нима бўлади? Ҳуқуқшуносларнинг мазкур саволга жавоблари қуйидагича бўлди: «Модомики корхона солиқ органларининг Концепцияга асосланган тавсияларига биноан умумбелгиланган солиқларни (ҚҚС) тўлашга ўтган экан, у ҳолда Солиқ кодексида амалдаги соддалаштирилган тартибнинг сақлаб қолиниши ушбу янги тартибга ўтишни ҳуқуқий мазмунда бекорга чиқаради».
Хулласи калом, ҳурматли бош бухгалтерлар, тинчланинг ва муқаррар ўзгаришларга тайёр туринг – ўқиб-ўрганинг, инвентаризация ўтказинг, ҚҚС ҳисобланг.