Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
2024 йил декабрда қандай дам оламиз 2024 йил декабрь ойи учун бош бухгалтер режаси Корхонанинг ташкилий-ҳуқуқий шакли қандай ўзгартирилади Буюртмачи бухгалтерия ҳисобини қандай юритиши керак Солиқ кодексига мувофиқ ҚҚСсиз импорт жиҳозлар учун уч сценарий: сотиш, ижарага бериш ва фойдаланиш пайтидаги солиқ оқибатлари Ўзбекистонда 2024 йил декабрда нималар ўзгаради

Қурилиш нормалари ва қоидалари бузилиши қандай бартараф этилади

14.09.2018

Рус тилида ўқиш


Ушбу шарҳда «Обод маҳалла» дастурини амалга оширишнинг юридик жиҳатлари ҳақида сўз юритамиз.

 

Тошкент шаҳрининг инфратузилмасини яхшилаш мақсадида қуйидаги олижаноб мақсадларга йўналтирилган «Обод маҳалла» дастури амалга оширилмоқда:

  • аҳоли турмуш сифатини яхшилаш;
  • Тошкент шаҳридаги туманларни модернизациялаш;
  • керакли хизматларни яқин жойда тақдим этиш.

 

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, Республика кенгаши, «Маҳалла» фондига:

  • 2018 йилнинг 1 декабригача – Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар, туманлар ва шаҳарлар марказларида «Маҳалла маркази» мажмуалари биноларини;
  • 2021 йилнинг 1 декабригача фуқаролар йиғинлари идоралари биноларини намунавий лойиҳалар ва уларга қўйилган талаблар асосида қуриш (реконструкция қилиш, таъмирлаш) чораларини кўриш вазифаси топширилган (3.02.2017 йилдаги ПФ–4944-сон Фармоннинг 8-банди).

 

Юқорида кўрсатилган дастур доирасида Тошкент шаҳридаги туманларда кенг миқёсли қурилиш ишлари бошланди.

 

Бироқ, республика ОАВнинг (мисол учун, gazeta.uz, sreda.uz ва nuz.uz сайтларига қаранг) гувоҳлигига кўра, инвесторлар фойда олиш ниятида маҳалла марказлари кўриниши остида кўпинча тижорат кўчмас мулкини қуришга уринмоқдалар.

 

Бу яқин орада яшовчи кўп қаватли уйлар аҳолисининг норозилигига сабабчи бўлмоқда, нафақат қурилиш жараёнида, балки тижорат кўчмас мулки фойдаланишга топширилгандан кейин ҳам уларнинг яшаш шароити ёмонлашади. Бунинг устига, мазкур вазиятда тижорат қурилиши учун ер участкаларини ажратиш жараёни шаффоф эмаслиги ва шаҳарсозлик нормалари бузилиши эҳтимоли кўплаб саволларни юзага келтиради.  

 

«Обод маҳалла» дастури доирасида қурилиш ишларини амалга ошириш билан боғлиқ соҳани тартибга солувчи қонун ҳужжатлари ҳар хил тушунилиши ва талқин қилинишининг олдини олиш учун норматив-ҳуқуқий базани кўриб чиқамиз ва тартибга солинмаган масалаларга эътибор қаратамиз. 

 

Ер участкаларига бўлган ҳуқуқларни бериш ер ажратиш тариқасида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, вилоятлар, Тошкент шаҳри, туманлар, шаҳарлар ҳокимларининг қарорлари асосида амалга оширилади (Ер кодексининг 23-моддаси).

 

2018 йил 1 июлдан бошлаб:

  • тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш учун ер участкаларини доимий фойдаланишга бериш «E-IJRO AUKSION» ягона электрон савдо майдончасида электрон аукцион орқали амалга оширилади;
  • ер участкаларини бериш бўйича материалларни йиғиш, кўриб чиқиш ва ваколатли органлар ҳамда ташкилотлар билан келишиш фақат замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда электрон шаклда амалга оширилади (20.04.2018 йилдаги ПҚ–3677-сон қарорнинг 8-банди). 

 

Президентнинг 20.04.2018 йилдаги ПҚ–3677-сон қарорини бажариш юзасидан Тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш учун ер участкаларини электрон аукцион орқали доимий фойдаланишга бериш тартиби тўғрисида низом (ВМнинг 30.06.2018 йилдаги 493-сон қарорига 1-илова, бундан кейин – Низом) тасдиқланди.

 

Бундан буён ер участкаларини ажратиш тартиб-таомилларининг шаффоф эмаслиги хусусида ҳеч қандай савол юзага келмаслиги керак эди. Бироқ Низомда истисно мавжуд. Унинг талаблари Ўзбекистон Республикаси Президенти, вилоятлар, туманлар ва шаҳарлар ҳокимликларининг қарорларида назарда тутилган давлат ҳамда жамоат эҳтиёжлари учун ер участкаларини бериш тартибига биноан барпо этилаётган муайян турдаги объектларни қуришга татбиқ этилмайди (Низомнинг 2-банди «б» кичик банди).

 

Кўрсатилган нормада маҳалладаги биноларни қуриш учун ер участкаларини электрон савдо майдончасидан ташқарида бериш имконияти назарда тутилган. Бунда қонунчилик даражасида:

  • амалдаги дастур доирасида маҳаллаларни ободонлаштириш учун ер участкаларини бериш тартиби батафсил қайд этилмаган;
  • бўлажак қурувчиларни танлаб олиш мезонлари белгиланмаган;
  • маҳалладаги биноларнинг намунавий лойиҳалари ва уларга қўйиладиган талаблар тасдиқланмаган.

 

Бу эса маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва аҳоли ўртасидаги муносабатларга салбий таъсир кўрсатади, низоли вазиятлар юзага келишига олиб келади, мамлакат раҳбарияти кўрсатмаларини тўғри бажаришга тўсқинлик қилади. Кўпинча инвесторлар маҳалла марказлари кўриниши остида, «Обод маҳалла» дастуридан кўзланган мақсадга зид равишда одамларнинг манфаатлари ҳақида ўйламай, бизнес-марказлар ва бошқа тижорат кўчмас мулки объектларини қуришга уринмоқдалар. 

 

Бироқ бунда фақат вазиятнинг ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солинмаганлиги ҳақида сўз юритилмаяпти. Маҳаллий ҳокимият томонидан қўллаб-қувватланган қурилиш лойиҳалари амалиётда шаҳарсозлик нормаларининг талабларини бузган ҳолда амалга оширилмоқда. Аслида ҳар қандай қурилиш шаҳарсозлик нормаларига қатъий риоя этган ҳолда амалга оширилиши керак (Шаҳарсозлик кодексининг 3-моддаси). Президентнинг «Обод маҳалла» дастури тўғрисидаги қарорида (27.06.2018 йилдаги ПҚ–5467-сон қарорнинг 2, 3-бандлари) ҳам шаҳарсозлик нормалари талабларига сўзсиз риоя этиш зарурлиги қайд этилган.    

 

Стандартларда эса қуйидагилар таъкидлаб ўтилган: «Микрорайонларда уй-жойлар оралиғида ҳар қандай мақсадга мўлжалланган объектларни жойлаштиришга йўл қўйилмайди. Махсус иншоотлар (болалар учун ўйин майдончалари, спорт майдончалари, кир ёйиш, автомобилларни вақтинча сақлаш учун майдончалар) бундан мустасно» (2.07.01-03 ШНҚнинг 21.1-банди).

 

Мавжуд амалиёт Шаҳарсозлик кодекси нормаларига ҳам зид келади. Хусусан, қуйидагилар жамиятнинг шаҳарсозлик соҳасидаги манфаатлари ҳисобланади:

  • аҳолининг қулай яшаш шароитларини таъминлаш;
  • хўжалик ва бошқа фаолиятнинг атроф муҳитга етказадиган зарарли таъсирига йўл қўймаслик, экологик ҳолатни яхшилаш;
  • шаҳарсозлик фаолиятидаги очиқлик ва шаффофлик.

 

Агар шаҳарсозлик фаолияти жамиятнинг манфаатларига зид бўлса, бундай фаолият тугатилиши керак (Шаҳарсозлик кодексининг 4-моддаси).

 

Шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш чоғида юридик ва жисмоний шахслар атроф муҳитни муҳофаза қилиш ва экологик хавфсизлик талабларига, шунингдек санитария нормалари ҳамда қоидаларига риоя этишлари шарт (Шаҳарсозлик кодексининг 8-моддаси).

 

Қонунбузарликларга йўл қўймаслик учун «Обод маҳалла» дастури доирасида қурилиш учун ер участкаларини ажратиш масаласини қонунчилик йўли билан тартибга солиш зарур. Бунинг учун қуйидагиларни тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатни тасдиқлаш лозим:

  • ер участкасини ажратиш босқичлари, муддатлари ва мезонлари;
  • маҳаллалар кесимида қурилиш-монтаж ишларини амалга ошириш учун рухсат берилган ҳудудлар;
  • маҳалла фуқаролари йиғинлари биноларининг намунавий лойиҳаларини ишлаб чиқиш;
  • қурилган биноларда амалга оширилиши мумкин бўлган фаолият турларини батафсил қайд этиш.

 

Эслатиб ўтамиз, фуқароларнинг ҳуқуқлари ҳимояланган, қонун ҳужжатлари бузилган тақдирда улар суд органларига (Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекснинг 4, 26, 27-моддалари), шунингдек жамиятнинг ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимояланишини кафолатловчи прокуратура органларига мурожаат қилиш ваколатига эга («Прокуратура тўғрисида»ги Қонуннинг 7-моддаси, 3-бўлими 1, 2-боблари).

 

Баҳром Зайтаев, юрист.





Валюталар курси

2024-11-29
  • USD:12865.05 (+0.00) сум
  • EUR:13550.76 (+0.00) сум
  • RUB:116.73 (+0.00) сум

Янги сонларда ўқинг

2024, 26 ноябрь№ 48