“Агар дам олиш куни ишга жалб қилинган бўлсам, отгул олишга ҳуқуқим борми? Мен тўлиқ иш куни эмас, балки атиги 3 соат ишлаб берган бўлсам, унинг давомийлиги қандай бўлиши керак”?
Ҳатто ходим ишланмайдиган кунда атиги 1 соат ишлаб берган бўлса ҳам, у тўлиқ кун отгулга ҳуқуқи бор. Ушбу вазиятда отгулларни расмийлаштиришнинг ўзига хос жиҳатларини меҳнат ҳуқуқи бўйича «Норма» эксперти Ленара ХИКМАТОВА тушунтирди:
- Иш берувчининг фармойиши бўйича айрим ходимларни дам олиш кунлари ишга жалб этишга алоҳида ҳоллардагина, жамоа шартномасида белгиланган асослар бўйича ва тартибда жалб қилиш мумкинлигидан бошлаймиз. Агар жамоа шартномаси мавжуд бўлмаса, жалб қилиш тартиб-таомилини иш берувчи ходимларнинг вакиллик органи билан келишиб белгилайди. Дам олиш кунларида бажарилган иш учун компенсация назарда тутилган.
Икки ҳисса ставка ёки отгул
МКнинг 157-моддасига асосан дам олиш кунларидаги ишлар учун камида икки ҳисса миқдорида ҳақ тўланади. Тўланадиган ҳақнинг аниқ миқдори жамоа шартномасида ёки иш берувчи томонидан ходимларнинг вакиллик органи билан келишиб белгиланади. Яъни локал тартибда дам олиш кунидаги ишлар учун икки ҳисса миқдордан ортиқ миқдорда ҳақ тўлаш назарда тутилиши мумкин. Шу билан бир вақтда ходим бошқа дам олиш куни (отгул) сўраш ҳуқуқига эга. Бу ҳолда дам олиш кунидаги ишлар учун бир ҳисса миқдорида ҳақ тўланади, бошқа дам олиш куни берилган тақдирда, ходимга иш кунига тўланадиган ҳақ миқдорида ҳақ тўланади.
Отгул – бу ходимга ишланмайдиган вақтдаги ишлар ёки навбатчилик учун компенсация сифатида тақдим этиладиган дам олиш вақти.
Шу тариқа, ходимда унинг дам олиш кунидаги меҳнатини компенсация қилишнинг иккита варианти бор: ёки унга бир ҳисса ставка тўланади ва бошқа дам олиш куни берилади ёхуд отгул тақдим этмасдан, шунчаки икки ҳисса миқдорда ҳақ тўланади.
Отгул соатларда бериладими ёки тўлиқ кунга?
Агар ходим бошқа дам олиш кунини танлаган бўлса, дам олиш кунидаги ишлар учун бир ҳисса ставка тўлашдан ташқари, дам олиш кунидаги иш қанча вақт – тўлиқ кун ёки 1 соат давом этганлигидан қатъи назар, унга тўлиқ кунга отгул тақдим этилиши керак. МКнинг 157-моддаси 2-қисмини сўзма-сўз ўқиш шундай хулосага келиш имконини беради. Мазкур моддада иш вақтидан ташқари ишлар билан бўлган ҳолатдаги каби “дам олиш кунидаги иш учун дам олиш соатларига тенг келадиган миқдорда” тўғрисида эмас, балки айнан “дам олиш куни” хусусида айтилмоқда.
Яъни дам олишнинг давомийлиги билан дам олиш кунидаги ишларнинг давомийлиги ўртасида боғлиқлик йўқ. Ишлаб берилган вақтнинг ҳар қандай соати учун ходимга барибир тўлиқ дам олиш куни тақдим этилади.
Buxgalter.uz да батафсил ўқинг.