Бугундан бошлаб маҳаллий суғурта компаниялари тақдим этаётган суғурта турлари ҳақидаги туркум мақолаларни бера бошлаймиз. Ушбу мақолада norma.uz мухбири шахсий суғурта масалаларини кўтарди.
Ўзбекистондаги 27 та суғурта компаниясининг барчаси шахсий суғурта хизматларини таклиф этади. Хизматлар ҳам жисмоний, ҳам юридик шахсларга кўрсатилади.
«O’zbekinvest Hayot» МЧЖ, «New Life Insurance» МЧЖ, «Аlfa Life» ШХЖ СБ, «Agros Hayot» МЧЖ фуқаролар ҳаётини суғурталашга ихтисослашган. Молия вазирлигининг маълумотларига кўра, 2017 йилда суғурта хизматлари бозорида амалга оширилган жами тўловларнинг 29%и ушбу компаниялар улушига тўғри келган.
Суғурта компаниялари Ўзбекистон Республикасининг «Суғурта фаолияти тўғрисида»ги Қонунига мувофиқ фаолият юритадилар. Солиқ кодексининг 179-моддасига мувофиқ эса, узоқ муддатли суғурта турлари бўйича фуқароларнинг суғурта товони сифатида оладиган суммаларига солиқ солинмайди.
Бахтсиз ҳодиса
Бахтсиз ҳодисалардан шахсий суғурта бўйича маҳсулотларнинг энг кенг спектри таклиф этилади. Бу шахсий суғуртанинг энг оммавий тури. Барча компанияларда тегишли таклифлар мавжуд.
Суғурталанган шахс тан жароҳати олган, саломатлигига путур етган (ногирон бўлиб қолган) ёхуд вафот этган тақдирда полислар харажатларни қоплайди. Суғурта ҳодисаси юз берганда компания шартномага кўра жароҳат даражасига қараб суғурта суммасидан фоиз нисбатида ҳақ тўлайди.
Суғурта компаниялари мижозларга алоҳида ёндашишни афзал кўрадилар. Шу сабабли «бахтсиз ҳодисадан суғурталаш» маҳсулоти билан бирга махсус маҳсулотларни таклиф этадилар. Уларнинг аксарият қисми спортчилар, мамлакатимизда ва ундан ташқарида саёҳат қилувчиларни бахтсиз ҳодисалардан суғурта қилишдан иборат. Йўллардаги бахтсиз ҳодисалардан суғурталаниш мумкин. «Ўзагросуғурта» ҳомиладор аёлни туғруқхонада бўлиши пайтида суғурталашни таклиф этади.
Иш жойидаги бахтсиз ҳодисалардан суғурталаниш мумкин. Суғурта компаниялари «Иш берувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш тўғрисида»ги ЎРҚ-210-сон Қонундан келиб чиқувчи вазифаларни ҳал этишда ҳам фаоллик кўрсатмоқдалар.
Бир қатор компаниялар қарздорнинг ҳаётини суғурталашни таклиф этадилар. Бу қарз берувчи ўз молиявий маблағларини тўлиқ қайтариб олишини кафолатлайди.
Ҳар бир компанияда бошланғич таклифлар амал қилади, якуний маҳсулот эса шартнома ва суғурта полисида баён этилади. Суғурта ҳодисалари ва улар юз берган тақдирда компания тўлайдиган суммалар албатта қайд этилади. Суғурта қиймати ҳам ушбу кўрсаткичларга боғлиқ бўлади. Табиийки, суғурта суммаси қанча катта бўлса, ҳатто арзимас жароҳат олганда ҳам тўловлар миқдори шунча кўп бўлади. 100% суғурта суммаси, одатда, оғир тан жароҳати олган ва вафот этган тақдирда тўланади.
Деярли барча компанияларда содиқлик дастурлари амал қилади. Такроран шартномалар тузилганда хизматлар арзонлашади.
Тиббий суғурта
Ихтиёрий тиббий суғурта бўйича хизматларни таклиф этаётган суғурта компаниялари сони тобора ортмоқда.
Суғурта полиси сотиб олинаётганда тиббий хизматларнинг аниқ ҳажми ва улар кўрсатиладиган тиббиёт муассасалари рўйхати кўрсатилади. Суғурта ҳодисаси юз берганда мижоз тиббиёт муассасасига мурожаат қилади, суғурта компанияси эса шартномада қайд этилган сумма доирасида даволаш ҳақини тўлайди. Айрим компаниялар юқумли касалликлар ва стоматология хизматлари кўрсатиш ҳолатларини суғурталашни алоҳида маҳсулотлар сифатида тақдим этадилар.
«Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили» Давлат дастурига мувофиқ мажбурий тиббий суғуртани жорий этиш концепцияси ишлаб чиқилмоқда. У қуйидагиларни таъминлашга йўналтирилади:
- фуқароларнинг тиббий ва профилактика хизматларига бўлган ҳуқуқлари тенглиги;
- суғурта полисларига асосан сифатли тиббий ёрдам кўрсатиш кафолати;
- тиббий ва профилактика хизматлари қийматини тартибга солиш механизмини ишлаб чиқиш ва жорий этиш.
Шунингдек Тиббий суғурта жамғармасини тузиш режалаштирилмоқда.
Ҳаётни суғурталаш
Ҳаётни суғурталаш – боқувчисининг вафот этганлиги муносабати билан оила тўқнаш келиши мумкин бўлган эҳтимолий молиявий қийинчиликлардан ҳимояни таъминловчи дастур. Корпоратив мижозлар учун суғурталаш дастури ходимлар ва уларнинг оилалари ижтимоий ҳимояланишини таъминловчи самарали механизмга айланиши мумкин.
Кўпгина компаниялар ҳаётни узоқ муддатли суғурталашни таклиф этадилар. Ҳаётни узоқ муддатга суғурталаш – ҳаётни суғурта қилиш ҳамда сармояни мақсадга мувофиқ равишда сақлаш ва кўпайтириш имконини берувчи жамғариб бориладиган суғурта бадаллари тизими.
Айрим суғурта компаниялари умр бўйи қайтариладиган рента хизматини жорий этдилар. Ушбу таклиф ижтимоий жиҳатдан ҳимояланмоқчи ва фаровонлигини оширмоқчи бўлганларга мўлжалланган.
Шунингдек компаниялар бонуслар тўланадиган ҳаётни узоқ муддатга суғурталаш хизматларини таклиф этмоқдалар. Булар суғурта ҳимояси билан таъминлашга йўналтирилган, пул жамғармаларини тўплаш имконини берувчи бирхиллаштирилган, узоқ муддатли дастурлардир. Одатда, суғурта тўловлари 2 ҳолатда: шартноманинг амал қилиш муддати тугаганда ёки мижоз вафот этганда тўланади.
Олег Гаевой.