Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Умумий сотиш ҳажмида ўз маҳсулоти 90 фоиздан кам бўлса, умумий овқатланиш корхонаси қишлоқ хўжалик маҳсулотлари харидини қандай расмийлаштириши керак Ўзбекистондан ташқарида товар харид қилиш ва ташиш қандай солиқ оқибатларига олиб келади Қандай қилиб ҚҚС ҳисоботини тўлдириш ва солиқни тўлаш керак

Солиқларни тўлашдан бўйин товлаш: бирма-бир кўриб чиқамиз

27.04.2018

 

Бу соҳадан бехабар киши солиқларни тўлашдан бўйин товлаш оқибатида ишга тушадиган ҳуқуқий механизмларни англаб етиши мушкул. Бироқ бизнесдаги, айниқса «асосий лавозимлардаги» кишилар – раҳбар ва бош бухгалтер солиқ тўловчи юридик шахс сифатида ва шахсан ўзлари қандай жавобгарликка тортилишлари мумкинлиги, давлатга етказилган зиён кимдан ундирилишини билишлари муҳим.

 

Юридик шахсларнинг иқтисодиёт соҳасидаги ҳуқуққа зид фаолияти – кўп жиҳатларга эга. Масалан, товарларни (ишларни, хизматларни) реализация қилишдан тушган тушумни яшириш (камайтириб кўрсатиш) – бир йўла тўртта позиция бўйича ноқонуний қилмиш.  

 

а) солиққа оид ҳуқуқбузарлик (Солиқ кодексининг 114-моддаси 2-қисми). Товарларни (ишларни, хизматларни) реализация қилиш одатда сотувчига даромад олиб келади, ундан солиқ мажбуриятлари юзага келади (қуйидаги жадвалга қаранг).

 

Умумбелгиланган солиқлар

Солиқ солишнинг соддалаштирилган тартиби

юридик шахслардан олинадиган фойда солиғи, сабаби товарларни (ишларни, хизматларни) реализация қилишдан олинадиган даромадлар жами даромад – ушбу солиқнинг солиқ солинадиган базаси элементи таркибига киради (Солиқ кодексининг 128-130-моддалари) 

ягона солиқ тўлови, сабаби товарларни (ишларни, хизматларни) реализация қилишдан тушган тушум ялпи тушум – ЯСТ бўйича солиқ солинадиган объект таркибига киради (Солиқ кодексининг 355-моддаси) 

 

қўшилган қиймат солиғи, сабаби товарни ва бошқа мол-мулкни сотиш товарларни реализация қилиш обороти – ҚҚС солинадиган объект деб эътироф этилади (Солиқ кодексининг 198, 199-моддалари)

давлат мақсадли жамғармаларига мажбурий ажратмалар, сабаби соф тушум ушбу тўловларнинг солиқ солиш объекти ва солиқ солинадиган базаси ҳисобланади (Солиқ кодексининг 313-моддаси, 22-моддаси 25-хатбошиси)

акциз солиғи, акцизланадиган товарларни реализация қилишда (Солиқ кодексининг 230-моддаси)

 

Солиққа оид ҳуқуқбузарликларнинг содир этилиши солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларида назарда тутилган молиявий санкциялар қўлланишига олиб келади. Мазкур вазиятда – бу товарларни (ишларни, хизматларни) реализация қилишдан тушган тушум яширилган (камайтириб кўрсатилган) суммасининг 20%и миқдорида жарима.

 

Шу билан бир қаторда, тушумнинг яширилган (камайтириб кўрсатилган) суммасига солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни ҳисоблаш (қўшимча ҳисоблаш) амалга оширилади.

 

Маълумот учун. Товарларни (ишларни, хизматларни) реализация қилишдан тушган тушумни яшириш (камайтириб кўрсатиш) деб қуйидагилар эътироф этилади:

 

  • товарлар (ишлар, хизматлар) реализация қилинганлиги факти ҳужжат билан тасдиқланганда товарларни (ишларни, хизматларни) реализация қилишдан тушган тушум суммасининг ҳисобга олиш регистрларида акс эттирилмаганлиги;
  • товарлар (ишлар, хизматлар) реализация қилинганлиги факти тўғрисида далолат берувчи ҳужжатлар алмаштирилганлиги, сохталаштирилганлиги ёки йўқ қилинганлиги;
  • ҳисобда реализация қилинмаган деб кўрсатилган товарларнинг омборда ёки реализация қилиш жойида мавжуд эмаслиги.

 

б) маъмурий ҳуқуқбузарлик (МЖТКнинг 174-моддаси). Фойдани (даромадни) қасддан яшириш (камайтириб кўрсатиш) қуйидаги ҳолларда маъмурий ҳуқуқбузарлик таркибини ҳосил қилади:

  • агар у анча миқдорни ташкил қилмаган, яъни ЭКИҲнинг 100 бараваридан кам миқдорда содир этилган бўлса;
  • агар у биринчи марта анча миқдорда, яъни ЭКИҲнинг 100 бараваридан 300 бараваригача суммада содир этилган бўлса.         

 

в) жиноий жавобгарлик (ЖКнинг 184-моддаси). Қуйидаги ҳолларда янада жиддий жиноий санкциялар қўлланилиши мумкин:

  • МЖТКнинг 174-моддаси 2-қисми бўйича маъмурий жазо қўлланилганидан сўнг бир йил давомида шундай қилмиш, яъни ЭКИҲнинг 100 бараваридан 300 бараваригача миқдорда бўйин товлаш яна содир этилган бўлса;
  • фойда (даромад)ни қасддан яшириш (камайтириб кўрсатиш) кўп (ЭКИҲнинг 300 бараваридан 500 бараваригача) ёки жуда кўп (ЭКИҲнинг 500 баравари ва ундан ортиқ) миқдорда содир этилган бўлса. Бунда жиноий жавобгарлик маъмурий преюдицияга риоя қилинмаган ҳолда келиб чиқади, яъни айбдорларнинг муқаддам маъмурий жавобгарликка тортилиши талаб этилмайди. 

 

 

Бу – муҳим! Маъмурий жазо ёки жиноий жазо чораси сифатидаги жарима ва молиявий жазо сифатидаги жарима – бир нарса эмас. Биринчиси солиқ тўловчи – ташкилотнинг мансабдор шахсларидан (МЖТКнинг 174-моддаси бўйича – ЭКИҲнинг 15 бараваригача; ЖКнинг 184-моддаси бўйича – ЭКИҲнинг 600 бараваригача), иккинчиси эса – ташкилотнинг ўзидан (Солиқ кодексининг 114-моддаси 2-қисми бўйича – яширилган тушум суммасининг 20%и) ундирилади. Мансабдор шахсларнинг маъмурий ёки жиноий жавобгарликка тортилиши солиқ тўловчи – юридик шахсдан молиявий жазо ундирилишини истисно этмайди.

 

г) фуқаролик-ҳуқуқий тусдаги қилмиш (деликт). Солиқлар давлат иқтисодий тизимининг элементи сифатида оммавий-ҳуқуқий табиатга эга. Бунда солиқ тўловчи билан давлат ўртасида юзага келадиган муносабатлар мулкий тусга эга, сабаби солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни ўз вақтида ва тўлиқ тўлаш – солиқ мажбурияти элементларидан бири.

 

Зарар етказиш оқибатида фуқаролик ҳуқуқлари ва мажбуриятлари юзага келади. Хусусан, жабрланган шахс унга етказилган зарарлар тўлиқ қопланишини талаб қилиш ҳуқуқига эга. Бироқ давлат – фуқаролик ҳуқуқий муносабатларининг ўзига хос субъекти ва уларда ўз ваколатли органлари, бизнинг ҳолатда – давлат солиқ хизмати органлари орқали иштирок этади.

 

Яна бир хусусияти шундаки, солиқ органлари давлатга мулкий зиён етказган шахсларни жавобгарликка тортмайдилар (фуқаролик-ҳуқуқий жиҳатдан у мавжуд эмас). Улар давлат номидан чиқиб, етказилган зарарни ундирган ҳолда унинг поймол бўлган ҳуқуқларини тиклаш чораларини кўрадилар.

 

Хулоса. Реализация қилишдан тушган тушумни яшириш (камайтириб кўрсатиш) кўринишидаги ҳуқуққа зид фаолият икки «тармоқли» оқибатга олиб келади:

 

1) айбдорларни бунинг учун назарда тутилган юридик жавобгарликка тортиш: солиқ тўловчи – юридик шахсдан молиявий санкция ундирилади, унинг мансабдор шахсларига эса маъмурий ундирув ёки жиноий жазо таҳдид солади;

 

2) айбдорлар тўлашдан бўйин товлаган солиқлар ва (ёки) мажбурий тўловлар суммасига тенг бўлган, давлатга етказилган зарарни ундириш. Уни солиқ тўловчи – ташкилотнинг ўзидан ҳам, ҳуқуққа зид хатти-ҳаракатлари боқимонда юзага келишига сабабчи бўлган унинг мансабдор шахсларидан ҳам ундирилиши мумкин.      

 

Маълумот учун: кирим қилинмаган товарларни сақлашда ҳам худди шундай оқибатлар юзага келади (бундан уларнинг қонуний келиб чиқиши тасдиқланган ҳоллар мустасно).

 

Бинобарин – қонунда назарда тутилган юридик жавобгарлик чораларининг қўлланиши давлатга етказилган зарарни қоплаш мажбуриятини бекор қилмайди.

 

Қачон айбдор раҳбариятдан зарар ундирилади?

 

Қонун ҳужжатларида солиқ боқимондаси юзага келишида айбдор бўлган мансабдор шахслардан уни ундириш учун асосларнинг батафсил рўйхати келтирилмаган. Муаллифнинг фикрича, бевосита солиқ тўловчи – юридик шахсдан ундириш имконияти қолмаган ва бу натижага олиб келмаган ҳолдагина уни қўллаш мумкин. Қуйидаги вазиятларни мисол тариқасида кўриб чиқиш мумкин.

 

а) солиқ тўловчи – ташкилотга нисбатан ижро иши юритиш тамомланган, ижро ҳужжати эса ижро этилмай қайтарилган («Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида»ги Қонуннинг 40, 41-моддалари).

 

б) иқтисодий судга мурожаат қилиш пайтида солиқ тўловчи – ташкилот амалда фаолият юритмайдиган ташкилот ҳисобланади, талаблар қондирилиши учун пул маблағлари ва мол-мулк мавжуд бўлмайди.

 

Одатда, мансабдор шахслар жиноий таъқиб қилинаётган пайтда корхона нормал фаолият юритмай қўяди. Айниқса бир вақтнинг ўзида унинг муассислари бўлган (ёхуд улардан бири ягона муассис ҳисобланган) шахслар судланувчилар курсисига ўтирганда шундай ҳол юз бериши тайин, бу ташкилотда «ҳокимият алмашишини» ҳам қийинлаштиради.            

 

в) солиқ тўловчи – юридик шахс аслида иқтисодий фаолият юритиш ниятини кўзламай, фақат уни назорат қилувчи жисмоний шахсларнинг қонунга зид фаолиятини яшириш учун ташкил этилган. 

 

Бу кўп жиҳатдан мустақил тадбиркорлик субъекти аломатларига шаклан тўғри келадиган, турфа «бир кунлик» корхоналар, пул маблағларини нақдлаштирувчи фирмалар ва ноқонуний молиявий-иқтисодий схемаларнинг бошқа қатнашчиларига хос.

 

Бундай ҳолларда давлатга етказилган зарар қандай ундирилади?

 

Ихтиёрий ёки мажбурий равишда қоплаш

 

Биринчидан, давлатга етказилган моддий зарар уни етказган мансабдор шахслар томонидан ихтиёрий қопланиши мумкин. Қонун чиқарувчи бунинг учун айбдорларни шахсан қўлланадиган маъмурий ва жиноий санкциялардан озод этган ҳолда айнан шундай хулқ-атвор моделини рағбатлантиради.

 

Чунончи, агар тадбиркорлик субъектининг мансабдор шахслари етказилган моддий зарар аниқланган пайтдан бошлаб 30 кунлик муддатда уни ихтиёрий равишда қопласалар, МЖТКнинг 174-моддаси 1 ва 2-қисмлари бўйича маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш кўрилмайди, бошлангани эса тўхтатилади.

 

Жиноят ҳуқуқида бу масала икки хил усулда ҳал этилади:

 

1) қасддан яширилган, камайтириб кўрсатилган фойда (даромад) учун солиқлар ёки бошқа мажбурий тўловлар тўлиқ тўланганда – озодликни чеклаш ва озодликдан маҳрум қилиш тарзидаги жазо қўлланилмайди. Бунда ЖКнинг 184-моддасида назарда тутилган жарима ва ахлоқ тузатиш ишлари тарзидаги санкциялар айбдорларга нисбатан қўлланилади;

 

2) агар биринчи марта жиноят содир этилган, айбдорлар белгиланган муддатда[1] солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни ҳамда пенялар ва бошқа молиявий санкцияларни тўлиқ тўласалар – жиноий жавобгарликдан тўлиқ озод қилинадилар (жазо умуман қўлланмайди).

 

Иккинчидан, ихтиёрий қопланмаган зарар жиноий иш бўйича судда иш кўриш жараёнида берилган солиқ органларининг даъво аризаси (жиноий процессдаги фуқаролик даъвоси) асосида ёхуд фуқаролик-ҳуқуқий тартибда ундирилиши мумкин.

 

Судлар мазкур тоифадаги ишлар бўйича ҳукм чиқаришда фуқаролик даъвосини ҳал этишлари зарур.

 

Суд фуқаролик даъвосини қаноатлантириш тўғрисида хулосага келганда, ўз ҳукмида маҳкумдан ундирилиши лозим бўлган пул суммаси миқдорини (пеня ва штраф суммасини қўшган ҳолда), тўланмаган солиқлар турига қараб, тегишли давлат бюджети (республика, маҳаллий), бюджетдан ташқари мақсадли жамғарма, шунингдек солиқ тўловчи ҳисобга олинган жойдаги давлат солиқ хизмати органи номини кўрсатиши керак. 

 

Олий суд Пленумининг 31.05.2013 йилдаги «Солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни тўлашдан бўйин товлаганлик учун жавобгарликка оид қонунчиликнинг судлар томонидан қўлланилиши тўғрисида»ги 08-сон қарорининг 17-банди.

 

Биргаликдаги ноқонуний хатти-ҳаракатлари билан зарар етказилган бир нечта шахс (масалан, директор ва бош бухгалтер) жавобгарликка тортилса, уни қоплаш мажбурияти уларга солидар тартибда юклатилади. Бунда таъминот чораси сифатида уларнинг шахсий мол-мулки хатланиши мумкин (ЖПКнинг 290-моддаси).

 

Солиқ идораси ҳам фуқаровий суд ишларини юритиш тартибида даъво қўзғатишга ҳақли, агар:

  • судда жиноят ишини кўриш чоғида фуқаровий даъво қўзғатилмаган ёхуд суд томонидан кўрилмасдан қолдирилган бўлса (ЖПКнинг 276-моддаси 5-қисми);
  • ЖПКнинг 84-моддаси бўйича жиноят иши ёхуд МЖТКнинг 271-моддаси 5 ва 7-бандлари бўйича маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишлар, яъни реабилитация қилинмайдиган асосларга кўра (улар сирасида ­– амнистия акти) тугатилганда.

 

Олег Заманов. 

 


[1] Солиқ текшируви материалларини кўриб чиқиш натижалари бўйича давлат солиқ хизмати органининг қарорини олган кундан эътиборан ўттиз кун ичида.


 

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info! Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_

Валюталар курси

2024-12-20
  • USD:12875.06 (+0.00) сум
  • EUR:13406.80 (+0.00) сум
  • RUB:124.75 (+0.00) сум