Қонун ҳар қандай шахснинг бузилган ёки низолашаётган ҳуқуқини ҳимоя қилиш учун судга мурожаат қилиш ҳуқуқини кафолатлайди. Бироқ суд инстанцияларига мурожаат қилишда ҳамма ҳам қонунчиликнинг айрим шартлари ва талабларига диққат билан қарамайди, бу қарама-қарши натижага сабаб бўлади: вақт ва молиявий воситалар (суд харажатлари, вакил харажатлари учун тўловни амалга ошириш) бекорга сарфланади. Сўзимизнинг тасдиғи сифатида суд амалиётида содир бўлган икки ташкилот ўртасидаги низони кўриб чиқамиз.
Транспорт хизматлари буюртмачиси бўлган қурилиш ташкилоти хўжалик судига транспорт хизматлари кўрсатиш шартномаси бўйича вужудга келган дебиторлик қарзини ундириш тўғрисида, шунингдек хизматлар ижрочиси – автомобиль транспорти корхонасидан унда кўзда тутилган неустойкани ундириш тўғрисида даъво аризаси билан мурожаат қилди.
Суд муҳокамасида даъвогар белгиланган муддатларда шартномада кўзда тутилган умумий суммага нисбатан 50% миқдорида олдиндан тўловни амалга оширганлиги белгиланди. Бироқ жавобгар транспорт воситасини тақдим қилиш бўйича ўз мажбуриятларини бажармаган, шу муносабат билан даъвогарда жавобгар билан тузилган шартнома бўйича дебиторлик қарзи ҳосил бўлган. Гарчи жавобгар номига юборилган даъво эътиборсиз қолдирилган экан, даъвогар хўжалик судига тегишли даъво аризаси билан мурожаат қилган.
Суд тарафлар ўртасида тузилган шартнома судгача ҳал қилиш тартибида бекор қилинмаганлиги, шартномани бекор қилиш талаби судга баён қилинмаганлиги фактига асосланиб қарзни ундиришни рад этди. Шартномавий мажбуриятларни бузиш факти мавжуд эмаслиги сабабли неустойкани ундириш ҳам рад қилинди.
Бу ҳолатни амалдаги қонунчилик қоидаларини инобатга олиб, юзага келган ҳолатлардан келиб чиқиб муҳокама қиламиз.
Фуқаролик кодексининг (ФК) 234-моддаси иккинчи қисмида мажбуриятлар шартномадан, зиён етказиш натижасида ҳамда кодексда кўрсатилган бошқа асослардан келиб чиқади, дейилган.
Тарафлар ўртасида тузилган шартнома шартларига асосан, жавобгар ўзига қарашли автомобиль воситасида (самосвал-юк ортгич) хизматлар кўрсатиш бўйича мажбуриятни ўз зиммасига олган, даъвогар эса унга кўрсатилган хизматлар учун тўловни амалга ошириш мажбуриятини олган.
Тарафлар томонидан ўрнатилган шартноманинг амал қилиш муддати (календарь йили тугагунча) даъвогар судга мурожаат қилган пайтда тугамаган. Шундай қилиб, шартнома амалда ҳисобланади ва иш судда кўриб чиқилаётган пайтда тарафларнинг мажбуриятлари ўз кучини сақлайди.
ФКнинг 385-моддаси тўртинчи қисмига асосан агар қонунда ёки тарафларнинг келишувида бошқача тартиб белгилаб қўйилган бўлмаса, тарафлар шартнома ўзгартирилгунча ёки бекор қилингунча мажбурият бўйича ўзлари бажарган нарсаларни қайтариб беришни талаб қилишга ҳақли эмаслар. Шартнома қандай шаклда тузилган бўлса, уни ўзгартириш ёки бекор қилиш тўғрисидаги келишув ҳам шундай шаклда тузилади, башарти қонун ҳужжатларидан, шартнома ёки иш муомаласи одатларидан бошқача тартиб келиб чиқмаса. Бир тараф шартномани ўзгартириш ёки бекор қилиш ҳақидаги таклифга иккинчи тарафдан рад жавоби олганидан кейингина ёки таклифда кўрсатилган ёхуд қонунда ёинки шартномада белгиланган муддатда, бундай муддат бўлмаганида эса - 30 кунлик муддатда жавоб олмаганидан кейин, шартномани ўзгартириш ёки бекор қилиш ҳақидаги талабни судга тақдим этиши мумкин (ФКнинг 384-моддаси).
Айтиб ўтилганлардан келиб чиқадики, даъвогар шартнома бекор қилингунга қадар дебиторлик қарзини ундириш тўғрисида баён қилиб хатога йўл қўйган.
Таҳлил қилинаётган ҳуқуқий нормалардан келиб чиқадики, шартномани бекор қилиш ундан келиб чиқадиган тарафларнинг мажбуриятларининг тугашига сабаб бўлади ҳамда шартноманинг амал қилиш муддатида у бўйича бажарган нарсаларни қайтаришни талаб қилишга асос бўлади. Қонун, шунингдек тарафлар ўртасида тузилган шартнома билан уни ижро этишдан бир томонлама бош тортишга йўл қўйилмайди. Судга баён қилинган шартномани бекор қилиш тўғрисидаги талаб фақат қуйидаги ҳолларда қаноатлантирилиши мумкин:
жавобгар томонидан шартнома шартларини жиддий равишда бузиш факти ўрнатилганлиги. Бунда шартноманинг бузилиши иккинчи тарафга у шартнома тузишда умид қилишга ҳақли бўлган нарсадан кўп даражада маҳрум бўладиган қилиб зарар етказиши шартномани жиддий бузиш ҳисобланади (ФКнинг 382-моддаси);
шартнома тарафлари томонидан уни бекор қилиш тўғрисида ёзма шаклда расмийлаштирилган келишувнинг мавжуд эмаслиги;
жавобгар шартномани бекор қилиш ҳақидаги таклифни рад этганлиги;
бекор қилиш ҳақидаги таклифга жавоб даъвогар томонидан белгиланган муддатларда олинмаганлиги.
Даъвогар ҳам жарима санкцияларини ундириш тўғрисидаги талабни баён қилиб, эътиборсизликни намоён қилган. Тарафларнинг жавобгарликлари тўғрисидаги шартноманинг шартлари билан белгиланишича, хизматлар кўрсатиш икки ойдан кўп муддатга кечиктирилган тақдирда даъвогар кўрсатилмаган хизматларга нисбатан 50% миқдорида жарима тўлашни талаб қилишга ҳақли. Бундан келиб чиқадики, шартнома тарафлари шартнома шартларини жиддий бузилиши сифатида унинг давомида бундай бузилишга йўл қўйиладиган муддат факторини мустақил равишда белгилаган. Шу фактни, шунингдек ишни кўриб чиқиш пайтида кўрсатилган икки ой муддат ўтмаганлигини инобатга олган ҳолда суд шартнома мажбуриятларини бузиш факти мавжуд эмаслиги, оқибатда, шартномада кўзда тутилган жавобгарлик чораларини кўриш имконияти йўқлиги тўғрисидаги хулосага келди.
Олег ЗАМАНОВ, экспертимиз.
Мавзу бўйича материал: