Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик судида соҳага тегишли қонунчиликдаги сўнгги янгиликлар, шунингдек, судлар фаолиятига ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш бўйича амалга оширилган ишлар, бу борада халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликда ҳаётга татбиқ этилаётган лойиҳаларни кенг омма эътиборига етказишга бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Видеоконференцалоқа режимида ўтказилган ушбу тадбирда Юртбошимиз ташаббуси билан ишлаб чиқилган “Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси” асосида юртимизда бозор ислоҳотларини чуқурлаштириш ва иқтисодиётни либераллаштириш, тадбиркорлик субъектларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, рақобатдошлигини кучайтириш, айниқса, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни жадал ривожлантиришга қаратилган кенг кўламли ишлар амалга оширилаётганлиги таъкидланди. Давлат раҳбарининг 2015 йил 15 майдаги “Хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони билан тасдиқланган чора-тадбирлар дастурида хусусий тадбиркорлар манфаатларини ҳимоя қилишда суд органлари ролини кучайтириш назарда тутилган. Ушбу фармон асосида 2015 йил 20 августда “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига хусусий мулкни, тадбиркорлик субъектларини ишончли ҳимоя қилишни янада кучайтиришга, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этишга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун қабул қилинди.
Олий хўжалик суди раисининг ўринбосари Ш.Саидовнинг маърузасида тадбиркорликка янада кенг эркинлик бериш, хусусий мулк устуворлигини таъминлаш ва унинг ҳуқуқий муҳофазасини кучайтириш, корхоналарнинг молия-хўжалик фаолиятига давлат ва назорат қилувчи идоралар аралашувини камайтиришга оид 2015 йилда қабул қилинган қонунлар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар нормалари юзасидан батафсил тушунтиришлар берилди.
Мисол учун: 2015 йилда 5 237 та суд мажлиси видеоконференцалоқа режимида кўрилди. 5 800 нафардан ортиқ суд иштирокчилари ўзлари жойлашган ҳудудлардан чиқмаган ҳолда, видеоконференцалоқа режимида ўзга ҳудудда ўтказилган суд процессларида қатнашди. Бунинг натижасида суд иштирокчиларининг 2 млрд. сўмдан ортиқ маблағлари тежаб қолинди.
Шунингдек, таъкидланганидек, Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик судининг қонунчилик ташаббуси билан хўжалик судларида ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш ва қўллашга қаратилган хўжалик процессуал қонунчилик изчил такомиллаштириб борилмоқда. Бунинг натижасида бугунги кунда суд муҳокамаси иштирокчилари электрон шаклда даъво аризаларини судга жўнатиш ва суд ҳужжатларини олиш ҳамда суд мажлисида видеоконференцалоқа тизими орқали масофадан қатнашиш имкониятларидан тўлиқ фойдаланишмоқда.
Ахборот технологияларини самарали жорий этиш борасидаги хўжалик судларининг фаолияти юқори баҳоланиб, ICTWEEK Uzbekistan 2015 ахборот-коммуникация технологиялари ҳафталиги якунига кўра Олий хўжалик суди “Ахборот технологияларини жорий этишнинг амалий натижалари учун” номинацияси ғолиби деб топилган.
Тадбирда Олий хўжалик суди томонидан мазкур йўналишда амалга оширилган ишлар, шу жумладан, халқаро ташкилотлар (Ўзбекистондаги Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ) Тараққиёт дастури ҳамда Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик Ташкилоти (ЕХҲТ) ҳамкорлигида татбиқ этилаётган лойиҳалар натижаларига тўхталиб ўтилди.
Ўзбекистондаги БМТ Тараққиёт дастурининг ваколатхонаси раҳбари С.Пристнер маълумотига кўра 2015 йилда мамлакатимизда самарали бошқарувни амалга оширишда кўмаклашиш йўналишида фаолият кўрсатаётган АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) ва БМТ Тараққиёт дастурининг “Ўзбекистонда қонун устуворлиги йўлида ҳамкорлик” қўшма лойиҳаси томонидан Олий хўжалик суди ва Тошкент вилоят хўжалик судининг учта суд залларига суд муҳокамасини аудио-видео қайд этиш имконини берувчи техник ускуналар ўрнатилди.
Аудио-видео қайд этиш тизимининг жорий этилиши хўжалик процессини соддалаштириш, суд иш юритувини оптималлаштириш ва автоматлаштириш, пировардида, хўжалик процессининг самарадорлиги ва очиқлигини таъминлаш имконини беради. Суд муҳокамаларининг аудио-видео қайд этилиши истиқболда суд мажлиси баённомасини қоғоз шаклида тузиш заруриятини туғдирмайди.
Ушбу тизимнинг имкониятлари билан хўжалик судлари судья ва ходимларини таништириш ҳамда унда ишлаш кўникмаларини шакллантириш мақсадида Олий хўжалик суди томонидан махсус тренинг ташкил этилди. Тренинг натижаси бўйича 59 нафар судья, суд мажлиси котиблари ҳамда ахборот технологиялари бўйича мутахассисларга сертификатлар топширилди.
Матбуот анжумани доирасида суд муҳокамасини аудио-видео қайд этиш тизимининг имкониятларини тақдим этиш мақсадида иштирокчилар учун ушбу тизим ўрнатилган кассация инстанцияси судининг янги залига ташриф уюштирилди.
Анжуманда Олий хўжалик суди ҳамда Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Ўзбекистондаги лойиҳалари координатори Д.Сабо ҳамкорлигида амалга оширилган ишлар натижаларига тўхталиб ўтилди. Таъкидланганидек, 2015 йилда ҳамкорлик “Ўзбекистон Республикаси хўжалик судларининг ахборот-технологик салоҳиятини такомиллаштиришда кўмаклашиш” янги лойиҳаси доирасида амалга оширилди.
Тадбир иштирокчиларига Олий хўжалик суди ҳамда ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари координатори ҳамкорлигида амалга оширилиши режалаштирилган ишлар ҳақида ҳам маълумот берилди. Хўжалик судлари суд иш юритувида ахборот технологияларидан фойдаланишни янада такомиллаштириш, хўжалик судлари қарорлари ва уларга шарҳлар тўпламларини тайёрлаш ва нашр этиш, тадбиркорлар ҳуқуқларининг ҳимояси масалаларида семинар ва давра суҳбатлари ўтказиш шулар жумласидандир.
Матбуот анжуманида журналистлар ва бошқа иштирокчиларни қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб берилди.
Маъруф УСМАНОВ иштирок этди ва ёзиб олди.
Мавзу бўйича материаллар:
Суд қарорларининг ижроси парламент назоратида
Телекоммуникациясиз ривожланиш бўлмайди!
Адвокатлик амалиёти: яна бир бор сўров ҳақида
“Жавоб берамиз!” Маълумот хизматидан:
ШЖБПҲга ихтиёрий бадалларни ушлаб қолиш ва уларни ҳисоботда акс эттириш тартиби қандай?