Тадбиркорлар ўзларининг ташқи савдо фаолиятларида кўпинча бутун бир муаммолар қаторига дуч келишади. Бу унинг ҳуқуқий тартибга солишнинг мураккаблиги ҳамда назорат қилувчи органларнинг эътибор марказида бўлиши, низоларни ҳал қилишнинг алоҳида тартиби ва кўпгина бошқалар.
Гарчи қонунчилигимизда ташқи савдо, яъни, товарлар (ишлар, хизматлар) экспорти ва импорти экспорт-импорт контрактлари воситасида расмийлаштирилиши белгиланган бўлсада, унда ташқи савдо битими деган тушунча йўқ. Уларнинг уч аломати қонунчиликда белгиланган:
хорижий элементнинг мавжудлиги (битим тузаётган томонлардан бирининг чет эл давлатига мансублиги);
тижорий тусга эгалиги (ўзбек томони хўжалик юритувчи субъект бўлиши);
Ўзбекистон чегарасини кесиб ўтиши (товарлар экспорти ёки импорти).
Ташқи савдо шартномасини тузамиз
Шартномага риоя этилиши лозим бўлган муайян талаблар қўйилади. У иккала давлатнинг божхона қонунчилигини ҳисобга олган ҳолда тузилади. Агар шартномани келишиш жараёнида қандайдир ҳолатлар назардан қочирилган бўлса, у ҳолда кейинчалик уларни қўшимча келишувларда ёзиб қўйиш керак. Одатда шундай ҳам қилинади.
Экспорт контракти Ўзбекистон резиденти ва норезиденти ўртасида товарлар, ишлар, хизматлар экспорти, шунингдек қонунчиликка мувофиқ экспортга тенглаштирилган контрактлар тузилади (Вазирлар Маҳкамасининг 30.09.2003 йилдаги 416-сон қарори билан тасдиқланган “Ташқи савдо операциялари устидан мониторинг олиб бориш тартиби тўғрисида Низом”).
Қонунчиликка мувофиқ ташқи иқтисодий битим унинг тузилиш жойидан қатъи назар ёзма шаклда тузилиши зарур. Бу қоидага риоя қилмаслик Фуқаролик кодексининг (ФК) 115 ва 1181-моддаларига биноан унинг ҳақиқий эмаслигига сабаб бўлади. Ташқи савдо шартномасининг намунавий шакли ёки қандайдир тавсиявий шакл норматив тартибда тасдиқланмаган. Ташқи савдо шартномаси эркин шаклда тузилиши мумкин, бироқ қонунчиликда унда муайян ахборотлар тақдим қилиниши тўғрисида талаблар сақланади.
Контракт шартлари:
Контрактнинг мавзуси.
Товарнинг сифати ва миқдори.
Товарни топшириш-қабул қилиш.
Етказиб беришнинг базис шартлари.
Юклаб жўнатиш ҳужжатлари.
Суғурталаш.
Нархи.
Тўлов шартлари.
Ўраш ва маркировка қилиш.
Кафолатлар.
Томонларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари.
Санкциялар ва рекламация.
Форс-мажор ҳолатлари.
Низоларни ҳал қилиш, шу жумладан ҳакамлик суди орқали.
Томонларнинг юридик манзиллари ва томонлар имзолари.
Шартномада шартнома бекор қилинган тақдирда олдиндан тўланган суммани қайтариш шартларини кўзда тутган маъқул.
МУҲИМ! Томонлар – иштирокчиларнинг ҳар бири ташқи савдо битими тузганда ўз миллий қонунчилиги талабларига риоя қилиши ҳамда шу билан бир вақтда контрагент-давлатнинг миллий қонунчилигидаги амалдаги императив нормаларни ҳисобга олиши керак.
Ёдда тутинг!
Ташқи савдо контрактлари бўйича маълумотларни электрон рақамли имзодан фойдаланган ҳолда Интерактив давлат хизматлари ягона портали орқали электрон шаклда киритиш зарур. Бунда қуйидаги шартларнинг бажарилиши шарт:
тўлов валютаси хорижий валютада кўрсатилган бўлиши;
контрактда кўзда тутилган ҳисоб-китоб шакли ва тушумни келиб тушиш муддатлари республика қонунчилигида белгиланган талабларга мувофиқ келиши керак;
республика товар-хомашё биржаларида валютада тузилган экспорт контрактлари бўйича товар-хомашё биржалари томонидан контрактга берилган идентификация рақамининг мавжудлиги текширилади;
контрактнинг нусхаси контрактнинг аслига айнан мос келиши керак;
Олди-сотди шартномаси бўйича харидорнинг асосий мажбуриятларидан бири товарлар учун олдиндан тўлов/тўловни амалга ошириш ҳисобланади. Олдиндан тўловни амалга оширишнинг моҳияти шундан иборатки, товар сотувчи ўз ҳисобварағига келишилган қатъий сумма ёки битимга нисбатан фоизни олгандан кейин товарларни жўнатади.
Бизнес юритишни осонлаштириш учун тадбиркорлик субъектларига олдиндан тўловни амалга оширишнинг бир неча варианти тақдим қилинади. Улардан бири – бу банк кафолати, бошқача айтганда – аккредитив.
Ҳужжатли аккредитив, моҳияти бўйича, агар бенефициар аккредитивда кўзда тутилган ҳужжатларни белгиланган муддатларда тақдим этса, бенефициарга ўз буюртмачиси ҳисобидан келишилган валютада муайян суммани тўлаш бўйича банкнинг ваъдаси ҳисобланади.
Тўловни таъминлаш дастаги сифатида ҳужжатли аккредитив ўз афзалликларига эга:
деярли жаҳоннинг барча мамлакатлари томонидан операцияларда қўлланади;
сотувчи учун тўланиши лозим бўлган суммани олдиндан тасарруф қилишда қулайлик;
ишончли ва тўлов шартларига нисбатан мослашувчан;
қисқа муддатли молиялаштириш воситаси сифатида яроқли;
тез ва тўсқинликсиз тўловни амалга оширади, бу муайян ҳолатларда сотувчи жозибали чегирмалар олишига имкон беради;
халқаро ҳуқуқий ишончликка эга.
Бироқ ҳеч ким у бўйича олдиндан тўлов амалга оширилган экспорт шартномаси бекор бўлиши мумкинлигидан суғурталанмаган. Ҳар хил ҳолатлар унинг сабаби бўлиб хизмат қилиши мумкин. Бу шартнома шартларидаги муҳим бузилишлар ва етказиб бериш муддатларининг бузилиши сабабли харидорнинг ташаббуси, ҳолатларнинг сезиларли даражада ўзгариши, шунингдек шартномада кўзда тутилган бошқа ҳолатлардир. Уларнинг жадвалини шу ерда кўриш мумкин.
Эслатма учун. Олдиндан тўлов амалга оширилган, шартноманинг ижроси эса амалга оширилмаётган ҳолатларда нима қилиш керак?
Контрактда валюта, тўлов шакли ва муддати, контрактнинг томонлари ўртасида ҳисоб-китоб усули ва шакли, товар ҳаракатининг қайси босқичида унинг учун тўлов амалга оширилиши ҳамда у бир йўла ёки бир неча бадаллар билан ўтказилиши, пул ўтказиш учун зарур ҳужжатлар рўйхати белгиланади.
Агар контракт матнида тўловнинг аниқ пайти кўрсатилмаган бўлса, халқаро савдо русумларига кўра, у товарга бўлган эгалик ҳуқуқи ўтгандан кейин ёхуд товарга илова қилинган ҳужжатлар берилгандан сўнг амалга оширилиши мумкин.
Агар шартнома жадвалда кўрсатилган сабабларга биноан бекор қилинган тақдирда шартномани бекор қилиш тўғрисида келишув қилиш зарур. Унда шартномани бекор қилиш қандай асосларда амалга оширилаётганини кўрсатиш ва контрагентни олдиндан тўланган тўловни қайтаришга мажбур қилиш керак.
Харид қилиш – бу фақат ишнинг ярми. Харидорга сотиб олинган товарни етказиб бериш ҳам керак.
Етказиб беришнинг базис шартлари Инкотермс 2010 халқаро қоидалари, шартноманинг икки томони (сотувчи ва харидор)нинг белгиланган ҳуқуқ ва мажбуриятлари бўйича йиғмаси асосида белгиланади.
«EXW (EX Works)» – «Франко завод»
Бу шакл сотувчи олди-сотди шартномасига мувофиқ харидорга товар, тижорат ҳисобварақ-инвойси, шунингдек шартнома шартларига биноан талаб қилиниши мумкин бўлган ҳар қандай товарнинг мувофиқлиги исботини тақдим қилишга мажбурлигини билдиради.
Сотувчи товарни харидор тасарруфига ўзининг биносида ёхуд бошқа келишилган жойда (яъни, корхонада, омборда ва ҳ.к.) тақдим қилса, у ҳолда сотувчи етказиб беришни ҳам амалга оширади. Сотувчи товарни ҳар қандай транспортга юклаши шарт эмас, у шунингдек, бундай ҳолат қўлланса, олиб чиқиш учун расмиятчиликни бажаришга ҳам мажбур эмас.
Изоҳ: томонларга етказиб бериш жойини ва ушбу пунктгача харажатлар ва хатарлар сотувчи зиммасида бўлишини аниқ белгилаш қатъий тавсия этилади. Харидор келишилган жойда товарни қабул қилиш билан боғлиқ барча харажатлар ва хатарларни кўтаради.
ХУЛОСА: Етказиб беришнинг бу шаклини танлашда харидор ўзини жуда хатарли ҳолатга қўяди. У мустақил равишда шартнома тузади ва товарни етказиб бериш ҳамда уни расмийлаштиришни ташкил қилади, барча харажатлар ва хатарларни тўлайди. Ушбу барча ишлар билан хориж ҳудудида шуғулланишга тўғри келишини ҳисобга олган ҳолда бошловчи импортер учун ушбу шарт тавсия этилмайди.
«FCA - free carrier» – «Франко ташувчи»
Сотувчи товарни харидорга ёки харидор ёллаган ташувчига ўз биносида ёхуд бошқа келишилган пунктда топширади.
Изоҳ: томонларга етказиб бериш жойини аниқ белгилаш тавсия этилади, чунки унда хатар харидорга ўтади. Харидор товарни етказиб бериш жойидан ташиш шартномасини ўзи тузади, шунингдек сотувчи ҳудудида (ёки бошқа олдиндан келишилган жойда) товарни қабул қилган пайтдан эътиборан товарни яроқсиз ҳолга келиши ва йўқолиши бўйича хатарларни ўзига олади.
ХУЛОСА: Сотувчи товарни илова, ташиш ва расмийлаштирилган божхона ҳужжатлари билан топширади, тақдим қилинган транспортга сотилган товарни юклайди, юклашни ва божхона расмийлаштирувини тўлайди.
Амалиётда бу кўп ҳолларда қўлланадиган етказиб бериш шартларидан биридир.
«Carriage paid to» – «Ташиш ҳақи ...гача тўланган»
Сотувчи товарни ташувчига ёхуд сотувчи томонидан белгиланган бошқа шахсга келишилган жойда (агар у томонлар билан келишилган бўлса) топширади ва ташиш шартномасини тузади, товарни белгиланган жойга етказиб бериш учун зарур харажатларни кўтаради.
Сотувчи шунингдек ташиш вақтида товарни йўқотиш ёки зарарланиши хатарини қопловчи суғурта шартномасини тузади. Харидор шуни ҳисобга олиши лозимки, сотувчи энг кам миқдорда қоплаш билан суғурталашни таъминлаши шарт. Агар харидор суғуртани кўпайтирмоқчи бўлса, у ёки буни сотувчи билан аниқ келишиб олиши лозим ёхуд ўз ҳисобидан қўшимча суғурталашни амалга ошириши керак.
Изоҳ: томонларга хатар харидорга ўтадиган товарни етказиб бериш жойини, шунингдек унгача сотувчи ташиш шартномасини тузиши шарт бўлган аниқ тайинланган жойни шартномада аниқ белгилаш тавсия этилади.
Томонларга шунингдек келишилган тайинланган жойда пунктни аниқ белгилаб олиш тавсия қилинади, чунки мазкур пунктгача харажатларни сотувчи кўтаради. Сотувчи ташиш шартномаларини таъминлаши лозим. Агар сотувчи унинг ташиш шартномаси бўйича келишилган жойда тушириш бўйича харажатларни тўласа, у харидордан, агар томонлар томонидан ўзгача келишув бўлмаса, ушбу харажатларни қоплашни талаб қилишга ҳақли эмас.
Сотувчи, агар улар мавжуд бўлса, олиб чиқиш учун божхона расмиятчилигини бажаради, бироқ олиб кириш учун уларни бажариши, импорт божларини тўлаши шарт эмас.
ХУЛОСА: Сотувчи товарни илова, ташиш ва расмийлаштирилган божхона ҳужжатлари билан топширади, ўзи ёллаган транспортга товарни ортади, ортиш, божхона расмийлаштируви ва юкни харидорга ташиш харажатларини тўлайди.
Етказиб беришнинг бу шакли олдингисидан фойдалироқ ва амалиётда тез-тез қўлланадиган шакллардан биридир.
«Delivered at Terminal» – «Терминалда етказиб бериш»
Сотувчи товарни етказиб беришни амалга оширади ва кўрсатилган порт ёки тайинланган жойдаги келишилган терминалда уни харидор тасарруфига туширилган ҳолда топширади.
Изоҳ: томонларга терминални ва имкон қадар келишилган порт терминалидаги ёки тайинланган жойдаги муайян пунктни аниқ белгилаш тавсия қилинади, чунки шу пунктгача хатарлар сотувчи зиммасида бўлади.
Етказиб бериш ва суғурталаш
Сотувчи товарни келишилган портдаги номланган терминалга ёки тайинланган жойга ташиш шартномасини тузиши ва у бўйича тўловни амалга ошириши шарт. Амалиётдан келиб чиқиб, сотувчи ўз мақсадлари учун тўғри келадиган келишилган порт ёки тайинланган жойдаги терминални танлайди.
Сотувчининг харидор олдида суғурта шартномасини тузиш бўйича мажбурияти йўқ. Бироқ харидорнинг илтимосига кўра, у суғурта олиш учун зарур маълумотларни тақдим этиши шарт.
Харидор сотиб олинган товарни олиб кириш учун божхона расмийлаштирувини амалга оширади ва уни тўлайди, олдиндан келишилган божхона терминалида товарни қабул қилган пайтдан эътиборан унинг яроқсиз ҳолга келиши ва йўқолиши бўйича хатарларни ўз зиммасига олади.
ХУЛОСА: Сотувчи товарни илова, ташиш ва расмийлаштирилган божхона ҳужжатлари билан топширади, унинг ўзи ёллаган транспортга уни юклаш ва туширишни амалга оширади, божхона расмийлаштируви ва юкни харидорга ташиш учун тўловни амалга оширади.
Етказиб беришнинг ушбу шарти олдингисидан товарнинг яроқсиз ҳолга келиши ва йўқолиши нуқтаи назаридан яхшироқ ҳисобланади, чунки харидор сотиб олинган товарни ўз божхона терминалида қабул қилади.
«Delivered Duty Paid» – «Бож тўлаган ҳолда етказиб бериш»
Сотувчи сотувчи ёллаган транспортда келтирилган, олиб чиқиш учун божхонада расмийлаштирилган сотилган товарни харидорга топширади ҳамда харидор ҳудудида туширишга тайёр.
Ташиш ва суғурталаш
Сотувчи товарни номланган тайинланган жойгача ёки келишилган тайинланган жойдаги келишилган пунктгача (агар шундай жой мавжуд бўлса) товарни ташиш шартномасини тузиши шарт.
Агар пункт келишилмаган бўлса, сотувчи амалиётдан келиб чиқиб келишилган тайинланган жойда ўзининг мақсадларига кўпроқ мос келадиган пунктни танлайди.
Сотувчининг суғурта шартномаси тузиш бўйича мажбурияти йўқ. Бироқ харидорнинг илтимосига кўра, у суғурта олиш учун зарур маълумотларни тақдим этиши шарт.
Изоҳ: томонларга келишилган тайинланган жойда пунктни аниқ белгилаш тавсия қилинади, чунки сотувчи шу пунктгача харажатлар ва хатарларни кўтаради. Сотувчига эса шундай танлов акс этган ташиш шартномаларини таъминлаш тавсия этилади. Агар сотувчи унинг ташиш шартномаси бўйича келишилган тайинланган жойда тушириш бўйича харажатларни кўтарса, башарти томонлар томонидан бошқача келишув бўлмаса, у харидордан бундай харажатларни қоплашни талаб қилишга ҳақли эмас.
Товарни харидорга етказиб бериш билан боғлиқ сотилган товарнинг яроқсиз ҳолга келиши ва йўқолиши бўйича хатарларни сотувчи ўз зиммасига олади.
ХУЛОСА: Харидор сотиб олинган товарни ўз ҳудудида божхона органларида тўлиқ расмийлаштирилган ҳамда барча олиб кириш божлари тўланган ҳолда қабул қилади. Сотувчи барча харажатларни тўлайди ва барча хатарларни ўз зиммасига олади.
Етказиб беришнинг бундай шакли харидор учун энг манфаатли ҳисобланади.
Навбатдаги материалда ташқи савдо битимларини Ўзбекистон Республикасининг ваколатли органлари томонидан рўйхатдан ўтказилиши тўғрисида сўз юритамиз.
Азиза МАТЧАНОВА
Мавзуга доир мақола: