Тошкент давлат юридик университетида 3-курс талабалари ўртасида мукофот фонди 40 ЭКИҲни ташкил қилган «Жиноят ишлари бўйича намунавий суд процесси» танлови ўтказилди.
Танлов Жиноят-процессуал ҳуқуқи ва криминалистика кафедраси томонидан илмий-инновацион лойиҳаларни тижоратлаштириш бўлими ва 3-курс деканати билан биргаликда ташкил қилинди. «Norma» компанияси акцияда ҳамкор сифатида қатнашди.
Танлов иштирокчилари Ўзбекистон Республикаси Олий суди судьяси И.Раҳмонқулов раислигидаги ҳайъат томонидан баҳоланди. Ҳайъат У.Тўхташева, С.Азимов, А.Абдуллаев, М.Ўразалиев, Д.Маҳкамов, Д.Кенжабоев каби обрўли ҳуқуқшунос ва амалиётчилардан таркиб топди.
Биринчи босқичда ҳайъат томонидан қуйидаги процессуал ҳужжатларни тайёрлаш маҳорати баҳоланди:
- фабула;
- жиноий ишни суд муҳокамасига тайинлаш тўғрисидаги қарорлар;
- суд мажлиси баённомаси;
- ҳукм.
Натижаларга кўра юқори балларни қўлга киритган фақат бешта гуруҳ иккинчи босқичга ўтди.
Иккинчи босқич иштирокчиларига суд жараёнини намойиш қилиш ва уни видеотасмага ёзиб олиш топширилди. Берилган топшириққа бундай ёндашув иштирокчиларнинг касбий кўникмаларини ва шахсий сифатларини намойиш этишларига имконият яратди.
Халқаро-ҳуқуқий фаолият соҳасининг бўлажак мутахассисларидан иборат 1-гуруҳ топшириқни ҳаммадан юқори даражада бажарди. Уларга диплом ва 10 ЭКИҲ миқдоридаги мукофот пули топширилди.