Сенатнинг йигирма иккинчи ялпи мажлисида 2019 йил 14 сентябрь куни тўй-ҳашам ва бошқа оилавий тадбирларни ўтказиш масаласи кўриб чиқилди.
Парламентарийлар фикрига кўра, бу ерда шуҳратпарастлик, ўзини кўз-кўз қилиш, бошқаларнинг ижтимоий аҳволини инобатга олмаслик, исрофгарчилик, халқимизнинг урф-одатлари ва анъаналарини менсимаслик каби иллатлар кўзга ташланмоқда.
Бундай ҳолатларга барҳам бериш мақсадида Жўқорғи Кенгес, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларида, шунингдек фуқаролар йиғинларида оилавий тадбирлар ўтказилишини тартибга солиш масалалари бўйича комиссиялар тузилди, кўплаб тушунтириш ва тарғибот тадбирлари ўтказилди.
Бироқ ўрганишлар таҳлили жиддий муаммо ва камчиликлар ҳамон сақланиб қолаётганлигини кўрсатди. Айрим фуқаролар дабдабали тўй маросимларига катта маблағ сарфланиши туфайли қарзга ботмоқда ва қарзни узиш учун чет элга ишлаш учун чиқиб кетмоқда. Баъзи фуқаролар оилавий тадбирларни дабдаба билан ўтказишни қўшнилар, қариндошлар танқидидан, умуман олганда, жамоатчиликнинг босимидан халос бўлиш воситаси сифатида тушунмоқда. Ваҳоланки, бундай тадбирлар яқин қариндошлар ўртасида зиддиятлар пайдо бўлишига олиб келмоқда.
Шу муносабат билан “Тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар, марҳумларнинг хотирасига бағишланган тадбирлар ўтказилишини тартибга солиш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Кенгаши ва Сенати Кенгашининг Қўшма қарори қабул қилинди.
Ҳужжат 2020 йил 1 январдан кучга киради. «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати унинг асосий тезисларини келтиради:
- оилавий тадбирлар фақат бир кун соат 06:00 дан ва 23:00 гача оралиқда ўтказилади;
- тўй-ҳашамлар ҳақида камида 1 ҳафта олдин яшаш жойидаги фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларини хабардор қилиш зарур;
- дин мавзусидаги маъруза дин идорасининг ваколатли вакили томонидан ўқилади;
- дафн этиш ва мотам маросимлари («етти», «пайшанбалик», «якшанбалик», «йигирма», «қирқ», «ҳайит», «йил оши», «пул тарқатиш», «мато улашиш» ва ҳ.к.) ҳамда тўй-ҳашам («келин навкари», «чорлар», «ота кўрди», «сеп ёйди», «қуда чақирди», «куёв чақирди», «келин чақирди», «тоғора юбориш» ва ҳ.к.) билан боғлиқ ортиқча тадбирларни ўтказишга рухсат берилмайди;
- оилавий тадбирларда 200 нафаргача, ош маросимларида 250 нафаргача киши қатнашади;
- келин-куёвнинг тўйхонага келиши ва кетишида 3 тадан кўп бўлмаган енгил автомашинадан фойдаланиш мумкин;
- тўйхона, кафе ва ресторанларда 50 нафар ва ундан ортиқ шахслар иштирокида оилавий тадбирлар ўтказиш учун албатта шартнома тузилади.
Ҳужжатда баён этилган талабларга риоя қилиниши депутатлар, маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари ва ички ишлар органларининг профилактика инспекторлари томонидан назорат қилинади.