Корпоратив бошқарув илмий-таълим маркази «Лойиҳа бошқаруви» йўналиши бўйича магистратурага қабул ҳақида эълон қилди.
Лойиҳа бошқаруви – янги ва инновацион фаолият соҳаси. Уни ривожлантиришга давлат томонидан катта эътибор берилмоқда. Асосий мақсад – пировард маҳсулот сифатини сақлаб қолган ҳолда чекланган ресурслар (муддатлар, бюджет ва ҳ.к.) билан лойиҳани иложи борича самарали амалга ошириш.
Маълумот учун: халқаро амалиёт таҳлил қилинганда, лойиҳа бошқаруви комплекс тизимини жорий этиш лойиҳаларни амалга ошириш муддатларини 20–30%га, уларни амалга ошириш учун сарфланадиган харажатларни 15–20%гача қисқартиришини, молиявий йўқотишлар хатарини 10 баравардан ортиқ камайтиришини кўрсатди.
Бундай натижаларга эришиш учун биринчи навбатда тегишли кадрлар потенциалига эга бўлиш зарур. Лойиҳа жамоаси қанчалик уқувли бўлса, у шунчалик самарали амалга оширилади. Бошқа томондан – лойиҳа жамоаси фақат малакали раҳбар, менежер бошчилиги остида самара беради. У нафақат лойиҳа бошқаруви халқаро стандартларини, миллий қонунчиликни билиши, балки услубий дастакларга эга бўлиб, уларни қўллаш имконини берувчи кўникма ва сифатларга эга бўлиши лозим.
Президент ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги қошидаги Корпоратив бошқарув илмий-таълим марказида (бундан кейин – Марказ) «Лойиҳа бошқаруви» янги магистратура йўналиши айнан шу мақсадда ташкил этилди. Бугунги кунда у республикада дастлабки ва ягона олий таълим мутахассислиги тури саналади. Таълим тизими компетент йўналиш асосига қурилади, яъни бунда билим берилибгина қолмай, балки уларни қўллай олиш ўргатилади, шунингдек бўлғуси лойиҳалар раҳбарларининг шахсий сифатларига эътибор қаратилади.
Чунончи, битирувчилар лойиҳаларни тўлақонли бошқариш режаларини ишлаб чиқиб, хатарларга муносабат билдириб, асосли ва пухта ўйланган бошқарув қарорларини қабул қилиб, лойиҳа жамоаси ва манфаатдор томонлар билан ҳамкорлик қила оладилар ва ҳ.к.
Шунингдек лойиҳа менежменти соҳасидаги сертификатланган тренерлар, миллий ва хорижий экспертларни таълим беришга жалб этиш режалаштирилмоқда.
Ўқув дастури Лойиҳаларни бошқариш бўйича билимлар мажмуасига доир қўлланма, ISO 21500, лойиҳа фаолиятига хос жиҳатларни тартибга солувчи Ўзбекистон қонунчилиги, Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги томонидан ишлаб чиқилган услубий материаллар, замонавий раҳбар кўникмаларини ишлаб чиқишга мўлжалланган алоҳида модуллар ва бошқа элементлар сингари лойиҳа бошқарувига доир энг кенг тарқалган халқаро стандартларни ўз ичига олади.
Лойиҳа фаолияти жадаллашишини инобатга олган ҳолда, нафақат давлат бюджети ҳисобидан молиялаштириладиган лойиҳалар, балки халқаро молия институтлари ва муассасалари, хорижий ҳукумат ташкилотлари маблағлари ҳисобидан амалга ошириладиган лойиҳалар раҳбарлари сифатида магистратура битирувчиларига талаб катта бўлади.
Бунда атиги 1 йил ўқитиш мўлжалланган. Бу ишни ўқиш билан бирга олиб боришни хоҳловчилар учун айниқса қулайдир.
Шунингдек Марказ MBA (Master of Business Administration) халқаро дастурига асосланган «Бизнесни бошқариш» дастури асосида магистрларни тайёрлаш бўйича олти йиллик тажрибага эга. Бу давр мобайнида «Ўзбекнефтгаз» АЖ, «Ўзбекэнерго» АЖ, «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ, «Ўзтрансгаз» АК, «Ўзсаноатқурилишбанк» АТБ, «Coca-Cola Ichimligi Uzbekiston, Ltd.» МЧЖ ҚК, «Ўзбекозиқовқатхолдинг» ХК, «GM Ўзбекистон» АЖ ва шу сингари компаниялар учун 120 нафар магистр тайёрланди.
Талабаларнинг Webof Science ва EBSCO рефератив маълумотлар базаларига эркин кира олиши ҳам қўшимча афзаллик беради, уларда дунё фанининг энг янги тадқиқотлари бўйича 80%дан ортиқ ахборот, шунингдек РИНЦ – россиялик олимларнинг шу жумладан корпоратив бошқарув ва лойиҳалар бошқаруви бўйича илмий мақолалари библиографик маълумотлар базалари жамланган. Шунингдек МВА магистратурасида таълим олиш доирасида Германия, Корея, Хитой билан академик алмашув дастурлари амалга оширилади.
Шошилинг, ҳужжатлар фақат 2018 йил 16 августгача қабул қилинади!
Маълумот учун: танловда Ўзбекистон фуқароси бўлган, 40 ёшга тўлмаган, олий маълумотли, камида уч йиллик иш стажига эга бўлган давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, бошқа ташкилотларнинг раҳбар ходимлари ва мутахассислари, шунингдек якка тартибдаги тадбиркорлар қатнашишлари мумкин.
Батафсил маълумотни Марказнинг расмий сайтидан олишингиз мумкин.