Ўзбекистон онлайн назорат-касса машиналари учун қандай маълумотлар узатиш тизимидан фойдаланишни белгиламоқда. Давлат солиқ қўмитаси ҳамда Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги учинчи пилот лойиҳани бошлашни режалаштирмоқда. Бу сафар компьютерлар, девайслар ва тўлов терминалларидан онлайн-НКМ сифатида фойдаланиш мумкин бўлади. Таклиф муаллифлари уни тадбиркорлар учун энг арзон вариант сифатида тақдим этмоқдалар. Ҳақиқатан ҳам шундайми? Пилот лойиҳани амалга оширишда нималарга алоҳида эътибор бериш лозим?
Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикасида онлайн назорат-касса машиналари тизимини жорий этиш ва пилот тарзида ишга тушириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори лойиҳасида компьютерлар, девайслар ва тўлов терминалларидан онлайн-НКМ сифатида фойдаланиш таклиф этилган. Жаҳон тажрибаси нуқтаи назаридан ушбу технология янгилик эмас. Бунинг устига – ундан фойдаланиш тажрибаси доим ижобий натижа бермаган. Пилот лойиҳа – ҳаммаси ҳақида яна бир бор ўйлаб кўришнинг айни пайти. НКМни ишлаб чиқарувчи ва уларга хизмат кўрсатувчи корхона «Savdoelektronika» ШК ижрочи директори Владимир Гибель[1] norma.uz мухбирига технологияларнинг нозик жиҳатларини очишда ёрдам берди.
Тадбиркор учун мослама
Ака-ука Риттилар касса аппаратини кашф этган 1884 йилдан буён унга талаб ортиб борган. У кассирга тезроқ ва тўғрироқ ҳисоб-китоб қилиш имконини берибгина қолмай, солиқ органлари уни барча чакана шохобчаларда мажбурий қўллаш ҳақида кўрсатма беришига сабабчи бўлган функцияга ҳам эга: у барча тўловлар ҳақидаги ахборотни хотирасида сақлаб қолади.
НКМ технологияларини такомиллаштириш иши бир он ҳам тўхтамаган. Кейинги пайтда масофадан туриб солиқ органларига ахборот жўнатиш имконини берувчи онлайн технологиялар жадал ривожланмоқда. Технологиялар қанчалик ўзгармасин, НКМ доим тадбиркор учун ишлайди, товарларнинг аниқ ҳисобини юритиш ва давлатга тўланадиган солиқларни тўғри ҳисоблаб чиқаришда унга ёрдам беради.
Ўзбекистон қонунчилигида ҳам назорат-касса машиналарига тадбиркорнинг дастаги сифатида қаралади. Вазирлар Маҳкамасининг 17.11.2011 йилдаги «Фискал хотирага эга бўлган назорат-касса машиналарининг қўлланишини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги 306-сон қарори ва O'zDSt 1903:2010 давлат стандартига кўра, улар қуйидагилар учун мўлжалланган:
- кассир-операциячи иш жойини (ишини) автоматлаштириш;
- фискал маълумотларни ёзиш ва сақлаш;
- фискал ҳужжатларни шакллантириш;
- касса чеки уриш.
НКМсиз «Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Қонун ҳам ишламайди. Фақат назорат-касса машинаси уриб берган ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 17.11.2011 йилдаги 306-сон қарори ва Ягона техник талабларда назарда тутилган ахборотни ўз ичига олган чек истеъмолчининг товарни сотувчига қайтариш ҳуқуқи амалга оширилиши кафолати бўлиб хизмат қила олади. Унда товар номи, чекда кўрсатилган сумма билан тўланган қиймати қайд этилган бўлиши керак.
Ҳукумат назорат-касса машиналари воситасида истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва давлат хазинасига тушумлар тўлиқ тушишини таъминлаш тизимини янада такомиллаштиришни кўзламоқда.
Касса аппарати товар коди каби параметр бўйича товар ҳисобини юритиш имконини беради. Товарнинг ушбу рақамли ёрлиғи Президентнинг 3.07.2018 йилдаги «Ўзбекистон Республикасида рақамли иқтисодиётни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ–3832-сон қарорига мувофиқ товарнинг мамлакат бўйлаб ҳаракатланишини кузатиш, контрабанда ва коррупцияга қарши муваффақиятли курашиш имконини беради.
Президентнинг 26.06.2018 йилдаги «Давлат солиқ хизмати органлари фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ–3802-сон қарорига мувофиқ, онлайн-НКМ билан параллель равишда онлайн ҳисобварақ-фактуралар тизими жорий этилмоқда. Ушбу тизимларнинг интеграцияланиши сотишдан тушган тушумни ва тадбиркорлар учун солиқлар ҳисоблаб чиқарилишини тезкор назорат қилиш имконини беради. Бу кун охирида чек уриш амалиётига барҳам беради, сабаби чекларда сотилган товарлар ҳақида ахборот мавжуд бўлади.
Бироқ мамлакатимизда амалиётда НКМга солиқ инспектори савдо шохобчаси нақд тушумни инкассациялашини назорат қилиши учун мослама сифатида қарайдилар.Бу тадбиркор ҳатто ўз фойдасини кўзлаб товарларнинг ҳисобини автоматик юритишни истамаслигига олиб келди. Истеъмолчилар эса чекларни олишни истамайдилар, уларда харид қилинган товарлар ҳақида маълумотлар йўқлиги сабабли моҳиятан олганда кераксиз бир парча қоғозга айланиб қолган. Бундай ёндашувнинг сақланиб қолиши тадбиркорларни замонавий технологияларни қўллаган ҳолда товарлар ҳисобини автоматлаштириш ва такомиллаштириш имконидан буткул маҳрум қилувчи қарорлар қабул қилинишига олиб келиши мумкин.
Пилот лойиҳанинг хавфли жиҳатлари
НКМ ўрнига бошқа мосламалар, шу жумладан уларга ўхшатиб ишланган модернизацияланганларини қўллаш жуда хатарли. Бироқ пилот лойиҳада бу хатарлар инобатга олинмаган, у Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикасида онлайн назорат-касса машиналари тизимини жорий этиш ва пилот тарзида ишга тушириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори билан тасдиқланган тақдирда бу ишга киришилади. Хатарли жиҳати шундаки, пилот лойиҳа доирасида компьютерлар, планшетлар, смартфонлар ва терминаллардан онлайн-НКМ сифатида фойдаланиш мумкин.
Бунда тўлов терминалига назорат-касса машинасининг функциясини «қўшиш» имконияти назорат-касса машиналаридан фойдаланишга анъанавий ёндашувларни сақлаб қолиш нуқтаи назаридан энг муваффақиятсиз ғоя кўринади.
Биринчидан, тадбиркорнинг товарлар ҳисобини юритувчи замонавий автоматлаштирилган технологияларни қўллаш имконияти чекланади, сабаби терминалларга оид техник талаблар унга назорат-касса машиналари функционалини «қўшиш» имконини бермайди. Модернизацияланган терминал солиқ идорасига фақат харидор тўлаган сумма ҳақидаги ахборотни узата олади.
Иккинчидан, назорат-касса машиналарининг замонавий моделларини жорий этиш зарурлиги тўғрисидаги Президентнинг 29.09.2017 йилдаги ПҚ–3300-сон қарори талабларини бажариб бўлмайди. Республикамизда бир қатор параметрларига кўра замонавий жаҳон амалиёти талабларига мос келмайдиган ҳисоб-китоб терминалларининг эскирган моделларидан фойдаланилади.
Учинчидан, терминалнинг ўзига хос қурилмаси товарларнинг ҳисобини номлари ва коди сингари идентификациялаш параметри бўйича юритиш имконини бермайди.
Ахборот ошкор бўлиши хавфи
Назорат-касса машиналарининг энг муҳим функцияларидан бири ахборот сақлаш ва узатиш хавфсизлигини таъминлаш ҳисобланади. Конструкцияси ва қурилиши бўйича фақат НКМ лозим даражада бу вазифанинг уддасидан чиқа олади. Мисол учун, Грузияда НКМдан исталган қурилмада фойдаланса бўладиган фақат фискал модуллар карталарини қолдиришга уриниб кўрдилар. Бироқ лойиҳа тўхтатиб қўйилди, мамлакатда илгаригидек тўлақонли онлайн назорат-касса машиналари қўлланилмоқда. Онлайнга ўтишнинг энг яхши жаҳон тажрибасида назорат-касса машиналарининг ўзини модернизациялаш имконияти назарда тутилади, бу НКМнинг барча функцияларини сақлаб қолиш имконини беради. Мисол учун, Россия тажрибасига кўра – фискал модуллар ўрнатиш, Беларусь ва бошқа Европа мамлакатларидагидек – такс-модемлар – назорат-касса машиналарига махсус қўшимча ускуналар ўрнатиш.
Компьютерлар, планшетлар ва смартфонлардан фойдаланиш ахборот сақлаш ва узатиш хавфсизлиги талабларига жавоб бермайди. Моҳиятан олганда, улар солиқ органларини тадбиркорларнинг тушумини назорат қилиш имконидан маҳрум қилади. Оқибатда бюджетга салмоқли сумма тушмайди. Бошқа томондан, ушбу мосламалар инсофли тадбиркорга ўзининг ҳақлилигини исботлаш имконини бермай, коррупцияга йўл очади.
Биринчидан, компьютерлар, гаджетлар ва тўлов терминаллари ахборот сақлаш ва узатиш хавфсизлиги талабларига мувофиқ келмайди. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикасида онлайн назорат-касса машиналари тизимини жорий этиш ва пилот тарзида ишга тушириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори лойиҳасига 2-иловага мувофиқ, фискал маълумотларни модификациялаш (тузатиш киритиш), шахссизлантириш, блокировкалаш, йўқотиш ва йўқ қилиш имконини берадиган дастурий таъминотни қўллашга йўл қўймаслик режалаштирилмоқда.
Ягона техник талабларнинг 38-бандига амал қилган ҳолдагина ушбу талабни бажариш мумкин. Яъни НКМга ўрнатилган дастурий таъминотни эталон версияси билан ҳар бир бит бўйича таққослаш имконияти бўлиши лозим, у НКМнинг ушбу модели НКМнинг Давлат реестрига киритилаётганда қўйилган бўлади ва эталон намуналари кутубхонасида сақланади. Компьютерлар ва девайсларнинг оператив тизимлари ушбу талабни бажариш имконини бермайди, сабаби уларнинг дастурий таъминоти динамик тусга эга, тегишинча, НКМда талаб қилинганидек эталонланмайди. Тўлов терминалларида, аксинча, дастурий таъминот ёпиқ ва унга саноқли кишилар кира оладилар, бу ҳам у билан НКМга оид техник талабларга кўра ишлаш имконини бермайди.
Иккинчидан, компьютерлар ва девайсларда Интернетдан юклаб олинган, назорат-касса машиналарига ўхшаб ишлайдиган дастурлардан осон фойдаланиш мумкин. Улардан фойдаланган ҳолда харидорга у тўлаган сумма қайд этилган чек бериш, солиқ идорасига эса бу чекни жўнатмаслик ёки камроқ сумма кўрсатилганини жўнатиш мумкин. Фақат солиқ органлари штатини ва улар ўтказадиган текширувлар сонини ошириш йўли билан бундай дастурлардан фойдаланилишига қарши курашиш мумкин. Бироқ бу онлайн назорат-касса машиналарини жорий этиш моҳиятини йўққа чиқаради.
Учинчидан, назорат-касса машиналаридан ташқари, кўриб чиқилаётган мосламаларнинг биронтасида фискал маълумотларни, шунингдек сервер имзоси бўлган ахборотни узоқ вақт, тузатиш киритилишини истисно этган ҳолда узлуксиз сақлаш имконини берадган махсус мосламалар йўқ.
Тегишинча, компьютерлар, планшетлар, смартфонлар ва терминаллардан фойдаланиш ахборот сақлаш ва узатиш хавфсизлиги талабларига жавоб бермайди. Моҳиятан олганда, улар солиқ органларини тадбиркорларнинг тушумини назорат қилиш имконидан маҳрум қилади. Оқибатда бюджетга салмоқли сумма тушмайди. Бошқа томондан, ушбу мосламалар инсофли тадбиркорга ўзининг ҳақлилигини исботлаш имконини бермай, коррупцияга йўл очади.
Арзоннинг оши татимас
Тегишли дастур ва фискал модулларни ўрнатиш имконини берадиган исталган мосламадан НКМ сифатида фойдаланишдан асосий мақсад – унинг тадбиркорлар учун арзон тушиши. Бизнес янги НКМ сотиб олишига тўғри келмайди. Бир қарашда, тўлов терминалини қайта мослаштириш энг мақбул вариант кўринади. Бироқ мутахассислар бунга қарши фикр билдирадилар. Гап шундаки, компьютерлар ва девайслар базасидаги онлайн-НКМларда бошқа камчиликлар ҳам бор.
Биринчидан, тадбиркорга терминални модернизациялашга пул сарфлаш наф келтирмайди, сабаби уни ижарага олган бўлади. Терминални сотиб олиш ҳам бефойда – у ўрта ҳисобда онлайн газорат-касса машинасидан 5 баравар қиммат туради.
Иккинчидан, онлайн-НКМ қилиб модернизацияланган терминал оддийсига қараганда тез бузилади. Биринчи навбатда, принтер ишдан чиқади, сабаби у кўп миқдорда чек уришга мўлжалланмаган. У анча кўп чек уришига тўғри келади, зеро банк карталари воситасидаги тўловларгина эмас, нақд пулдаги тўловлар ҳам у орқали ўтади.
Учинчидан, фискал модулли терминални таъмирлаш оддий онлайн-НКМдан кўра қиммат тушади. Терминалларни таъмирлаш билан, уларни қўллашнинг ўзига хослигини ҳисобга олиб, фақат ваколатли ташкилотлар шуғуллана оладилар. Терминалларни таъмирлаш бозорида реал рақобат мавжуд эмас. Бунинг устига терминал мураккаблашади ва таъмирловчи мутахассислар ишига кўпроқ пул тўлашга тўғри келади.
Тўртинчидан, фискал модулли терминал бузилганда у ишлатилгунча дўкон нафақат карталар, балки нақд пул билан қонуний ҳисоблашиш имкониятидан дарҳол маҳрум бўлади. Бундан биринчи навбатда истеъмолчи азият чекади, у бузилганда нақд пулга ҳам, карта орқали ҳам харид қила олмайди.
Бешинчидан, терминалларда қўшимча дастурларнинг мавжудлиги нафақат UzCard серверлари, балки бутун банк тизими ишида узилиш юз бериши хавфи ошишига олиб келади. Бунда нақд пул қабул қилинишини таъминлаш учун фискал модулда ва терминалда ёзилган дастурлар ҳақида сўз бормоқда.
Олтинчидан, пластик карта ва нақд пулдаги тўловлар битта мослама орқали қайд этилади, бу фирибгарликлар, нақдлаштириш ва пулни хуфия бизнесга жалб этишни осонлаштиради.
Нима қилмоқ керак?
Якуний қарор қабул қилаётганда ҳаммасини яна бир бор ўйлаб кўриш ва солиқ тизимини ислоҳ қилишда Президент кўрсатмаларига амал қилиш – шошма-шошарликка йўл қўймаслик лозим. Маҳаллий мутахассисларни онлайн-НКМ маҳаллий тизимини ишлаб чиқишга фаол жалб этиш – ҳали уларни иш билан таъминлаш дегани эмас.
Жаҳондаги энг яхши амалиёт, ўзимизга хос хусусиятлар инобатга олинган маҳаллий тизимни ишлаб чиқиш онлайн-НКМни жорий этишнинг мақбул варианти кўринади. Ушбу вазифани ҳал қилиш учун мамлакатимизда зарур илмий, кадр ва ишлаб чиқариш салоҳияти мавжуд.
Вазифа ечимини маҳаллий муҳандислар, дастурчилар, конструкторлар ва ишлаб чиқарувчиларга ишониб топшириб, уни:
- тадбиркорлар учун камчиқим қилиб;
- харажатларни камайтиришга ва бюджетга тушумлар ошишига эришиб;
- тадбиркорлар ишига назорат қилувчи органлар ходимлари аралашувини реал қисқартиришни таъминлаб, амалга ошириш мумкин бўлади.
Лойиҳани амалга оширишда қуйидагилар назарда тутилса, буни уддалаш мумкин бўлади:
- тадбиркорларда мавжуд бўлган НКМни модернизациялаш имконияти;
- узатилаётган маълумотларга ишлов берилиши учун жавоб берадиган блокнинг ўзини ўзи модернизациялашига имкон берувчи технологияларнинг қўлланилиши;
- блокчейн технологиясининг қўлланилиши, у маълумотлар шаффофлиги ва тузатиш киритиб бўлмаслигини (шу жумладан серверда) таъминлаш имконини беради;
- улардан манфаатдор ташкилотнинг – у, биринчи навбатда, Давлат солиқ қўмитасидир, фискал маълумотлар оператори сифатида белгиланиши. Ушбу чора қимматлашишга ва маълумотлар узатишда йўқотишларга, шунингдек шахсий ва молиявий (банк) ахборотидан фойдаланиш, унга тузатиш киритиш ва уни тарқатиш билан боғлиқ муаммоларга йўл қўймаслик имконини беради.
[1] НКМни ишлаб чиқарувчи ва уларга хизмат кўрсатувчи корхона «Savdoelektronika» ШК ижрочи директори Владимир Гибель:
- 1986 йилдан бери НКМга хизмат кўрсатиш соҳасида иш тажрибасига;
- ушбу соҳада 4 та патентга;
- хорижий ишлаб чиқарувчилар билан Phoenix 9000 НКМнинг 2 та моделини биргаликда ишлаб чиқишда иштирок этиш тажрибасига;
- НКМнинг 3 та модели – DST 07, UFR 01 ва Simurg 001 (бунда UFR 01 ва Simurg 001 Марказий Осиёда тўлиқ ишлаб чиқилган дастлабки НКМ моделларидир) нолдан ишлаб чиқиш тажрибасига;
- 2015 йилда «Дори Дармон» АЖда онлайн НКМ бўйича пилот лойиҳани ўтказишда (ИТИ ДУК ва «Фотон» ОАЖ билан биргаликда) иштирок этиш туфайли тўпланган ишланма ва тажрибага;
- турли мамлакатлардаги ҳамкасблари билан алоқага эга, бу нафақат бошқа мамлакатларнинг (шу жумладан МДҲ бўйича қўшниларимиз, Болтиқбўйи, Евроиттифоққа аъзо мамлакатлар ва Жанубий Корея) ижобий ва салбий тажрибасини батафсил ўрганиш, балки ушбу тажрибани тўлақонли таҳлил қилиш имконини беради.