«РИА Рейтинг» агентлиги МДҲ давлатлари банк секторининг тадқиқотини эълон қилди. Унинг натижасига кўра, ушбу ҳудуддаги энг йирик банклар 200 талиги рўйҳати – «РИА Рейтинг. МДҲ банклари-200» тузилди. Мамлакатимизнинг 11 та банки мазкур рўйҳатдан ўрин олган.
Рейтингни тузиш вақтида МДҲнинг 11 та давлати (Озарбойжон, Арманистон, Беларусия, Грузия, Қозоғистон, Молдова, Россия, Тожикистон, Туркманистон, Ўзбекистон ва Украина)нинг 1000 дан ортиқ банки ўрганиб чиқилди.
Таъкидлаш керакки, рўйҳатдан ўрин олган маҳаллий банкларимизнинг ҳар бири ўзининг кўрсаткичларини ўтган йилдагига нисбатан яхшилашга эришган. Масалан:
- рейтингнинг 30-ўрнидан жой олган Ташқи иқтисодий фаолият Миллий Банки ўз кўрсаткичини 13 поғонага кўтарган;
- 58-ўринни эгаллаган Ўзсаноатқурилишбанк эса кўрсаткичларини 3 поғонага оширган;
- Асака банк сезиларли ўзгаришга эришиб, 86-ўриндан 65-поғонага кўтарилган;
- ўтган йили 126-ўринни эгаллаган Ипотека банк бу сафар 93-поғонани забт этди;
- Қишлоқ қурилиш банк – аввал 1122-ўринда эди. Бу сафар унинг марраси – 95-поғона бўлди;
- Халк банки ҳам ўз кўрсаткичларини яхшилади: 133-ўриндан 112-поғонага кўтарилди;
- Агробанк –136-ўриндан 117-га чиқди;
- Hamkorbank деярли 70 поғона олдинга – 191 дан 124 га“сакради”;
- Ўз КДБ Банк 162-поғонадан 138-га ўтди;
- Ипак Йули илк маротаба рейтингга кирди ва 176-ўринни эгаллади;
- Капитал банк 179-ўринда, муқаддам у рейтингда қатнашмаган эди.
Ҳисоботда таъкидланишича, банклар активларини баҳолаш халқаро стандартлар бўйича консолидация қилинмаган аудиторлик ҳисоботи маълумотлари асосида амалга оширилган. Оммавий асосда маълумотлар олишнинг иложиси бўлмаган тақдирда миллий стандартлар бўйича аудиторлик ҳисоботидан фойдаланилган. Алоҳида ҳолатларда бошқа ҳисоботлар тақдим этилмаганда аудитлаштирилган консолидация қилинган ҳисоботдан ёки маблағ айланмаси ведемости кўрсаткичлари асосида махсус ҳисоб-китоб амалга оширилган. Барча маълумотлар очиқ манбалардан олинган. Рейтингни тузишда банкларнинг консолидация қилинмаган активларидан фойдаланилгани боис мазкур рўйҳатда битта банклар гуруҳига доир муассасалар ҳам бор.