28 март куни очилган Олий Мажлис Сенатининг тўққизинчи ялпи мажлисида бир қатор қонун лойиҳалари, шунингдек Омбудсман, Ҳисоб палатаси ва Марказий банкнинг 2016 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботлари эшитилди. ЎзАнинг хабарига кўра, мажлисда Вазирлар Маҳкамаси аъзолари, вазирлик ва идоралар раҳбарлари, бошқа ташкилотлар ва ОАВ вакиллари иштирок этдилар.
- www.norma.uz
- Бизнинг шарҳлар
- Ялпи мажлиснинг биринчи кунида сенаторлар 8 та қонун қабул қилишди
Ялпи мажлиснинг биринчи кунида сенаторлар 8 та қонун қабул қилишди
30.03.2017
Кўриб чиқиш учун киритилган қонунлар қабул қилинди
Биринчи бўлиб “Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартишлар ва қўшимча киритиш тўғрисида”ги Қонун лойиҳаси муҳокама қилинди. Қонун билан Асосий қонуннинг 80, 81, 83, 93, 107, 110, 112-моддаларига тегишли ўзгартишлар ва қўшимча киритилмоқда. Ушбу тузатишларга мувофиқ Олий хўжалик суди ва Олий суд фуқаролик, жиноий, маъмурий ва иқтисодий суд иши юритуви соҳасидаги суд ҳокимиятининг ягона олий органига –Олий судга бирлаштирилмоқда.
Сенаторлар қайд этганларидек, суд ҳокимиятининг олий органи иккита эканлиги, авваламбор, суд тизимини бошқариш функцияларининг такрорланишига сабаб бўлаётган эди, амалдаги тузилма ягона суд амалиётини, хизмат вазифаларининг оқилона тақсимланишини таъминлаб бермаётган эди.
Бундан ташқари, суд тизимида иқтисодий ва маъмурий судлар тузилмоқда. Бу мамлакатимизда олиб борилаётган маъмурий, иқтисодий, бозор ислоҳотларини суд-ҳуқуқий жиҳатдан таъминлаш самарадорлигини оширишнинг, хусусий мулк ҳуқуқини, тадбиркорлик фаолиятини судда ишончли ҳимоя қилишнинг муҳим омилига айланади.
Судьялар олий кенгаши тузилиши муносабати билан Конституция 111-моддасининг янги таҳририда унинг конституциявий мақоми аниқ мустаҳкамлаб қўйилган. Белгиланишича, Судьялар олий кенгаши раиси Президентнинг тақдимига биноан Сенат томонидан тайинланади, унинг қолган аъзолари давлат раҳбари томонидан тасдиқланади.
Конституция 93-моддаси 1-қисми 14-бандининг янги таҳририга мувофиқ Судьялар олий кенгаши вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари раислари ва раис ўринбосарларини, Ҳарбий суд раиси номзодларини Президентга тасдиқлаш учун тақдим қилади. Кенгаш Президент билан келишган ҳолда ҳарбий судлар, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари судьяларини, туманлараро, туман, шаҳар судлари раисларини ҳамда судьяларини мустақил равишда лавозимга тайинлайди ҳамда лавозимидан озод қилади (илгари улар Президент томонидан тайинланар эди).
Шундан сўнг сенаторлар “Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши тўғрисида”ги Қонунни маъқуллашди. Қонун унинг асосий вазифалари ва ваколатларини, ҳуқуқлари ҳамда мажбуриятларини, уни шакллантириш ва фаолиятини ташкил этиш тартибини белгилаб беради.
Қонунга мувофиқ Кенгаш раис, раис ўринбосари, унинг аъзолари ва котибидан иборат 21 нафар таркибда ташкил топади. Кенгаш раиси Президентнинг тақдимига биноан Сенат томонидан тайинланади ва бир вақтнинг ўзида Кенгаш ҳузурида ташкил этиладиган Одил судлов муаммоларини ўрганиш тадқиқот марказини бошқаради.
Бунда Кенгашнинг 11 нафар аъзоси Кенгаш раисининг тақдимномасига биноан Президент томонидан судьялар орасидан тасдиқланади. Кенгашнинг бир нафар аъзоси Қорақалпоғистон Республикаси судлари судьялари орасидан тасдиқланади.
Кенгаш котиби ва унинг 7 нафар аъзоси ҳам ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, фуқаролик жамияти институтлари вакиллари ҳамда ҳуқуқ соҳасидаги юқори малакали мутахассислар орасидан Президент томонидан тасдиқланади. Таркибнингбир қисми (13 нафар аъзо, шу жумладан, раис, котиб ва 11 нафар аъзо) доимий асосда ишлайди, қолган 8 нафар аъзо жамоатчилик асосида ишлайди. Кенгаш аъзоларининг ваколат муддати 5 йилни ташкил этади.
Ушбу орган судья кадрлар захирасини шакллантиради, судьялар лавозимларига номзодларни танлов асосида танлайди, турли даражалардаги судлар судьяларини тайинлаш, қайта тайинлаш, ваколатларини муддатидан илгари тугатиш билан боғлиқ бошқа масалаларни ҳал қилишда иштирок этади.
Шу билан бирга Кенгаш судьяларни давлат мукофотлари билан тақдирлаш тўғрисида давлат раҳбарига илтимоснома киритиш, судьяларни интизомий, жиноий ёки маъмурий жавобгарликка тортиш билан боғлиқ масалаларни кўриб чиқиш, қонун ҳужжатларини такомиллаштириш бўйича таклифларни кўриб чиқиш учун Олий суд Пленумига киритиш ваколатига эга.
Шундан сўнг “Судлар тўғрисида”ги Қонунга, Фуқаролик процессуал ва Хўжалик процессуал кодексларига тузатишлар кўриб чиқилди. Улар янги тузилаётган маъмурий ва иқтисодий судлар фаолиятининг тегишли ҳуқуқий базасини яратишга қаратилгандир.
Хусусан, Олий хўжалик суди ва Олий суднинг бирлаштирилиши, иқтисодий судлар ташкил этилиши, ҳарбий судларнинг мақоми қайта кўриб чиқилиши муносабати билан “Судлар тўғрисида”ги Қонундан хўжалик судларининг фаолиятини тартибга солувчи нормалар чиқариб ташланмоқда, округ ҳарбий судлари ва ҳарбий ҳайъатлар тугатилмоқда.
Олий суд тузилмасига маъмурий ва иқтисодий ишлар бўйича ҳайъатлар киритилмоқда, ҳарбий ҳайъат бекор қилинмоқда.
Қонунга киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар маъмурий судлар тасарруфидаги иш тоифаларини аниқ белгилаб бермоқда. Бу давлат органларининг, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг, шунингдек, улар мансабдор шахсларининг оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган ҳаракатлари (қарорлари) юзасидан шикоятлар ва аризалар билан боғлиқ.
“Судлар тўғрисида”ги Қонунда Кенгашнинг судлар фаолиятини ташкилий жиҳатдан таъминлаш функциялари акс этган. Шунингдек, судья Судьялар олий кенгашининг хулосасисиз жавобгарликка тортилиши, қамоққа олиниши мумкин эмас. Кенгаш Раисига Олий суд Пленуми мажлисларида иштирок этиш ҳуқуқи берилмоқда.
Бундан ташқари, судьяларни сайлаш (тайинлаш), улар ваколатларини муддатидан илгари тугатиш тартибига ўзгартиришлар киритилди. Эндиликда умумий судьялик стажидан келиб чиққан ҳолда судьяларга лавозимда бўлишнинг биринчи марта 5 йиллик муддат, навбатдаги 10 йиллик муддат ва судьялик лавозимида бўлишнинг муддатсиз даври белгиланди. Судлар раислари 5 йилга сайланади (тайинланади), айни бир судда ушбу лавозимни сурункасига икки муддатдан ортиқ эгаллаш тақиқланади.
Олий суд судьялари учун судьялик лавозимида бўлишнинг энг юқори ёши 70 ёшни, бошқа судларнинг судьялари учун 65 ёшни ташкил этади. Олий суднинг судьяси лавозимида бўлишнинг энг юқори ёши Президент томонидан, бошқа судларнинг судьяси лавозимида бўлишнинг энг юқори ёши Судьялар олий кенгаши томонидан 5 йилгача узайтирилиши мумкин.
Шундан сўнг сенаторлар “Фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирлар қабул қилиниши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонунни муҳокама қилдилар.
Қонун билан Жиноят, Жиноят-процессуал, Фуқаролик процессуал, Жиноят-ижроия кодексларига, “Судлар тўғрисида”ги ва “Прокуратура тўғрисида”ги Қонунларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда. Ушбу ўзгартиш ва қўшимчаларда қамоққа олиш тарзидаги жиноий жазони бекор қилиш назарда тутилмоқда, шу билан бир вақтда жиноий жазолар тизимига озодликдан маҳрум этиш билан боғлиқ бўлмаган енгилроқ жазо тури – “мажбурий жамоат ишлари” киритилмоқда. Жиноят содир этганликда гумон қилинаётган шахсларни қамоқда сақлаш муддати 72 соатдан 48 соатгача, қамоққа олиш ёки уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш, шунингдек, дастлабки тергов муддатлари 12 ойдан 7 ойгача қисқартирилмоқда.
Почта-телеграф жўнатмаларини хатлаб қўйишга ва мурдани эксгумация қилишга санкциялар бериш ҳуқуқини прокуратурадан судларга бериш назарда тутилмоқда. Судларга қамоққа олиш ёки уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллашни рад этишда муқобил эҳтиёт чораларини қўллаш ҳуқуқи берилди. Бунда суд томонидан қўшимча тергов ўтказиш учун жиноят ишини қайтариш институти бутунлай бекор қилинмоқда, суд текшируви жараёнида камчиликларни тўлдириш механизмлари қонун билан мустаҳкамлаб қўйилмоқда. Шунингдек, фуқаролик ишлари бўйича суд қарорини назорат тартибида қайта кўриб чиқиш муддати 3 йилдан 1 йилга қисқартирилмоқда.
Бунда вилоят даражасидаги судлар назорат тартибида жиноий ва фуқаролик ишларини кўриб чиқмайди, назорат тартибида протест келтириш бўйича судларнинг тегишли раислари ва прокурорлар ваколатлари истисно этилди. Шунингдек, Олий суд Пленуми ва Раёсатининг ишларни назорат тартибида кўриб чиқишга доир бир-бирини такрорловчи ваколатлари қисқартирилди.
“Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун ҳам кўриб чиқилди. Қонун билан “Фаолиятнинг айрим турларини лицензиялаш тўғрисида”ги ва “Тадбиркорлик фаолияти соҳасидаги рухсат бериш тартиб-таомиллари тўғрисида”ги Қонунлар ҳамда бошқаларга тузатишлар киритилмоқда.
Кўзда тутилишича, лицензиатлар ва тадбиркорлик субъектлари – фаолиятнинг айни бир лицензияланадиган турини амалга ошириш учун лицензияга ҳамда айни бир ҳаракатни ва (ёки) фаолиятни амалга ошириш учун рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатларга эга юридик шахслар қўшиб юборилган тақдирда фақат битта лицензия ёки рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатни қайта расмийлаштиришга йўл қўйилади. Амалдаги қонун ҳужжатларида ушбу масалаларнинг тартибга солинмаганлиги ҳуқуқни қўллаш амалиётида ҳуқуқий ноаниқлик келтириб чиқарар ва лицензияни қайта расмийлаштиришда лицензияловчи органлар томонидан субъектив талқин қилинишига сабаб бўларди.
Бундан ташқари, Фуқаролик кодексига, “Товар белгилари, хизмат кўрсатиш белгилари ва товар келиб чиққан жой номлари тўғрисида”ги, “Рақобат тўғрисида”ги Қонунларга қўшимчалар киритилмоқда. Унда “сохта маҳсулот” тушунчасига аниқ таъриф берилмоқда, инсофсиз рақобат турларига аниқлик киритилмоқда, товар белгисидан фойдаланиш (фойдаланмаслик), товарни товар белгисига ўхшаш бўлган белгидан қонунга хилоф равишда фойдаланиш орқали реализация қилиш билан боғлиқ бўлган муносабатларни ва бу соҳадаги бошқа муносабатларни тартибга солишнинг самаралироқ механизмлари белгиланмоқда.
"Чет эл инвестициялари тўғрисида"ги, “Солиқ маслаҳати тўғрисида”ги Қонунларда, МЖтК ва Солиқ кодексида чет эл инвестициялари иштирокидаги янгидан ташкил этиладиган ишлаб чиқариш корхоналарига ўзлари давлат рўйхатидан ўтказилган санада амалда бўлган солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар ставкаларини давлат рўйхатидан ўтказилган пайтдан эътиборан 5 йил ичида қўллаш ҳуқуқи берилиши назарда тутилмоқда (бундан ресурс ва божхона божлари мустасно). Бундан ташқари, тадбиркорлик субъектлари ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорларини мажбурий ижро этиш учун ижро варақаси бериш тўғрисида ариза берганда судларда давлат божини тўлашдан озод қилинмоқда.
Шу билан бир қаторда сенаторлар қуйидаги Қонунларни маъқулладилар:
- “Ўзбекистон Республикаси билан Россия Федерацияси ўртасида ҳарбий-техникавий ҳамкорликни ривожлантириш тўғрисидаги шартномани (Москва, 2016 йил 29 ноябрь) ратификация қилиш ҳақида”ги;
- “Ўзбекистон Республикаси ва Афғонистон Ислом Республикаси ўртасида ушлаб бериш тўғрисидаги битимни (Тошкент, 2016 йил 17 октябрь) ратификация қилиш ҳақида”ги;
- “Марказий Осиё минтақавий иқтисодий ҳамкорлик институтини таъсис этиш тўғрисидаги битимни (Исломобод, 2016 йил 26 октябрь) ратификация қилиш ҳақида”ги.
Ҳисоботлар эшитилди
Олий Мажлис Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилининг ҳисоботида қайд этилганидек, Омбудсманнинг 2016 йилдаги фаолиятининг асосий йўналишлари инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари тўғрисидаги қонун ҳужжатларига давлат органлари, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар ва мансабдор шахслар риоя этаётганлигини назорат қилиш самарадорлигини оширишга қаратилди. Ўтган йили мамлакат фуқароларининг, чет давлатлар фуқароларининг, фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг, жамоат ташкилотлари ва бошқа юридик шахсларнинг қарийб 3 000 та мурожаати кўриб чиқилди ҳамда ҳал этилди.
Шунингдек, ҳисобот даврида Омбудсман томонидан “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги, “Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида”ги Қонун лойиҳаларига ҳамда бир қатор бошқа қонун ҳужжатларига таклифлар киритилди. Омбудсман вакиллари норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш бўйича Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ишчи гуруҳлар фаолиятида иштирок этдилар.
Ҳисоб палатаси томонидан 2015 йилги Давлат бюджети ижроси тўғрисидаги ҳисобот ташқи аудитдан ўтказилди ва баҳоланди, 2017 йилга мўлжалланган солиқ ва бюджет сиёсатининг асосий йўналишлари ҳамда Давлат бюджетининг лойиҳаси экспертизадан ўтказилди. Ҳудудлар миқёсида ҳам республика Давлат бюджетини шакллантириш ва ижросини таъминлаш назорат қилинди, бюджетдан молиялаштириладиган ташкилотлар мисолида улардан фойдаланишнинг қонунийлиги, мақсадли йўналтирилганлиги ҳамда самарали эканлиги текширилди.
Назорат тадбирларининг натижалари бўйича тегишли вазирлик, идора ва ҳокимликларга 19 та ёзма кўрсатма юборилди. Давлат бюджети, давлат мақсадли жамғармалари ва хўжалик юритувчи субъектлар фойдасига 86 миллиард 643 миллион сўм миқдорида етказилган зарар ундирилди.
Марказий банк ҳисоботидан маълум бўлишича, тижорат банкларининг умумий капитали 20,2 фоизга кўпайди ва 9,35 триллион сўмни ташкил этди. 2016 йил якунларига кўра банк тизими капиталининг етарлилик даражаси халқаро Базель қўмитаси томонидан белгиланган халқаро стандартлардан деярли 3 баравар, унинг ликвидлиги эса энг юқори индикатор баҳолардан 2 баравар юқори бўлди. Банклар депозитлари ҳажмининг 25,2 фоизга ошиши таъминланди, бу эса банклар активлари ҳажмларининг 23,3 фоизга ошишига олиб келди.
Ҳисобот йилида тижорат банклари томонидан инвестиция лойиҳаларини бажариш учун 12,2 триллион сўм миқдорида кредитлар ажратилди, бу эса 2015 йилга нисбатан 1,2 баравар кўпроқдир.
Тижорат банклари томонидан ажратилган кредитлар ҳажми 2015 йилга нисбатан 1,3 баравар ошди ва 15,8 триллион сўмни, шу жумладан микрокредитлар 3,3 триллион сўмни ташкил этди. Коллежларнинг битирувчиларига ўз бизнесини ташкил этиши учун қарийб 362,1 миллиард сўм миқдорида имтиёзли кредитлар берилди, бу эса 2015 йилдагидан 1,3 баравар кўпроқдир.
2016 йилда банк тизимининг фаолияти иқтисодиётнинг юқори ўсиш суръатларини сақлашга ва аҳоли фаровонлиги янада оширилишини таъминлашга кўмаклашди. “Мудис” рейтинг агентлиги сурункасига етти йилдан бери Ўзбекистон банк тизимига “барқарор” рейтинги баҳосини бермоқда.
Ҳисоботларни кўриб чиқиш якунларига кўра Олий Мажлис Сенатининг тегишли қарорлари қабул қилинди.