Япония томони Ўзбекистон ТИВни Ўзбекистон фуқаролик паспортига эга бўлган шахслар томонидан Японияга қисқа муддатли виза (90 кундан ошмаган муддатга) олиш учун ариза бериш тартибининг соддалаштирилгани ҳақида расман хабардор қилди.
Бу ҳақда Ташқи ишлар вазирлиги расмий сайтида хабар қилинади.
Соддалаштирилган тартиб қуйидагиларни ўз ичига олади:
1) ишбилармонлик мақсадлари билан боғлиқ бўлган, маданият ва интеллектуал меҳнат арбоблари учун сафар қилиш соҳаларини кенгайтириш. Фуқаро айни шу виза билан Японияга қайта ташриф буюрганда ундан туристик мақсадларда ҳамда қариндош ва танишларини зиёрат қилиш мақсадларида фойдаланиши мумкин;
2) қуйидаги ходимлар учун кўп марталик қисқа муддатли визалари амал қилиш муддатини уч йилдан беш йилга узайтириш:
- давлат ташкилотлари;
- Япония фонд бозорларида рўйхатга олинган ташкилотлар томонидан молиялаштириладиган компаниялар ходимларига;
- ҳамда Японияга аввал ҳам ташриф буюрган аризачилар.
3) бир марталик қисқа муддатли виза олиш учун ариза билан мурожаат қилинганда кафолатлаш тизимини бекор қилиш.
Керакли ҳужжатлар рўйхати ва ариза билан мурожаат қилиш тартиби тўғрисидаги батафсил маълумотни Япония Элчихонаси веб-сайтидан олиш мумкин.