Пойтахтда Йўл ҳаракати қоидаларини бузган ҳайдовчиларга нисбатан маъмурий чораларни қўллашнинг янги тартиби синовдан ўтказилмоқда, дея хабар беради Тошкент ИИББ ЙҲХБ матбуот хизмати.
Янги тизимнинг ишлаш механизми қуйидагича. ЙҲҚ бузилганлиги далили бўйича ЙПХ инспектори баённома тузади ва маълумотларни ЙҲХБ Маъмурий амалиётнинг комплекс автоматлаштирилган ахборот тизимига киритади.
Ҳайдовчи почта орқали жарима солинганлиги тўғрисида хабарнома олади, унда биллинг кичик тизими орқали жаримани тўлаш учун зарур код кўрсатилган бўлади. Жаримани исталган банкда ёки хабарномада кўрсатилган ноёб рақам асосида электрон тўловлар тизимлари ёрдамида тўлаш мумкин. Квитанция тўлдириш керак эмас, тўлов далили юзасидан чек-ордер берилади. Жаримани 15 кун ичида тўлаш керак, акс ҳолда қарздорлик тўғрисидаги маълумотлар Мажбурий ижро бюросига берилади.
Ҳайдовчилик гувоҳномасини олиб қўйиш назарда тутилган ҳуқуқбузарлик содир этилган ҳолда инспектор уни нима қилиши кераклиги ҳозирча аниқ эмас. Йўл ҳаракати қоидаларининг бузилишига доир маъмурий ишларни кўриб чиқиш тартиби тўғрисидаги йўриқномага ҳозирча ўзгартиришлар киритилмади. ИИББ ЙҲХБ матбуот хизматида яқин орада қўшимча ахборот тақдим этишга ваъда бердилар.