Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Бухгалтерия ҳисоби ва солиқ солиш мақсадларида амортизация ҳисоблашнинг фарқи МИЗ иштирокчиларига фойда солиғи бўйича имтиёз қайси даромад турларига нисбатан қўлланилиши мумкин Геологик изланишларнинг солиқ ҳисоби қандай юритилади

Юкларни жўнатиш. 1-қисм: почта жўнатмалари

09.11.2015

Шундай бўладики, сиз бошқа шаҳар ёки қўшни мамлакатга ичида китоблар билан кичкина пакетни, шахсий ашёларингиз бор қопчани ёки ҳатто мебель гарнитурини жўнатишингиз зарур бўлади. Кимнинг хизматидан фойдаланган маъқул, улар қандай шартларда хизмат кўрсатишади – бу саволларни юкларни турли усулларда жўнатишга бағишланган материаллар туркумида кўриб чиқамиз.

 

 

Посилкани ўзимиз қандай жўнатамиз?

 

 

Шаҳарлараро ва халқаро юклар ва хат-хабарларни жўнатиш билан Ўзбекистонда  почта алоқаси миллий оператори – “Ўзбекистон почтаси” акциядорлик  жамияти ўзининг мамлакат бўйлаб минтақавий филиаллари ва почта бўлимлари билан шуғулланади.  Жамиятнинг қоидалари  ва тарифлари республиканинг барча ҳудудларида ягона.

 

 

Жўнатмаларнинг турлари:

 

 

оддий ва буюртма хатлар (шу жумладан  қиймати эълон қилинган хатлар);

 

 

оддий ва буюртма почта варақлари;

 

 

Ўзбекистон бўйлаб оддий ва буюртма бандероллар;

 

 

оддий ва буюртма секограммалар (кўзи ожизлар учун жўнатмалар);

 

 

оддий ва қиймати эълон қилинган посилкалар;

 

 

буюртма майда пакетлар;

 

 

тегишли ўрамда босма нашрлар жўнатмаси (5 кггача бўлган бандероллар).

 

 

Қиймат нимадан таркиб топади

 

 

Нега бунча қиммат?! – норози бўлади почта бўлимида ўз посилкаси учун тўловни амалга ошираётган хоним. – бир килограмм вазн учун – 50 минг сўм! – навбатда турган бошқа одамларга гапиради у, улар ҳам аччиқлана бошлашади.

 

 

Бироқ вазиятни кўриб чиққанда  посилканинг вазни  ҳақиқатан ҳам 1 кг 200 гр эканлиги аниқ бўлади, бу дегани, у “1 кг дан 3 кг гача жўнатмалар” тоифасига тушган, авиатранспортда буюртмали етказиб бериш бўлган ҳамда Канадага йўналтирилган. Эътиборли жўнатувчида бунда ҳамма саволлар ўз жавобини топади. Ахир авиажўнатмани узоқ хориж мамлакатларидан бирига юбориш мамлакат ичидаги жўнатмаларга қараганда анча қимматлиги тушунарлику.  “Ўзбекистон почтаси” сайтида амалдаги тарифлар билан танишиш мумкин. Бунда шуни билиш муҳимки, почта оператори ҳисобда ниманидир чалкаштириб юбориши мумкин эмас, чунки жами сумма компьютер дастури томонидан автомат тарзда белгиланади ва қуйидаги тарзда  шаклланади:

 

 

Етказиб бериш жойи

(шаҳар бўйлаб, мамлакат бўйлаб, яқин ёки узоқ хорижга) +

Вазни (прайсга асосан) +

Етказиб бериш (авиа ёки ер усти) +

Мақоми (оддий ёки буюртмали жўнатма) +

Суғурта йиғими +

Қабул қилинганлиги тўғрисида хабарнома +

Ўрами =

Жўнатманинг жами қиймати

 

 

 

Кўрганимиздек, жами қиймат мажбурий ва унча мажбурий бўлмаган атрибутлардан таркиб топади. Қийматга таъсир қилувчи асосий омиллар, – бу етказиб бериш  жойи, вазни ва жўнатиш мақоми, шунингдек уни етказиб бериш тури. Агар ўрам почта бўлимида сотиб олинса, унинг  қиймати қатъий бўлиши мумкин. Мижознинг хоҳишига кўра, агар улар тасдиқланган стандартларга мувофиқ келса,  унинг ўз ўраш материалларидан ҳам фойдаланса бўлади. Ўраш материалларига конвертлар, ўраш қоғозлари ва тасмалар, картон почта қутилари, шунингдек қопчалар киради. Юкни суғурталаш ва хабарнома (қабул қилувчи  олганлигини маълум қила олиши учун) учун тўлов  мажбурий бўлмаган атрибутлардир. Посилка ёки хат оддий ёки буюртмали тарзда  кетишини ҳам жўнатувчининг ўзи ҳал қилади. Бироқ бу омилларнинг барчаси жами қийматга таъсир кўрсатади.

 

 

Қандай кузатиб борилади

 

 

Почта хизматларининг сайтларида  ўз жўнатмалари ҳаракатини кузатиб бориш мумкин. Бизнинг маҳаллий почта операторимиз бундай имкониятни ўзининг pochta.uz сайтида тақдим этади.

 

 

Агар махсус майдонга ҳар бир буюртмали почта жўнатмасига бериладиган  бетакрор почта идентификатори киритилса, у қачон қайта ишлашга қабул қилинганлиги ва мамлакатни тарк этганлигини (агар халқаро бўлса) кўриш мумкин. Агар жўнатма ички бўлса, унинг белгиланган пунктга келишини, адресатга бериш санасини кузатиб бориш мумкин. Халқаро жўнатмаларнинг кейинги тақдирини улар жўнатилган мамлакатларнинг почта хизматлари сайтларида кузатиб бориш мумкин.  Мисол учун, РФ учун бу  russianpost.ru сайти.

 

 

Оддий жўнатмалар кузатиб борилмайди. Агар хатлар тўғрисида гапирадиган бўлсак, одатда, улар адресатларга тезроқ етиб боради, аммо бошқа томондан – уларни кузатиб бориш ва йўқотилган тақдирда даъво қилишнинг имконияти йўқ. Шунинг учун алоҳида муҳим хат-хабарларни буюртмали тарзда юборган маъқул.

 

 

Тақиқ ва чекловлар ҳақида

 

 

Почта қоидаларига кўра, чет элга  жўнатиш қатъиян тақиқланган,   рухсатнома асосида жўнатиладиган ҳамда қабул қилувчи мамлакатлар қоидаларидаги тақиқлар туфайли қабул қилинмайдиган  ашёлар рўйхати мавжуд.

 

 

Қатъиян мумкин эмас! Жўнатилиши қатъиян тақиқланган ашёлар рўйхати Почта алоқаси хизматлари кўрсатиш қоидаларига иловада кўрсатилган.

 

 

Мумкин, фақат рухсатнома билан

 

 

Айрим товарларни чет элга жўнатиш учун рухсатнома ёки бундай махсус рухсатнома талаб этилмаслиги ҳақида маълумотнома олиш керак. Кўпинча бу  бадиий қийматга эга ёдгорликлар ёки  қўлда ясалган буюмлардир.  Хорижга юборилаётган сизнинг совғангиз шундай қийматга эгалигини аниқлаш учун уни Маданият ва спорт ишлари бўйича вазирлик ҳузуридаги Бадиий экспертиза бошқармаси мутахассислари (маданий бойликларни олиб чиқиш ва олиб кириш бўйича) баҳолашлари керак. Рухсатнома ёки маълумотномани олиш унча мураккаб эмас. Бўлғуси посилканинг таркиби билан шу ташкилотга келиш  кифоя. Пойтахтда Бошқарма қуйидаги манзилда жойлашган: Лашкарбеги кўчаси, 19-уй (мўлжал – “Ҳ.Олимжон метро бекати”, Латвия Элчихонаси рўпарасида, тел. (+998 71) 237-07-38). Бунда миқдори объектнинг қийматига боғлиқ давлат божини тўлашга тайёр бўлиш лозим.

 

 

Биз қарши эмасмиз, бироқ...

 

 

Посилкани жўнатишда почта оператори юқорида кўрсатилган ҳужжатнинг ҳеч бир тақиқига тўғри келмасада, посилка ичидагини қабул қилишдан бош тортганда ҳам бошқа англашилмовчилик юзага келиши мумкин. Посилка жўнатилаётган мамлакатнинг почта қоидалари бунга сабаб бўлиши мумкин. Масалан, маданий бойлик ҳисобланмайдиган ва ишлаб чиқарилганига 50 йилдан кўп бўлмаган ёғочдан ясалган буюмларни  Ўзбекистондан жўнатиш мумкинлигига қарамай, РФ келаётган почта жўнатмаларидаги ёғочдан ясалган буюмларни қабул қилмайди. Украинага эса уларни жўнатиш мумкин, чунки бу мамлакатнинг почта қоидадарида бундай чекловлар йўқда.  Мазкур ҳолатда “Ўзбекистон почтаси” ОАЖ почта ходимлари  ўзларининг халқаро ҳамкорларининг талабларини бажарадилар ва жўнатувчи ушбу қоидага кўникиши лозим бўлади.

 

 

Матбаа ҳеч нарса билан аралаштирилмасин!

 

 

Ҳар қандай матбаа маҳсулоти бошқа ашёлар билан битта бандерол ёки посилкада жўнатилиши мумкин эмас.  Яъни, болалар ашёлари ва болалар китобларини битта посилкада жўнатиш мумкин эмас. Босма маҳсулотлар алоҳида жўнатма билан кетиши керак. Шу билан бир вақтда  озуқа маҳсулотлари, ёдгорликлар, кийим-кечаклар ва бошқа кўпгина ашёлар  бир-бири билан муроса қилади. Бу – билиш лозим бўлган амалдаги қоидадир.

 

 

Ҳаммаси кўрикдан ўтказилиши лозим

 

 

Чекловларнинг моҳияти ҳақида бир неча оғиз гапириш лозим. Уларнинг ҳар бири мавжуд қонунчилик қоидалари билан асосланган ва маданий меросни муҳофаза қилиш бўйича миллий манфаатлар, хавфсизлик ва почта алоқаси соҳасида халқаро битимларга риоя қилиниши зарурати билан қатъий буюрилган бўлиши мумкин. Почта жўнатмаларини божхона чегараларидан ўтказиш устидан назорат қилишни  Маданий бойликларнинг олиб чиқилиши  ва олиб кирилиши тартиби тўғрисида низом (ВМнинг 23.03.1999 йилдаги 131-сон қарорига 1-илова) тартибга солади. Қоидаларга кўра, барча почта жўнатмалари божхонада кўрикдан ўтказилиши мумкин. Ва назарда тутиш лозимки,  агар почта операторлари айби билан посилкаларда олиб чиқилиши тақиқланган ашёлар аниқланса, у ҳолда бу жўнатувчини маъмурий жавобгарликка олиб келади.

 

 

Агар дафъатан..., кимга мурожаат қилиш мумкин?

 

 

Даъво қабул қилиш муддати – жўнатилган пайтдан бошлаб 6 ой. Юкингиз йўқотилган ёки бузилган тақдирда даъво шу хизмат билан жўнатилган “Ўзбекистон почтаси” АЖга берилиши мумкин. Бунда шуни кўзда тутиш лозимки,  даъво жўнатувчида идентификация коди бор почта квитанцияси сақланган тақдирда қабул қилинади.  Даъвони шахсан мурожаат қилган ҳолда ёки Интерактив давлат хизматлари ягона портали орқали бериш мумкин.  Агар келишилган муддат мобайнида  шикоят кўриб чиқилмаса, юқори турувчи ташкилот – Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигига мурожаат қилиш мумкин.

 

 

Кейинги материалларда  юкларни темир йўл ва авиатранспортда, шунингдек курьерлик жўнатмалари орқали жўнатиш ҳақида сўз юритамиз.

 

 

Саида ДЖАНИЗАКОВА, мухбиримиз.