Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Бухгалтерия ҳисоби ва солиқ солиш мақсадларида амортизация ҳисоблашнинг фарқи МИЗ иштирокчиларига фойда солиғи бўйича имтиёз қайси даромад турларига нисбатан қўлланилиши мумкин Геологик изланишларнинг солиқ ҳисоби қандай юритилади

Юридик хизмат

31.03.2016

юзасидан Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси (кейинги ўринларда - ССП) ҳузуридаги Халқаро тижорат арбитраж (ҳакамлик) суди раиси, юридик фанлар номзоди, доцент Фозилжон ОТАХОНОВнинг маслаҳатлари.

 

Юридик фаолият ва юридик хизмат  тушунчаси ва моҳияти 

 

Мамлакатимизда кучли ҳуқуқий давлат барпо этиш,  фуқароларнинг ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтириш, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари ҳамда хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятида қонун устуворлигини таъминлашда юридик хизмат муҳим роль ўйнайди.

 

Юридик хизматнинг давлат ҳокимияти ва бошқарувидаги ўрни тобора ортиб бормоқда. Тадбиркорликка кенг шароит яратиб берилаётганлиги боис йилдан-йилга хўжалик юритувчи субъектлар сони кўпайиб, юридик хизмат фаолият кўрсатадиган объектлар қамрови ҳам ортиб бормоқда. Бу эса юридик хизмат соҳасида фаолият юритаётган ходимларнинг малакасини доимий равишда ошириб боришни ҳамда уларни турли ҳаётий ва ишлаб чиқариш ҳолатларида ҳуқуқий воситалардан тўғри фойдаланиш кўникмаларини ривожлантиришни талаб қилади. Шунинг юрисконсульт сифатида ўз меҳнат фаолиятини бошламоқчи бўлган мутахассислар дастлаб кўплаб қийинчиликлар ва тўсиқларга учрайдилар. Уларни бартараф этишга эса ҳар доим ҳам билим ва тажрибалари етишмайди.

 

Қуйида савол-жавоб тарзида юридик хизматнинг мазмун-моҳияти, юрисконсультлар фаолиятининг айрим йўналишларига тўхталамиз.

 

1.Юрист деганда қандай шахсни ёки қандай касб эгасини тушунасиз?

 

Юрист - юридик маълумотга эга бўлган, юридик билимли, қонунчиликни билувчи, уларни амалий фаолиятда қўллаш кўникмасига эга бўлган шахс.

 

* * * * *

 

Юрист касби цивилизация тарихида энг қадимий касблардан бири ҳисобланиб, у ҳуқуқ билан бирга пайдо бўлган ҳамда унинг роли қонунчиликнинг ривожланиши, жамият ҳаётининг ҳуқуқий тартибга солиш аҳамияти кучайиши билан ошиб борган. Ҳуқуқни билиш ва уни қўллай билиш давлатнинг кўп функцияларини амалга ошириш учун муҳим шартга айланди.

 

Биринчидан, юрист касбининг муҳим ижтимоий роли мавжуд бўлиб, улар шахс манфаатлари, ҳуқуқлари, эркинликлари, мулки, жамият ва давлат манфаатларини жиноий ва бошқа ҳуқуққа хилоф тажовузлардан ҳимоя қиладилар. Шунингдек, улар адолат, инсонпарварлик, қонунийлик, ҳуқуқ тартибот учун кураш олиб борадилар. Юристнинг ижтимоий роли айниқса юридик нормаларга риоя қилиш ва бажаришга катта аҳамият бериладиган ҳуқуқий давлатда кучаяди.

 

Иккинчидан, юристлар нафақат ҳуқуқни қўллашда, балки қонунчиликни ривожлантиришга ҳам катта ҳисса қўшадилар. Улар қонунчиликни такомиллаштириш бўйича таклифлар тайёрлайдилар ва уларни ваколатли органларга юборадилар, қонунлар ва бошқа ҳуқуқий ҳужжатларнинг лойиҳаларини тайёрлайдилар, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари бўйича хулоса ва фикрлар берадилар.

 

Учинчидан, юрист касбига қайси йўналишда фаолият юритилишидан қатъи назар қуйидаги умумий хусусиятлар хосдир: инсонпарварлик ва адолат принципларини чуқур англаб етиш ва уларга риоя қилиш; давлат ҳокимияти органлари фаолияти билан бевосита ёки билвосита боғлиқлик; психологик-педагогик касбий маҳоратларга таяниш; ижодий-тадқиқотчилик; қарор қабул қилишда мустақиллик; ташкилотчилик; расмийлик.

 

Мустақил давлатимизда юристлар судларда, прокуратура, ички ишлар, адлия, солиқ, божхона, миллий хавфсизлик ва бошқа давлат органларида, корхоналар, муассасалар, нодавлат нотижорат ташкилотлар, шу жумладан адвокатурада фаолият юритмоқдалар.

 

Юристларнинг фаолият доираси фақатгина юридик мутахассисликлар билан чекланиб қолмасдан, балки илмий-педагогик, сиёсий фаолиятда ҳам фаол намоён бўлмоқда. Масалан, олий ва ўрта махсус таълим ҳамда илмий-тадқиқот муассасаларида,  парламент палаталари, сиёсий партиялар ва бошқа жамоат бирлашмаларида ҳам юристлар фаолият юритиб, мамлакатда амалга оширилаётган демократик инсонпарвар ҳуқуқий давлат барпо этиш ва фуқаролик жамиятини шакллантиришга қаратилган кенг кўламли ислоҳотларда самарали иштирок этмоқдалар.

 

 

2.Юридик фаолият қандай турларга бўлинади?

 

Юридик фаолият мазмуни, уни қўллаш соҳаси, шакли ва услублари бўйича қуйидаги асосий турларга бўлинади:

 

а) одил судлов;

 

б) прокурор назорати;

 

в) жиноятларни тергов қилиш;

 

г) фуқаролар ва ташкилотларга юридик ёрдам кўрсатиш (адвокатлик фаолияти);

 

д) нотариал ҳаракатларни амалга ошириш;

 

е) давлат органлари, корхоналар, муассасалар ва ташкилотларда ҳуқуқий ишлар киради.

 

Юридик ишларнинг бундай турларининг мавжудлиги юристларнинг ихтисослашувига олиб келади, чунки бусиз у ёки бу турдаги ишларни малакали ва муваффақиятли бажариш имконияти камаяди.

 

Юқорида санаб ўтилган юридик ишларга қуйидаги юридик мутахассисликлар мувофиқ келади: судья, прокурор, суриштирувчи, терговчи, адвокат, нотариус, суд ижрочиси, юрисконсульт.


 

3.Юрисконсульт деганда қандай шахсни тушунасиз?

 

Юрисконсульт  – юридик мутахассисликлардан бири бўлиб, у давлат органлари, хўжалик бошқарув органлари, хўжалик юритувчи субъектлар (корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар)да ҳуқуқий ишларни амалга оширувчи юридик хизмат ходими ҳисобланади.

 

* * * * *

 

Халқаро ҳуқуқ нормаларида ва амалдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда ҳам юридик хизмат ходимини номланиши юқоридаги таърифга мос келади. Масалан, БМТ Конгресси томонидан қабул қилинган “Юристларнинг ролига доир асосий принциплар”ида (Гавана, 1990 йил 27 август – 7 сентябрь) “юрисконсульт”  ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2007 йил 24 августдаги «Давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, давлат корхоналари, муассасалари ва ташкилотлари фаолиятини ҳуқуқий таъминлаш даражасини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 182-сонли Қарори билан тасдиқланган “Давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг юридик хизмати тўғрисида” ва “Хўжалик бошқаруви органлари, давлат корхоналари, муассасалари ва ташкилотларининг юридик хизмати тўғрисида”ги низомларда ҳам “юрисконсульт” термини қўлланилган.

 

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги ва Молия вазирлигининг 2003 йил 22 сентябрдаги қарори билан тасдиқланган Давлат ва хўжалик бошқарув органлари бошқарув, хизмат кўрсатувчи ва техник ходимлари лавозимлари рўйхатида – юридик бўлим ёки бошқа таркибий тузилма бошлиғи, бошлиқ ўринбосари – раҳбар (маъмурий-бошқарув ходимлар) тоифасига киритилган бўлса, юрисконсультлар бошқарув ходимлари мутахассиси тоифасига киритилган.

 

Юридик хизмат ходимларини ҳам норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда, ҳам юридик адабиётларда бир хил – “юрисконсульт” деб номланиши, уларнинг ҳуқуқий мақомини (вазифаси, ҳуқуқи ва жавобгарлиги) аниқ белгиланишини, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилишда юридик техника қоидаларига риоя қилинишини таъминлайди, шунингдек бу касб эгасини номини давлат тилига нотўғри таржима қилинишини олдини олади ҳамда унинг бошқа юридик мутахассисликлардан (судья, прокурор, адвокат, нотариус) фарқини аниқ акс эттиради.

 

* * * * *

 

А.П. Корнеев юрисконсульт – давлат ҳокимияти органлари, корхоналар (концернлар, бирлашмалар), ижтимоий-маданий муассасалар, ташкилотлар ҳуқуқий хизматининг юридик бўлим (бюро)си бошлиғи, бош (катта) юрисконсульти, юрисконсульти лавозимида бўлган ходим, деб таъриф беради.

 

Юридик энциклопедик луғатларда ҳам  юрисконсульт - корхона, муассаса, ташкилотлар ҳуқуқий хизмати ходими - дейилган.

 

Профессор Ғ. Абдумажидов корхона, муассаса, ташкилот ўзининг доимий ҳуқуқшуносига эга бўлгани унинг қонуний нуқтаи назардан фаолият юритишида нечоғлик фойдали эканлигини таъкидлайди.

 

М.Ю. Радченко низоли ҳолатлар мураккаб бўлмаса ёки кам келиб чиқса корхонада арбитраж (ҳакамлик) ишларини бажара оладиган ходимни ажратиш етарли эканлигини қайд қилади. Шунингдек у бундай муаммоларни ҳал қилишнинг мақбул йўли корхонада ходимлар сони кўп бўлмаган юридик хизматни ташкил этишдир деган фикрни илгари суради. Агар корхона доимий равишда низо ёки унга яқин бўлган ҳолатларга учраб турса, юридик хизмат доирасида ёки ҳатто мустақил, фақат арбитраж муаммолари билан шуғулланадиган бўлинма, яъни арбитраж хизмати ташкил қилиниши энг мақбул (кўпинча ягона тўғри) йўл деган хулосага келади.

 

М.Ю. Радченконинг охирги хулосаси билан келишиб бўлмайди, чунки биринчидан, мустақил арбитраж хизматининг ташкил қилиниши корхонада таркибий бўлинмаларнинг сонини кўпайишига олиб келади; иккинчидан, у бажариши лозим бўлган вазифалар жумласига юридик хизматнинг шартномавий муносабатларнинг ҳуқуқий жиҳатдан таъминланишини ташкил этиш бўйича вазифалари тўлиғича киритилган; учинчидан, бундай бўлинманинг “арбитраж хизмати”  деб номланиши ҳам тўғри эмас, сабаби бу хизмат фақат хўжалик (арбитраж) судларида кўриладиган ишларда қатнашиш ва бунинг учун зарур бўлган ҳужжатларни тайёрлаш билан чекланиб қолмаслиги керак, қолаверса бундай номдаги хизматни ташкил қилиниши уни низоларни ҳал қилиши лозимлигини англатади.

 

Корхоналарнинг ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъи назар юридик хизмат унинг энг муҳим хизматларидан бири ҳисобланади ва усиз корхона самарали фаолият юрита олмайди – деб таъкидлайдилар С.М. Айзин ва М.Ю. Тихомиров.

 

Корхонадаги ҳуқуқий ишлар ўз ичига корхона бошқарув органлари (акциядорлар, иштирокчилар умумий йиғилиши, директорлар кенгаши, бош директор ва ҳоказо) томонидан қабул қилинадиган қарорлар, буйруқлар, фармойишлар ва бошқа ҳуқуқий хусусиятга эга бўлган ҳужжатларга виза қўйиш йўли билан ҳуқуқбузарликларни олдини олиш; битимларни режалаштиришда иштирок этиш, шартномалар (контрактлар)ни тайёрлаш ва виза қўйиш, талабнома ва даъво аризаларини тақдим этиш, суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларда вакиллик қилиш орқали корхонанинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, шунингдек локал ҳужжатларни тизимлаш бўйича ишларни бажариш ва меҳнат жамоасида ҳуқуқий тарбия  ишларида иштирок этиш функцияларини олади.

 

Юридик хизматнинг ўзига хослиги шундаки, у корхона тузилмасининг таркибий қисми ҳисобланиб, хўжалик фаолиятини юритишни, бизнесни қонуний йўлга йўналтиришни ва айнан қонун нуқтаи назаридан корхонанинг мулкий ва бошқа манфаатларини ҳимоя қилишни таъминлаши лозим.

 

К.К. Лебедевнинг таъкидлашича, тадбиркорлик соҳасида хизмат кўрсатаётган юристлар корпоратив юристлар деб номланмоқда. Иқтисодиёт соҳасида юристнинг иши – бу аввало, тижорат тузилмалари, якка тартибдаги тадбиркорлар ва тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланаётган нотижорат ташкилотларга ҳуқуқий хизмат кўрсатишдан иборатдир.

 

К.К. Лебедев ва В.А. Злобин “юрист” билан “юрисконсульт”, атамаларига тенглик аломатини қўйган ҳолда уларни бир хил маънода қўллаганлар.

 

Амалиётда ва айрим ҳолларда норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда ва юридик адабиётларда ҳам юридик хизматни –  “шартнома-ҳуқуқий бошқарма”,  ”юридик бошқарма”, ”ҳуқуқий бўлим”,  ёки юрисконсульт лавозимини - “юристконсульт”, “юристконсультант”, ”юридик маслаҳатчи”, ”етакчи назоратчи юрист”, ”юрист”,   ”юрист маслаҳатчи”, ”юридик масалалар бўйича бош мутахассис”, “ҳуқуқий маслаҳатчи”, ”ҳуқуқшунос”, “ҳуқуқий масалалар бўйича раҳбар ўринбосари (ёрдамчиси)”, айрим ҳолатларда ҳаттоки “адлия маслаҳатчиси” деб номлангани ёхуд ўзбек тилига таржима қилинганини кўришимиз мумкин.

 

Юридик хизматни ва унинг ходимлари лавозимларини  қонунчиликда ва  амалиётда бир хилда номланишини ва тушунилишини таъминлаш муҳим аҳамият касб этишини ҳисобга олиб, қуйидаги таклифларни киритиш мумкин: 1) давлат органлари, хўжалик бошқарув органлари, хўжалик юритувчи субъектлар юридик хизмати ходимлари сонини ҳисобга олган ҳолда белгиланган тартибда “юридик бош бошқарма”, ”юридик бошқарма”, ”юридик бўлим”, “юридик гуруҳ”, ”юридик бюро” деб юритилиши мақсадга мувофиқдир; 2) юридик хизмат ходимларини – тегишлича “бош юрисконсульт”, ”етакчи юрисконсульт”, ”катта юрисконсульт”, “юрисконсульт” деб номлаш тўғри бўлади деб ҳисоблаймиз.

 

4.Юридик хизмат деганда нимани тушунасиз? 

 

Юридик хизмат  деганда давлат ҳокимияти ва бошқаруви, хўжалик бошқаруви органлари, бошқа хўжалик юритувчи субъектларда (корхона, муассаса ва ташкилотларда) ҳуқуқий ишларни амалга оширилишини таъминлайдиган, ташкилий жиҳатдан мустақил бўлган таркибий бўлинма (бош юридик бошқарма, юридик бошқарма, юридик бўлим, юридик гуруҳ, юридик бюро ва ҳакозо.) ёки мутахассис (бош юрисконсульт, етакчи юрисконсульт, катта юрисконсульт  ёки юрисконсульт) тушунилади.

 

* * * * *

 

Юридик хизмат тушунчасида ҳам фаолият йўналишига, ҳам фаолиятни амалга оширувчи тузилмага – субъектга алоҳида урғу берилган. Агар улар бир-биридан ажратилса, юридик хизмат ўз моҳиятини йўқотади, бошқа тузилмалар ва фаолиятларга аралашиб кетади. Юридик хизмат ҳуқуқий майдонда  мустақил тузилма ва фаолият йўналиши сифатида мавжуд бўлиши объектив заруратга эга. Ушбу объектив зарурат қуйидагиларда намоён бўлади:

 

биринчидан, кишилик жамияти шундай босқичга етдики, бундай босқичда ҳуқуқнинг ижтимоий муносабатларни тартибга солувчи роли барқарор ва муҳим бўлиб қолди. Келгусида ҳуқуқий ва ноҳуқуқий тартибга солиш ўртасидаги нисбат доимий бўлиб, ҳуқуқий омиллар заифлашмайди. Ушбу ҳолат ҳар қандай фаолиятни ҳуқуқий майдонда ва ҳуқуқий омиллар таъсирида амалга оширилишни тақозо этади;

 

иккинчидан, ҳар бир фаолият соҳасидаги ҳуқуқий ишлар юридик малака асосида ташкил этилиши лозим. Шу сабабли ҳам муайян касб эгаси бўлган шахслар ҳуқуқий жиҳатдан қанчалик саводхон бўлмасин, барибир ихтисослашган юридик хизматга муҳтож бўлади;

 

учинчидан, ижтимоий тараққиёт жараёнлари ниҳоятда тезлашган ҳозирги даврда (бунга ахборот-телекоммуникациялар ривожи катта туртки берди) ижтимоий муносабатлар замирида ҳар бир субъектнинг манфаати, мақсади ётади. Манфаатлар ҳар доим мос келмаслиги баҳсли, мунозарали, низоли масалаларни келтириб чиқаради. Уларни бартараф этиш, юмшатиш мақсадида барча хўжалик юритувчи субъектлар юридик хизматга муҳтож бўладилар.

 

Юқоридаги омиллар ҳар бир давлат органида, ҳар бир хўжалик юритувчи субъектда юридик хизмат ҳуқуқий ишларни амалга оширилишини таъминловчи алоҳида, мустақил тузилма сифатида мавжуд бўлишини тақозо этади. Бусиз ҳуқуқий демократик давлат, фуқаролик жамияти ва бозор тизими нормал фаолият кўрсата олмайди.

 

* * * * *

 

Юридик хизматнинг жамиятни янгилаш, мамлакатни модернизациялаш ва ислоҳ қилишдаги ўзига хос ўрни ва аҳамиятини яна бир бор таъкидлаб ўтиш жоиздир. Зеро, юридик хизмати ёрдамида, биринчидан, давлат ҳокимияти ва бошқаруви, хўжалик бошқаруви органлари, шунингдек хўжалик юритувчи субъектларда ҳуқуқий ишлар сифати ва самарадорлигини ошириш ҳамда қонун устуворлигини амалда таъминлаш; иккинчидан, хўжалик юритиш ва бошқарувнинг кундалик фаолиятида ҳуқуқ нормаларидан амалда фойдаланишни яхшилаш; учинчидан, жамият ҳаётининг барча соҳаларида олиб борилаётган ислоҳотларни амалиётга татбиқ қилишни таъминловчи механизмни ишлаб чиқиш; тўртинчидан, ҳар қандай қонун бузилишлар ва жиноятларнинг (айниқса, иқтисодиёт соҳасидаги жиноятларнинг) олдини олиш; бешинчидан, мансабдор шахслар ва барча тоифадаги мутахассисларнинг ҳуқуқий маданиятини кўтариш; ва ниҳоят, хўжалик юритувчи субъектлар ва уларнинг ходимлари ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишнинг самарали тизимини шакллантириш мумкин.

 

 

Маъруф  УСМАНОВ  ёзиб олди.

 

 

Мавзу бўйича материаллар:

Юридик хизматларининг маълумотлар базасини янгилаш тартиби ўзгарди

 

Муҳрлар ва юридик хулосаларни бекор қилиш, хусусий тадбиркорлар ва ҳомийлик

 

Хусусий бизнес сабабсиз текширилмайди