Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
My3.soliq.uz орқали солиқ ҳисоботларига ўтиш усули Умумий овқатланиш корхоналари нима учун тармоқ солиқ имтиёзлари ва преференцияларини қўллай олмаяпти Иш ҳақи ва ходимга тўланиши лозим бўлган бошқа тўловларни кечиктирганлик учун иш берувчининг моддий жавобгарлиги

Замонавий тўлов воситаси - банк тўлов карталари

17.09.2015

Пластик карталарнинг юзага келиши

 

Тўлов карталари бугун ёки кеча юзага келган тўлов воситаси эмас. Биринчи тўлов карталари бир асрлик тарихга эга. Шу аср ичида уларнинг кўриниши ва улар томонидан бажарилаётган функциялар кенгайиб,  сифати ошди.

 

1888 йилда америкалик ёзувчи Эдвард Беллами “Орқага нигоҳ” (ингл. “Looking Backward”) номли китобида фантастик ғояга асосланган тўлов карталари тўғрисида, унинг қаҳрамони гипноз таъсирида 1 асрдан кўп вақтдан кейин уйкудан уйғониб, иқтисодиёт тараққий этганлиги ҳамда жамият аъзолари унда тўлов карталари асосида савдо дўконларидан маҳсулотларни харид этаётганларини ҳаёлий тарзда тасвирлаб берган.

 

Пластик карталарнинг  самарали тўлов восита деб эътироф этилиши

 

1914 йилда “Mobil Oil” (General Petroleum Corporation of California) фирмаси томонидан картон карталар жорий этилган бўлиб, унинг мақсади савдо жараёнларида нақд пулсиз ҳисоб-китобларни амалга ошириш ва пулга бўлган ички талабни қондириш бўлган.

 

1950 йилларга келиб тўлов карталари бошқа соҳаларда, жумладан овқатланиш шохобчаларида ҳам қўллана бошланди.

 

Биринчи банк тўлов карталари 1958 йилда Bank of America томонидан умумий фойдаланиш учун чикарилди,  бу эса карталарнинг пул муомаласидаги иқтисодий самарасини яққол кўрсатиб берди ҳамда уларни оммалаштирди.

 

 

Ўзбекистонга пластик карталарнинг кириб келиш асослари ва зарурати.


 

Ўзбекистон Республикасида пластик карталар Вазирлар Маҳкамасининг 1994 йил 26 майдаги « VISА" дебет ва кредит карточкаларини муомалага чиқаришни жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 268-сон қарорига мувофиқ ТИФ Миллий банки томонидан муомалага чиқарила бошланди. Даставвал ТИФ Миллий банки ва Асака банклари ўртасида ягона пластик карталар тизими яратилди.

 

1996 йилнинг охирида Банклар ассоциацияси томонидан пластик карталарнинг миллий тизими лойиҳасини жорий  этиш Австриянинг BGS Smartcard Systems AG халқаро компаниясининг DUET тўлов тизими асосида ташкил этила бошлади. BGS Smartcard Systems AG тўлов тизимларини микропроцессорли пластик карталар асосида яратиш ва жорий этиш билан шуғулланувчи халқаро компания бўлиб ҳисобланади.

 

Банк пластик карталарни республика амалиётига киритишдан мақсад нақд пул маблағларини ва банкдан ташқари пул айланмасини қисқартириш, пул муомаласини юқори савияда ташкил этиш, аҳоли ва хўжалик юритувчи субъектларнинг бўш пул маблағларини банк депозитларига жалб этиш ҳамда халқаро талабларга мос равишда банк хизматларини аҳоли, корхона ва ташкилотларга тақдим этиш ҳисобланади.

 

Маълумки, давлатнинг монетар сиёсатини юритишда ва инфляция даражасини жиловлашда Марказий банк томонидан пул муомаласини тартибда солишда юзага келадиган энг қийин муаммо – бу чакана тўлов жараёнларидаги нақд пул маблағларининг банк тизимига ёки молия секторига тўлиқ 100 фоиз даражасида кайтиб келмаслик ҳолатларидир. Натижада пул айланмасини тартибга солиш ва иқтисодиётдаги инфляцияни жиловлаш қийин кечиб, солиқдан қочиш ҳолатлари юзага келади.

 

Ўзбекистон илк мустақилликка эришгандан сўнг пул айланиш тизимида, шу билан бирга тўлов жараёнларини ташкил қилиш ва тартибга солиш соҳасида катта муаммоларга дуч келганлигини кўриш мумкин. Шу даврда Марказий банк томонидан пухта ишлаб чиқилган монетар сиёсат ва у томондан қўлланилган монетар инструментлар объектив сабабларга кўра кутилган натижани бериши кийин эди, бу биринчи навбатда, пул айланиш тизими ҳали яхши йўлга қўйилмаганлиги, жумладан, чакана ҳисоб-китоб жараёнларининг оддий усуллар асосида олиб борилиши ушбу даражадаги пул айланмаси устидан мониторинг олиб бориш  имконияти жуда паст даражада эканлигидан далолат берар эди, бу эса банкдан ташқари пул айланмасини юзага келишига ва инфляцияни юқори даражада бўлишига сабаб бўлган.

 

Пластик карталар айнан чакана савдо соҳасида ташкил қилинаётган тўлов жараёнларини замонавий тарзда, қулай ва тез амалга оширилишини таъминлаш билан бирга давлатнинг монетар сиёсати самарасини оширувчи восита ҳам десак муболаға бўлмайди. Пластик карталар ёрдамида ташкил қилинаётган пул айланмасининг ҳолатига объектив баҳо бериш мумкин ва шу билан бирга унинг келажак ҳолатини аниқ прогнозлаш ҳамда ушбу тўлов воситалари орқали макроиқтисодий жараёнларга таъсир этиш ҳолатини кузатиш мумкин.  

 

Жаҳон амалиёти шуни кўрсатмоқдаки, банкдан ташқари пул айланмасини қисқартиришда тўлов карталаридан самарали фойдаланилади ва шу орқали пул айланмасининг устидан мониторинг ўрнатишга эришилади.

 

 

Ўзбекистонда банк пластик карталари бозорининг бугунги кундаги ҳолати

 

Банк пластик карталари бозорининг ривожланиш тенденциясини таҳлил қилиш натижалари шуни кўрсатмокдаки, давлат томонидан қабул қилинган бир қатор норматив ҳужжатлар ушбу тўлов воситасининг сонини, унинг ёрдамида тўлов айланмасининг миқдори ва ҳажмини ошиши ҳамда картали тўлов тизимларининг инфратузилмасини ривожланишига замин яратиб берди. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2004 йил 24 сентябрдаги «Пластик карточкалар асосида ҳисоб-китоб қилиш тизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 445-сон қарори, Ўзбекистон Республикаси Президентининг  2006 йил 3 августдаги "Пластик карточкалар асосида нақд пулсиз ҳисоб-китоб тизимини янада ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги 433-сон қарори, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2010 йил 19 апрелдаги «Банк пластик карточкаларидан фойдаланган ҳолда ҳисоб-китоб тизимини ривожлантиришни рағбатлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги 1325-сон қарори, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2010 йил 26 ноябрдаги “2011-2015 йилларда республика молия-банк тизимини янада ислоҳ қилиш ва барқарорлигини ошириш ҳамда     юқори   халқаро  рейтинг кўрсаткичларига эришишнинг устувор йўналишлари тўғрисида”ги 1438-сон қарори ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 12 февралдаги “Банк пластик карталари асосида нақдсиз ҳисоб-китоблар ошириш тизимини янада ривожлантириш ва уйғунлаштириш, халқаро тўлов тизими стандартлари, қоидалари ва жараёнлари асосида прогрессив ютуқларни татбиқ этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 27-сон қарори республикада пластик карталар асосида нақд пулсиз ҳисоб-китоблар тизимини янада ривожлантириш бўйича босқичма-босқич чора тадбирларни амалга оширишга юридик асос бўлиб хизмат қилмокда.

 

Статистика рақамларини таҳлили шуни кўрсатмокдаки, юқорида кўрсатилган норматив ҳужжатларнинг қабул қилиниши ва ижро этилиши натижасида пластик карталар бозорида юқори даражада силжиш кузатилди. 2004 йил ҳолатига пластик карталарнинг сони 406 мингтани ташкил қилган бўлса, 2014 йил 1 январь ҳолатига келиб, 11068 мингтани  ташкил қилди, бу кўрсаткичнинг 27,3 маротаба ошганлигини кузатиш мумкин. Шунингдек, ушбу карталар асосида амалга оширилган транзакцияларнинг ҳажмини таҳлил этадиган бўлсак, 2004 йили 0,1 млрд сўмни ташкил қилган бўлса, 2014 йил 1 январь ҳолатига келиб, 16307,5 млрд сўмни ташкил қилди, бу эса  таҳлил этиш даври ичида транзакцияларнинг 163075 маротаба ошганлигидан далолат беради.

 

Картали тўлов тизимларининг инфратузилмасига келадиган бўлсак, савдо ва ҳисоб-китоб шохобчаларининг терминаллар билан таъминланганлик даражаси 2004 йил ҳолатига 2782 тани ташкил қилган бўлса, 2014 йил 1 январь ҳолатига  келиб, 129679 тани ташкил қилди, яни 46,6 маротаба ошганлигини кўриш мумкин, банкомат ва инфокиоскларнинг сони эса 2004 йил ҳолатига 151 тани ташкил қилган бўлса, 2014 йил 1 январь ҳолатига  келиб, 1733 тани ташкил қилди, яни 11,5 марта ошганлигидан далолат беради.

 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2010 йил 19 апрелдаги ПҚ-1325-сон қарорига асосан аҳоли билан пулли ҳисоб-китобларни амалга оширувчи қуйидаги чакана савдо ва хизмат кўрсатиш объектларида тўлов терминали мажбурий тарзда ўрнатилиши лозим:

 

-авиация ва темир йўл чипталарини сотиш кассалари;

 

-автовокзаллар ва автостанциялар кассалари;

 

-автомобилларга ёнилғи қуйиш шохобчалари;

 

-меҳмонхоналар;

 

-кредит ташкилотлари (микрокредит ташкилотлари, ломбардлар), суғурта ташкилотлари ва молия бозорининг бошқа субъектлари;

 

-турғун савдо шохобчалари, шу жумладан дорихоналар (эгалланган майдон ҳажмидан қатъи назар);

 

-умумий овқатланиш объектлари;

 

-аҳолидан уй-жой-коммунал хизматлари, шунингдек телефон, шу жумладан уяли телефон алоқаси хизматлари учун тўловларни қабул қилиш пунктлари;

 

-автотранспорт воситаларини вақтинчалик сақлаш жойлари;

 

-алоқа бўлимлари;

 

-маиший хизмат кўрсатиш ва маданий-оммавий ҳамда томоша тадбирларини ўтказиш объектлари;

 

-аҳоли билан пулли ҳисоб-китобларни амалга оширувчи бошқа хўжалик юритувчи субъектлар.

 

Республика Марказий банки томонидан 2012 йил 21 апрелда «Ўзкарт» банклараро чакана тўлов тизими фаолияти тўғрисида алоҳида низом ишлаб чиқилди ва бу ўз навбатида банклараро пластик карталар орқали амалга ошириладиган ҳар бир тўловни ўз вақтида ўтказилишини, хавфсизлигини таъминлашни ва мижозларга янада қулай шароит яратиб беришни таъминлади. 

 

Мижозлар эътиборга олишлари зарур бўлган ҳолатлар

 

Ўзбекистон Республикасида мижозлар учун тақдим этилаётган карталар шахсий, корпоратив ва якка тартибдаги тадбиркорларга мўлжалланган.

 

Пластик карталар билан операцияларни амалга оширишда юзага келиши мумкин бўлган муаммолар ва бошқа барча масалалар юзасидан унга хизмат кўрсатувчи банкка мурожаат қилинади, шунингдек  банк ва мижоз ўртасида юзага келадиган низолар улар ўртасида банк ҳисобварағини очиш ва юритиш бўйича имзоланган шартнома асосида ҳал этилади, башарти бу тарзда ҳал этишнинг имкони бўлмаса, у ҳолда  судга мурожаат этилиши лозим. 

 

Тижорат банкларининг пластик карталари икки хил режимда, яъни «On-line» ва «Off-line» режимларида ишлайди. «Off-line» режимида пластик карталар электрон ҳамён вазифасини бажарса, «On-line» режимида мижоз тўғридан-тўғри банкдаги ҳисобварағига кириши  ва маблағларни монеликсиз  ишлатиши учун имконият мавжуд.

 

«On-line» режимида ишлайдиган карталар истиқболли ҳисобланади, чунки “On-line» карталаридан фойдаланишда бир қатор афзалликлар мавжуд ва улар қуйидагилардан иборат:

 

карталарга пул маблағларини тушириш ва уни авторизация қилиш зарурати йўқ;

 

карталар орқали амалга оширилган молиявий операциялар реал вақт ичида маълумотлар  SMS ёрдамида олиш имкони мавжуд;

 

«Интернет банкинг», «Мобиль банкинг» ва бошқа янги турдаги хизматлардан фойдаланиш имконияти мавжуд;

 

пластик карталардаги пулларни электрон пулларга айлантириш ва электрон тижоратда пул мажбуриятлари ҳисоб-китобини амалга оширишда фойдаланиш учун имкониятни юзага келтиради.

 

 

Н.К.РИЗАЕВ,

Х.У. РАХИМОВА,

Ўзбекистон Республикаси Банк-молия академияси

 

 

 

 

Ушбу мавзу бўйича материаллар:

Банкларда депозит операциялари янги йўриқномага асосан амалга оширилади


Банкларнинг ликвидлилиги стресс тестлар орқали текширилади


Валютани Ўзбекистондан ташқарига олиб чиқиш тартиби ўзгарди