Ходим компанияга 2015 йил 4 майда қабул қилинган. Биринчи иш куни у бола туғилиши муносабати билан бир марталик бериладиган нафақа учун мурожаат қилди. Унинг хотини ишламайди, унинг меҳнат дафтарчаси йўқ. Агар бола 2015 йил 10 январда, яъни унинг отаси ҳозирги иш берувчига ишга киришидан олдин туғилган бўлса, янги ходимга бу нафақани тўлаш мумкинми?
Келинг шу вазиятни кўриб чиқайлик. Меҳнат кодексининг 287-моддасида бола туғилганда бир йўла бериладиган нафақа кўзда тутилган. Уни олувчилар рўйхати Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирининг буйруғи билан тасдиқланган, АВ томонидан 2002 йил 8 майда 1136-сон билан рўйхатга олинган Давлат ижтимоий суғуртаси бўйича нафақалар тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисида Низом билан ўрнатилган.
Бир марталик нафақани боланинг ота-онаси ёки уларни ўрнини босувчи шахслар (масалан, васийлар) иш (хизмат, ўқиш) жойидан олишлари мумкин. Нафақа тайинланади ва ота-онадан бирига ёки уни ўрнини босувчи шахсга берилади. Боланинг онаси ишламайдиган ва ўқимайдиган ҳолларда нафақа боланинг ишлайдиган ёки ишлаб чиқаришдан ажралган ҳолда ўқийдиган отаси ёки ота-она ўрнини босувчи шахсларга тўланади (Давлат ижтимоий суғуртаси бўйича нафақалар тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисида Низомнинг 81-банди).
Агар бола туғилган кундан бошлаб 6 ойдан кечиктирмай мурожаат қилинса, нафақа тўланади. Ушбу вазиятда – 2015 йил 10 июлдан кечиктирмай.
Демак, кўрсатилган вазиятда нафақани янги ходимга тўлаш зарур.
Нафақани тайинлаш ва тўлаш учун ходим иш берувчининг ижтимоий суғурта комиссиясига нафақа тайинлаш тўғрисида ариза ва ФҲДЁ бўлими томонидан берилган боланинг туғилганлик ҳақидаги маълумотномасини топшириши лозим. Берилган ҳужжатлар асосида вакиллик қилувчи комиссия аъзоси нафақа олиш ҳуқуқини белгилайди ва белгиланган миқдорда уни тайинлаш тўғрисида қарор чиқаради ва тайинлаш баённомасига ёзади. Шундан сўнг ҳужжатлар корхонанинг ҳисоб-китоб қилиш бўлимига топширилади.
Бола туғилганлиги ҳақидаги маълумотнома йўқотилган тақдирда, бирйўла тўланадиган нафақа ФҲДЁ бўлимлари томонидан берилган бола туғилганлиги ҳақидаги такрорий маълумотноманинг ҳамда отанинг иш жойидан (ўқиш жойидан) нафақа олмаганлиги ҳақидаги маълумотнома топширилганидан сўнг берилади.
Бу нафақа қонунчиликда бола туғилган кун санасида ўрнатилган энг кам ойлик иш ҳақининг икки баравари миқдорида, барча зарур ҳужжатлар тақдим этилганда 10 кундан кечиктирмай берилади.
Энг кам иш ҳақи 118 400 сўм бўлганда нафақа миқдори 236 800 сўмни ташкил этади.
Елена ЕРМОХИНА,
эксперт-юристимиз.