? Озиқ-овқат маҳсулотлари, шунингдек алкоголь ва тамаки маҳсулотлари сотиладиган интернет-дўкон очмоқчимиз. Интернет-савдони амалга оширишда нималарни инобатга олиш лозим?
Интернет-дўкон очган ҳолда сиз ахборот тизимларидан фойдаланган ҳолда тузиладиган шартномага мувофиқ амалга ошириладиган товарлар (ишлар, хизматлар) олди-сотдиси бўйича тадбиркорлик фаолиятини кўзда тутадиган электрон тижорат иштирокчисига айланасиз (“Электрон тижорат тўғрисида”ги Қонуннинг 3-моддаси). Кўзда тутилишича, юридик шахс ёки якка тартибдаги тадбиркор электрон тижоратда сотувчи бўлиши мумкин.
Электрон тижорат шаклида амалга ошириладиган улгуржи ва чакана савдо Улгуржи ва чакана савдо фаолиятини амалга ошириш тартиби тўғрисида низом1 ва Ўзбекистон Республикасида чакана савдо қоидалари2 билан тартибга солинади.
Электрон тижорат воситасида ҳар қандай товар сотилиши мумкин, бундан Электрон тижоратни амалга ошириш қоидалари3 билан тасдиқланган Рўйхатга мувофиқ айланмадан олиб қўйилган ёки айланмадаги чекланган товарлар мустасно.
Алкоголь ва тамаки маҳсулотлари ушбу рўйхатга киритилган, бинобарин, уларни интернет-дўкон орқали сотиш тақиқланади.
МУҲИМ! Электрон тижоратни амалга оширишда
қуйидагилар шарт:
товарлар учун тўловни фақат банк пластик карталаридан фойдаланган ҳолда тўловларни қабул қилиш бўйича ҳисоб-китоб терминалини қўллаш йўли билан нақдинасиз ҳисоб-китоб бўйича, шахсий кабинет ёхуд чакана тўловлар тизими орқали (онлайн-тўлов) банк пластик картасидан маблағларни ўтказиш воситасида ёки банк ҳисоб рақамидан пул маблағларини ўтказиш воситасида амалга ошириш;
шартномани оферта юборган тараф томонидан бошқа тараф юборган акцепт олинган пайтдан бошлаб тузилган деб эътироф этиш;
қуйидагилар талаб этилмайди:
рухсат этиш хусусиятига эга алоҳида ҳужжат олиниши. Бироқ, агар товарларни сотиш фақат электрон тижорат воситасида амалга оширилмаса, башарти рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатлар қонунчиликда кўзда тутилган бўлса, уларни олиш шарт. Масалан, улгуржи савдони амалга ошириш учун Улгуржи савдо фаолиятини лицензиялаш тўғрисида низомга4 мувофиқ лицензия зарур;
автотранспортда йўловчиларни ва юкларни шаҳарда, шаҳар атрофида, шаҳарлараро ва халқаро йўналишлар бўйича ташиш фаолиятини амалга ошириш учун лицензия. Электрон тижоратда сотилаётган товарларни сотувчининг ўз автотранспортида Ўзбекистон доирасида етказиб бериш учун бундай лицензия зарур эмас.
турғун савдо шохобчаси ва назорат-касса машинаси, нон ва нон-булка маҳсулотларини сотишда махсус инвентарь (санчқилар, пичоқлар, бўлиш тахталари ва ш.к.), шунингдек мева-сабзавот товарларини тахта токчаларга, жавон ва пештахталарга қўйиш;
қуйидагиларга йўл қўйилади:
иш жойларидан ташқарида тарозилардан ва бошқа ўлчов асбобларидан фойдаланиш.
Интернет-савдонинг барча ўзига хос хусусиятлари ҳақида бу ерда батафсил танишиш мумкин.
Елена ЕРМОХИНА, эксперт-юристимиз.
Мавзу бўйича материал:
Электрон тижоратни ривожлантириш чора-тадбирлари белгиланди
1 ВМнинг 2002 йил 26 ноябрдаги 407-сон қарори. 2 ВМнинг 2003 йил 13 февралдаги 75-сон қарори. 3 ВМнинг 2.06.2016 йилдаги 185-сон қарори. 4 ВМнинг 05.11.2005 йилдаги 242-сон қарори.